Жамият | 17:56 / 26.04.2018
9883
2 дақиқада ўқилади

Ногиронлиги бўлган болалар Ўзбекистон бўйлаб саёҳатда (фото)

Фарғона вилояти туризмни ривожлантириш ҳудудий бошқармаси ташаббуси билан вилоят ҳокимлиги ва Қўқон шаҳар ҳокимияти, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқининг Фарғона вилоят кенгаши ва «Ал-Фергани Тур» турфирмасининг ёрдамида 2018 йилнинг 20 апрель куни «Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!» дастури доирасида Қувасой шаҳар 90-сонли қулоғи заиф болалар учун ихтисослаштирилган мактаб-интернат ўқувчилари учун саёҳат уюштирилди. Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот хизмати шу ҳақида хабар бермоқда.

Ногиронлиги бўлган 13 нафар иқтидорли ва қобилиятли бола Ўзбекистоннинг «Ипак пойтахти»га ташриф буюриб, машҳур ёдгорлик фабрикасини ўрганишди. Хорижлик сайёҳларнинг оммабоп туристик масканида болалар тикув санъатини кўриб чиқиш имконига эга бўлишди.

Риштонда миллий руҳ ва анъанавий ҳунармандчилик намуналари билан бойитилган Тоҳир Ҳайдаровнинг кулолчилик уй-музейи ёш авлодни ҳайратда қолдирди. Машҳур кулол меҳмонларни самимий кутиб олди ва кулолчилик тарихининг ёрқин намуналарини батафсил тасвирлаб берди, бу, албатта, кичик сайёҳлар учун фойдали бўлди.

Шунингдек, болалар учун имо-ишора таржимаси орқали Қўқоннинг тарихий меросини билиб олиш имкони пайдо бўлди. Шаҳар дурдонаси – Худоёрхон саройининг ўтган асрга тааллуқли хоналари дизайни, баланд шифтдаги бой нақшли безаклари ва қадимги қандиллар болаларда катта таассурот қолдирди.

Ички туризмни ривожлантириш йўлидаги бундай кичик қадам ногиронлиги бўлган болалар учун ниҳоятда бахтиёрлик, ёрқин туйғулар ва таассуротларни тақдим этди.

Мавзуга оид