Жамият | 10:43 / 25.04.2018
48073
5 дақиқада ўқилади

Самарқандда қишлоқлар аҳолиси шошқин дарёни кечиб қабристонга ўтишга мажбур

Самарқанд вилояти Оқдарё туманидаги Оқсулот, Сарка, Қоратери ва Хайрибува қишлоқлари аҳолисидан тушган мурожаатни ўрганиш учун Kun.uz сайёр гуруҳи ушбу туманга борди. Қишлоқлар аҳолиси мисли кўрилмаган, бироқ узоқ йиллардан буён ўзларини қийнаб келаётган муаммо юзасидан мурожаат қилмоқда. Ушбу қишлоқлар туманнинг Зарафшон дарёси соҳилларида жойлашган бўлиб, дарёнинг нариги қирғоғи Паст Дарғом туманига тегишли. Бу қишлоқларда салкам 850га яқин хўжалик, 10 мингдан ортиқ фуқаро истиқомат қилиб келади.

“Айни пайтда Оқсулотда 120, Саркада 130, Қоратерида 500, Хайрибувада 78 хўжалик жойлашган. Ушбу қишлоқларда истиқомат қилувчи аҳолининг умумий сони 10 мингдан ошади”, - дейди «Истиқлол» МФЙ раиси Музаффар Усмонов.

Қишлоқ оқсоқолларидан бири Абдумажид акага юзланамиз. “Қишлоқ аҳолисидан вафот этганлар сўнгги манзилга кузатиладиган қабристон Паст Дарғом тумани ҳудудидаги тепаликларда жойлашган. Қишлоқда бирор киши вафот этса, уни жамоат кўтариб, дарёдан ўтказиб, қўшни туман ҳудудидаги қабристонга элтишади. Албатта, ўлим пайт пойламайди. Бу кўргулик қишнинг қаҳратонида ҳам, дарёда сув кўпайган баҳорда ҳам рўй бериши мумкин”, - дея масала моҳиятига ойдинлик киритишга уринади Абдумажид ака.

Бу ўткинчи дунёга келган инсон борки, абадий қолмаган. Ўлим билан юзма-юз келган. Вафот этган кишини ҳурмат-эҳтиром билан муносиб жойга дафн қилиш барча авлодлар учун қадриятдир. Шу боисдан, қишлоқлар аҳли бу дунёни тарк қилган яқинларининг васиятларини адо этиш мақсадида дарёнинг нариги қирғоғида турган қабристонга маййитни олиб бориш учун машинада 60 км.га яқин йўл босиши керак бўлади.

«Қабристон учун қишлоқнинг ўзидан нега ер ажратишни сўрамадингиз? Келгунча, бир неча кичик қабристонларга кўзимиз тушди» деб савол берамиз. Улар ушбу ҳудудда сизот сувлари яқинлиги, тупроғи қумоқ бўлгани сабабли лаҳад кавлаб бўлмаслиги, маййитни тўғри ўрага қўйиш кераклиги, қумоқ тупроқли қабрни ҳайвонлар осонгина кавлаб ташлашини таъкидлашди. Ҳамсуҳбатларимизнинг айтишларича, қишлоқда бундай даҳшатли воқеалар бир неча бор рўй берган.

Қишлоқлар аҳолиси давлат томонидан Зарафшон дарёси узра кичикроқ бўлса-да, кўприк қуриб берилишини исташади. Агар шундай кўприк қуриладиган бўлса, Паст Дарғом туман маркази Жума шаҳридан Оқдарё туман маркази Лойиш шаҳарчасигача бўлган 44 км.лик масофа ҳам 22,5 км.гача қисқарган бўлар эди. Бир пайтлар ушбу жойда кўприк қурилиши лойиҳалаштирилган. Бироқ маблағ етишмаслиги туфайли ишлар лойиҳалигича қолиб кетган.

Айни пайтда дарёда қайиқлардан ясалган қўлбола паром фаолият кўрсатмоқда. Улар маълум ҳақ эвазига одамларни у соҳилдан бу соҳилга ёки аксинча ўтказиб қўяди. Қайиқлар тешик. Қайиққа чиқиб, дарёнинг у томонига ўтарканмиз, ҳамроҳларимиздан бири тешик қайиқни тўлдираётган сувни челаклаб дарёга тўка бошлади. Биз ҳам қишлоқ кексалари Мустафо бобо Ражабов, Ислом ота Қаршиев, Тўлқин Назаров, Абдуғани Турсунов билан дарёдан ўтиб, қабристонга бордик. Қабристон жуда ҳам қадимги экани шундоқ кўриниб турар эди. Чунки, жуда эски, чўкиб кетган қабрларга кўп кўзимиз тушди. 

Шу ўринда Самарқанд вилояти, айниқса Паст Дарғом тумани ҳокимлиги эътиборини Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 15 февралда қабул қилган 120-сон қарорига қаратамиз. Унда жумладан, “жойларда қабристонларни ободонлаштириш ва сақлаш борасида қуйидаги бир қатор камчиликлар кузатилмоқда:

баъзи маҳаллий ҳокимликлар ва мутасадди ташкилотларнинг лоқайдлиги ва эътиборсизлиги натижасида кўплаб қабристонлар ночор ва ташландиқ аҳволга келиб қолган;
айрим қабристонлар ҳудудларида қуруқ ўт, барг, шох-шаббалар ёқиш, қишлоқ хўжалиги экинлари ўстириш, уй ҳайвонларини боқиш ҳолатлари кузатилмоқда.

Республикада мавжуд қабристонларни сақлаш ва ободонлаштириш ишларининг аҳволи қониқарсиз деб ҳисоблансин”, - дейилади. 

Биз ушбу қабристонга ташрифимиз чоғида чорва ҳайвонлари боқилаётганига ўз кўзимиз билан гувоҳ бўлдик. Ҳатто, чорва эгалари шунчалик бемалол эдики, пинагини ҳам бузишмади, қўйларни ҳайдаб кетиш бўйича маҳалла раисининг сўзларини эътиборга олишмади.

Мавзуга оид