Спорт | 18:20 / 23.04.2018
24039
2 дақиқада ўқилади

«Насаф»нинг молиявий аҳволи танг экани айтилди

Фото: Насаф клуби

Ўзбекистоннинг машҳур жамоаларидан бири, Қаршининг «Насаф» клуби ҳақида хавотирли мақола эълон қилинди.

«Насаф» футбол мактабининг 2002 йилда туғилган тарбияланувчилари ота-оналар кенгаши раиси Норқобилов Бахтиёрнинг мурожаати Sports.uz нашрида чоп этилди. Унда Қаршидаги футбол академияси иш фаолияти тўхтатилгани, ёш футболчилар турар жойи ёпилгани ва озиқ-овқат билан таъминлаш тўхтатиб қўйилгани, тарбияланувчилар эса стадион ҳудудидаги футбол майдонларига уйларидан қатнаб машғулот ўтказаётганликлари айтилган. 

«2017 йилги мавсумда ЎФА томонидан мамлакатнинг энг яхши академияси деб топилган «Насаф» футбол мактаби бугун мана шундай қаровсиз аҳволда турса… Ўзбек футболи довруғига ҳисса қўшган Одилжон Ҳамробеков, Азизжон Ғаниев, Шароф Муҳитдинов, Бобир Абдиҳолиқов, Ислом Рашидхонов, Дониёр Нарзуллаев ва яна бошқа бир қатор истеъдодларни етказиб берган академиянинг бугунги аҳволига шунчаки кўз юмиб бўлмайди.

Шу вақтга қадар академияни клуб ўз бюджетидан молиялаштириб келган, аммо яқин вақт ичида «Насаф»нинг аҳволи ҳам танг аҳволга келиб қолди. Клубнинг ўринбосарлари ҳам умуман таъминотдан узилиб қолган, улар истиқомат қилаётган базанинг фаолияти ҳам тўхтатилган. Ёшлар лигасида ўйнайдиган футболчилар ҳам академия тарбияланувчилари каби уйдан ўйинларга қатнашмоқда, Қолаверса Суперлига 8-турида «Насаф» сафарда ОКМК клубига қарши ўйнайди. Ушбу ўйиндан бир кун аввал ўтказилиши режалаштирилган Ёшлар лигаси баҳсида «Насаф» ёшлари клубдаги инқироз сабаб бора олмасликлари эҳтимоли катта. 

Ҳаттоки, клубнинг иккинчи автобусга ёқилғи тўлдиришга ҳам қурби етмай қолганига нима дейсиз? Клубнинг асосий таркиби эса ўйинларга қарз эвазига бораётгани ҳам кишини ҳавотирга солмоқда. Бундан кўриниб турибдики, бош ҳомий ҳам Қашқадарёнинг Суперлигадаги ягона ва бош жамоасини молиялаштирмай қўйган» - дейилади мақолада.

Мавзуга оид