Ўзбекистон | 21:00 / 22.04.2018
69761
3 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёевнинг халқаро ташрифлари: сарҳисоб ва кейинги давлатлар

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ўтган йил давомида 9та давлатга, хусусан 16 марта турли даражадаги ташрифларни амалга оширди. Ўзбекистон етакчисининг илк расмий ташрифи бундан 13 ой аввал, Туркманистонга бўлганди.

Шундан сўнг, Остона ва Москвага расмий ташрифни амалга оширган Шавкат Мирзиёев 2017 йилда Хитой, Саудия Арабистони ва АҚШда ҳам бўлди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Жорий йилда Шавкат Мирзиёевнинг илк расмий ташрифи 9-10 март кунлари Тожикистон Республикасига бўлди. Орадан беш кун ўтиб, Ўзбекистон Республикаси президенти Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг ноформал маслаҳатлашув йиғилишида иштирок этиш учун Остонага учиб кетди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Озарбойжоннинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Ҳусейн Гулиевнинг хабар беришича, тахминан май ойининг иккинчи ярмида Шавкат Мирзиёевнинг Бокуга ташрифи кутилмоқда.

«Икки давлат раҳбарларини жуда яхши алоқалар боғлаб туради, улар бунгача бир нечта расмий тадбирларда учрашишган, ўзаро фикр алмашишган», дейди у.

Маълум қилинишича, Ўзбекистон вакиллари Бокуда нефть ва газ секторида, агро саноат комплекслари, қурилиш материаллари, озиқ-овқат соҳасида ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш бўйича келишувларга эришиши кутилмоқда. Шунингдек, томонлар ўзаро манфаатли бўлган Боку-Тблиси-Карс йўналишидаги темир йўл лойиҳаси бўйича ҳам фикр алмашиши режалаштирилган.

Бундан ташқари, 2017 йил 11 октябрь куни МДҲ доирасида Шавкат Мирзиёев билан учрашган Беларусь Республикаси президенти Александер Лукашенконинг Тошкентга ташрифига қизғин тайёргарлик олиб борилмоқда. У сўнгги марта Ўзбекистонга 2016 йил 6 октябрда ташриф буюрганди. Шу орада мамлакатлар ўртасида дипломатик муносабатлар ривожланиб, ҳамкорликнинг янги босқичи забт этилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

9 июнь куни Хитойда ШҲТга аъзо давлат раҳбарларининг саммити ўтказилиши эълон қилинган бўлиб, катта эҳтимол билан ушбу саммитда Шавкат Мирзёевнинг иштироки тасдиқланиши кутилмоқда.

Шавкат Мирзиёевнинг Боку ташрифидан ташқари, бир вақтнинг ўзида Ҳиндистонга расмий ташриф бўйича ҳам музокаралар олиб борилмоқда. Бу ҳақда Ҳиндистон Давлат Ташқи ишлари вазири Мубашшир Жавад Акбар Тошкентда ўтказилган халқаро анжуман давомида маълум қилганди. Ҳиндистонлик амалдорнинг таъкидлашича, ушбу учрашув жорий йилнинг куз ойларида амалга оширилиши мумкин.

Куз фаслида эса Россия Федерацияси президенти Владимир Путин Тошкентга ташриф буюриши аввалроқ тасдиқланганди. Шундай қилиб, ҳозирча энг кўп сафарлар Қозоғистон (5 марта), Туркманистон (3 марта) ва Россияга (3 марта) уюштирилган.

Мавзуга оид