Жамият | 16:02 / 23.04.2018
24887
3 дақиқада ўқилади

Хайрия натижаси: Аёлнинг жасорати ўз турмуш ўртоғини соғлом ҳаётга қайтарди

Куни кеча KUN.UZ таҳририятига хушхабар келди. Охуновлар оиласи ёдингиздами? Оила суянчи Бегали Охунов жигар саратони хасталигига чалиниб, оғир аҳволда колганди. 4 фарзандни тарбия қилаётган Дилдорахон турмуш ўртоғига донор бўлишга рози бўлганди. Бу ҳақида улар учун ташкил этган хайрия акциямизда эълон қилган эдик. Халқимизнинг ёрдами билан керакли маблағ йиғилиб, оила Ҳиндистонга мураккаб жарроҳлик амалиёти учун сафарга кетишганди

Хушхабар шуки, операция муваффақиятли ўтиб, улар юртимизга қайтиб келишди. Кўнглимиз ёришди. KUN.UZ Охуновлар хонадонида бўлди.

- Худо шифо берди. Бу касаллик билан қанча инсонлар қийналиб юрибди. Бу нарса ўз бошимдан ўтди. Икки йил ичида бошимдан ўтганини ўзим биламан, - дейди биз билан суҳбатда Бегали Охунов. – Ота-онамнинг ёшлари улуғ, уларга дардимни айтолмасдим. Билса, мана шу аёлим биларди. Худога шукр, дардлар анча ортда қолди. Дардимга шифо топиш мақсадида тинмай дуода бўлдик, аёлим Аллоҳга таваккал шу ишга қўл урайлик, сизга ўзим донор бўламан деди. Мана шу қарорнинг ўзи катта жасорат. Операцияларни бошимиздан ўтказдик. Мана, у ҳам, мен ҳам соғломмиз. 

Маълум бўлишича, шифокорлар Бегали Охуновга тўла тузалиб, жигар жипслашиб кетгунча, турли тавсиялар беришган. У 6 ойгача бўлган вақт ичида оғир иш қилмаслиги, доимий парваришда бўлиши керак. Шундан сўнг қайта текширувдан ўтади. 

- Одамлар бизга кўп яхшилик қилди. Биз ҳам уларнинг бу яхшиликларига жавоб қайтаришни ният қилганмиз. Аллоҳ ниятимизга етказсин, - дейди хайрияда қатнашганлардан миннатдор Бегали Охунов.

Марра деярли босиб ўтилди. Кўнгиллар хотиржам. Оилапарварлик учун намуна бўладиган жуфтлик. Бу жуфтлик ҳаётнинг пасту баланди, оғиру енгили, қувончу аламларини бирга кўришди. Аввало, Яратган бу оилага покиза муҳаббат, чиройли сабр ато этган. Сўраганлари бор экан, дуолар қабул бўлган. Кўнглимиздан ўтгани мана шундай аҳил ва мустаҳкам оилалар кўпайсин! Беморликлар ҳамманинг бошидан арисин! KUN.UZ хайрия қилганларга катта раҳмат айтади!

Мавзуга оид