Ўзбекистон | 00:04 / 27.04.2018
39181
5 дақиқада ўқилади

Қуръонни ўқиш ўргатилиши айтилган курсларда араб тили ўргатилмоқда

Қуръони Каримни тажвид билан ўқишни ўргатиши айтилган “Араб тили курслари”да араб тили ўргатилмоқда. KUN.UZ мухбири Халқаро Пресс-клубнинг навбатдаги сессиясида айни масалага ойдинлик киритишни сўраб, спикерларга мурожаат қилди.

Фото: Халқаро пресс клуб

Мазкур савол бўйича Халқаро Ислом академияси ректори, академик Неъматилла Иброҳимов ўз фикрлари билан ўртоқлашди. 

“Қуръон ўқимаган одамда, ҳатто араб тилида талаффузи яхши бўлмайди. Наҳв-сарф, яъни грамматика қоидалари ҳам айнан Қуръонни нотўғри ўқиб қўймаслик учун тузилган. Қуръони Каримга белгилар қўйилиши Халифа Усмон розиаллоҳу анҳу даврларида, Мусҳаф ҳолларига келтирилганидан кейин, у кишининг топшириқлари билан, саҳоба (ўша даврнинг филолог олими дейиш мумкин) Зайд бин Валид томонидан қўйиб чиқилган. Бу нарса шу вақтгача ўзгарганмас. Энди, ўша оғир, ўтган асрнинг 80-йилларида, “идеология”нинг жуда даҳшатли одамлар турганида ҳам биз Қуръонни ўқитганмиз. Чунки, бунинг ҳеч иложи йўқ. Қуръонни ўқитмасдан, араб тилини ўрганишни иложи йўқ. 

Аммо сўнгги вақтларда Қуръон ўқитишни нотўғри талқин қилиш ҳоллари ҳам бўлмоқда. Масалан, Ислом университети номи, лекин араб тили ўқитиш минимум даражага туширилган. Баъзи гуруҳларга 2 пара, баъзиларига битта қўйилган. Мана, бир аёл домла араб тили дарсида Қуръондан мисол келтир, дегани учун ишдан ҳайдашибди. Бу нима деган гап? Ўйлайманки, ҳозирда Қуръон курсларини очишга ҳеч қандай монеълик бўлмаса керак”, - деди Неъматилла Иброҳимов. 

Фото: Халқаро пресс клуб

Айни масалага Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси ўринбосари Нуримон Абул Ҳасан ойдинлик киритишга уринди.

“Қўшимча қилиб шуни айтмоқчиманки, Қуръон курслари очилиши бўйича хабарлар тарқалиб кетганди. Лекин бу хабарлар, фақат Диний идорага боғлиқ хабарлар бўлган бўлиши мумкин. Энди бу хабарларни янада мустакамлаш учун Ўзбекистон президенти томонидан айни муҳокама қилинаётган фармон ичида чора-тадбирлар дастури бор. Унда Ўзбекистон Мусулмонлар идораси таълим муассасаларида Қуръони Карим курслари ташкил этилсин, деган жойи бор. Бу ташкил этилади. 

Савол бошқачароқ қўйилиши керак эди, менимча. Нимага араб тили ўргатилаяпти? Араб тили ўргатилмаса, Қуръонни қайси тилда ўрганади? Қайси тилда ўқийди? Араб тилини ўрганиш керак аввал. Чунки, ўша араб ҳарфларида ёзилган. Бошқа ҳарфлар билан биз Қуръонни ўқий олмаймиз? Буни танқид қилиш ножоиз”, - деди Нуримон Абул Ҳасан. 
 

Фото: Халқаро пресс клуб

Шу ўринда, Нуримон Абул Ҳасан билдирган фикрларга муносабатимни изҳор қилмоқчиман. Қуръонни ўқишни ўрганиш учун менимча, араб тилини эмас, унинг ҳарфларини яхши билиш ҳамда тажвид қоидаларини ўзлаштириш кифоя. Оддий, ёши 40-50 ёки 60га борган киши Қуръон ўқишни уни арабчадан таржима қилиб, тушуниб ўқий деб ўрганмайди, назаримда. Қолаверса, 7 ё 8 ёшида қори бўлибди, деб ҳавас қиламиз, гоҳида. Нима уларга араб тили ўргатилганми, даставвал? Унга араб алифбоси ва Қуръон қандай ўқилиши ўргатилган холос. Ёши ўтган кишиларга эса, вақтларини тежаш мақсадида араб алифбоси ва тажвид ўргатиб қўйилса, кифоя қилган бўлар эди. 

Эслатиб ўтамиз, 2017 йилнинг 25 ноябрида Ўзбекистон Мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов томонидан республикадаги диний таълим муассасалари ҳузурида “Қуръон курслари”ни ташкил этиш бўйича қарори имзолаган эди. Унда белгиланган тўлов эвазига бир неча ой давомида Қуръонни ўқишни ўргатиш қайд этилган эди. Кейинчалик, бу курслар низоми ишлаб чиқилиб, унинг номи ҳам “Араб тили курслари”га ўзгарди. 

Ўша вақтда мутасаддилар “Араб тили курслари” дейилаяпти, аммо унда Қуръонни ўқиш ўргатилади, деб таъкидлашганди. Бироқ KUN.UZ’га қилинаётган мурожаатларда бу курсларда араб тили ўргатилаётгани, сўзлар ёдлатилаётгани айтилмоқда. 

Мавзуга оид