Жамият | 08:02 / 25.04.2018
119848
4 дақиқада ўқилади

Алимент тўлаш ва ундириш тартиби ҳақида нималарни биласиз?

Фото: Иллюстратив сурат

Алимент олиш ҳуқуқига эга бўлган шахс, алимент талаб қилиш ҳуқуқи вужудга келганидан сўнг қанча муддат ўтганидан қатъи назар, хоҳлаган вақтда алимент ундириш талаби билан судга мурожаат қилиши мумкин, деб ёзмоқда “Инсон ва қонун” нашри.

Мазкур шахс, низо бўлмаган тақдирда, вояга етмаган болалар учун алимент ундириш тўғрисидаги ариза билан судга мурожаат этишга ҳақли.

Судга мурожаат қилиш тартиби қуйидагича:

Энг аввало, ундирувчи, суд буйруғи чиқариш тўғрисидаги аризани ёзиши керак. Унда қуйидаги маълумотлар кўрсатилиши шарт:

1) ариза берилаётган суд номи;
2) ундирувчининг номи (фамилияси, исми ва отасининг исми) ҳамда унинг яшаш жойи;
3) қарздорнинг номи (фамилияси, исми ва отасининг исми) ҳамда унинг яшаш жойи;
4) ундирувчининг талаби ва талабга асос бўлган ҳолатлар;
5) арз қилинган талабни тасдиқловчи, илова этилаётган ҳужжатлар рўйхати.

Алимент судга мурожаат этилган пайтдан бошлаб ундирилади.

Агар таъминот учун маблағ олиш чоралари судга мурожаат қилингунга қадар кўрилганлиги, аммо алимент тўлаши шарт бўлган шахснинг уни тўлашдан бош тортганлиги оқибатида алимент олинмаганлиги суд томонидан аниқланса, ўтган давр учун алимент судга мурожаат этилган пайтдан бошлаб уч йиллик муддат доирасида ундириб олиниши мумкин.

Алимент тўлаши шарт бўлган шахснинг иш жойидаги иш берувчи ёки пенсия, нафақа, стипендия олаётган жойидаги ташкилот маъмурияти алимент тўлаш тўғрисидаги нотариал тартибда тасдиқланган келишувга ёки ижро варақасига асосан алимент тўлаши шарт бўлган шахснинг иш ҳақидан ва (ёки) бошқа даромадидан ҳар ойда алимент ушлаб қолиб, алимент тўлаши шарт бўлган шахсга иш ҳақи тўланган ва (ёки) бошқа даромадлар олинган кундан бошлаб, уч кундан кечиктирмай алимент олувчи шахсга алимент тўлаши ёки алимент тўлаши шарт бўлган шахснинг ҳисобидан унга ўтказиши шарт.

Алимент қарзининг миқдори давлат ижрочиси томонидан суднинг ҳал қилув қарори ёки алимент тўлаш тўғрисидаги нотариал тартибда тасдиқланган келишувда белгиланган алимент миқдоридан келиб чиққан ҳолда аниқланади.
Оила кодексига кўра вояга етмаган болаларга тўланадиган алимент қарзининг миқдори алимент тўлаши шарт бўлган шахснинг иш ҳақи ва (ёки) бошқа даромади миқдоридан келиб чиққан ҳолда алимент ундирилмаган вақт учун ҳисоблаб чиқилади.

Агар алимент тўлаши шарт бўлган шахс шу даврда ишламаган бўлса ёки унинг иш ҳақи ва (ёки) даромадини тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим қилинмаган бўлса, алимент қарзи ундирилаётган вақтда алимент Ўзбекистон Республикасидаги ўртача ойлик иш ҳақи миқдори бўйича ҳисоблаб чиқилади.
Алимент тўлаши шарт бўлган шахс доимий яшаш учун ёки уч ойдан ортиқ муддатга чет давлатга кетаётганида қонунга мувофиқ ўзи таъминот бериши лозим бўлган алимент олувчилар билан алимент тўлаш тўғрисида келишув тузиши шарт.

Алимент тўлаш тўғрисида келишувга эришилмаган тақдирда манфаатдор шахс алимент миқдорининг пул билан тўланадиган қатъий суммада белгиланиши ва алиментни бир йўла тўлаш тўғрисида ёки алимент эвазига муайян мол-мулкни бериш ёхуд алиментни бошқа усулда тўлаш тўғрисидаги талаб билан судга мурожаат қилишга ҳақли.

Вояга етмаган болалар таъминоти учун алиментлар олдиндан тўланган ёки алимент тўлаш мажбуриятини таъминлаш учун гаров шартномаси тузилган бўлса, шахс алимент тўлаш тўғрисида келишув тузиш мажбуриятидан озод этилади.
 

Мавзуга оид