Жамият | 01:14 / 28.04.2018
128684
5 дақиқада ўқилади

3 опа-сингил ўлими билан боғлиқ қўшимча тафсилотлар берилди

KUN.UZ сайти орқали Тошкент шаҳрининг Олмазор туманидаги бир оиланинг уч қизи бирин-кетин ҳалок бўлганлиги ҳақида қисқа хабар берилган эди.

Марҳума қизларнинг ота-онаси KUN.UZ таҳририятига мурожаат қилиб тайинланган экспертизалар тўлиқ, қонунан ўтказилиши ва суд адолат ўрнатиб, ишнинг холис кўрилиши жараёнларини тўлиқ ёритиб беришимизни илтимос қилишди.

KUN.UZ мухбирининг хабар беришича, жабрланувчиларнинг қизлари — 2010 йилда туғилган Муниса Қосимова, 2011 йилда туғилган Мухлиса Қосимова ва 2013 йилда туғилган Моҳира Қосимова 7 ноябрь куни ота-онаси билан бирга овқатлангандан сўнг, 8 ноябрь куни тунги соат 03:30 лар атрофида кўнгиллари айниб, қайт қилишни бошлашган.

Кўнгил айниши ва қайт қилиш эрталабги соат 10 ларга қадар давом этган. Қизлар соат 10 лар атрофида 21-сонли оилавий поликлиникага олиб келинган. Судланувчи шифокор Гулчеҳра Адилова беморларни белгиланган тартибда — мутахассисларни жалб қилмай, тўлиқ текширмай, масъулиятсизларча «ошқозон-ичак тракти функцияси бузилиши», деган оддий тахмин билан уларга «Смекта», «Церукал», «Имудон» ва «Креон» дори маҳсулотларини истеъмол қилишларини ва уй шароитида даволанишларини тавсия қилиб, қизларни қайтариб юборган.

Бироқ бунинг оқибатида вояга етмаган қизларнинг қон томирларига «Эналаприл» гипотензив моддасининг интенсив сўрилиш жараёни давом этиб, ушбу модда тўпланиши (концентрация) максимал даражага етганлиги ва натижада уларнинг соғлиғи кескин ёмонлашиб, тана ҳарорати пасайиши, қўл-оёқларнинг увишиши, тери рангларининг оқариши, лаб соҳаларининг кўкариши, қайт қилиш даражаси кучайиши, қон аралаш қайт қилиш ҳолати вужудга келганлиги, мия фаолиятида ўзгаришлар пайдо бўлгач, бемор қизлар ота-онаси томонидан 2017 йил 8 ноябрь куни кеч соат 21:50ларда  ўта оғир ҳолатда Республика Илмий амалий педиатрия илмий текшириш марказига олиб келинган.

У ерда иккинчи судланувчи шифокор Нодир Тўлаганов Моҳирани марказнинг жонлантириш бўлимига жўнатган. Лекин Моҳира жонлантириш бўлимида вафот этган. Муниса ва Мухлисаларнинг ҳаёти ҳам хавф остида бўлишига, юраги тез уриши ва уларнинг ҳарорати юқори бўлишига қарамай, уларнинг мушаклари орасига «Дексаметазон-4» препаратидан 1,0 мл миқдорда инъекция юбориш билан чегараланган.

Шунингдек, судланувчи шифокор Тўлаганов ўз касбига нисбатан бепарволик билан муносабатда бўлиши туфайли қизларнинг гемодинамик кўрсаткичларини ўлчамасдан, аҳволини тўғри баҳоламасдан ва инфекционист, токсиколог, реаниматолог ҳамда бошқа тор мутахассисларни чақириб, улар ёрдамида қизларни объектив кўрикдан ва тиббий диагностикани ўтказиш, шу йўл билан тўғри ташхис қўйиш чораларини кўрмаган.

Ўзининг шахсий тусмоли ва тахминларига кўра Қосимова Муниса ва Мухлисаларга илмий ва амалий жиҳатдан асослантирилмаган «озиқ-овқатдан заҳарланиш», деган нотўғри тиббий ташхис қўйиб, Ўзбекистон Республикаси «Фуқароларнинг соғлигини сақлаш тўғрисида»ги Қонунининг 30-моддаси ва амалдаги бошқа тиббий стандартлар талабларини қўпол равишда бузиб, қизларнинг ҳаёти хавф остида эканлигини, улар шошилинч, малакали тиббий ёрдамга муҳтож ҳолатда эканлигини англаган ҳолда, уларни Республика Илмий амалий педиатрия илмий тиббиёт марказининг жонлантириш бўлимига госпитализация қилиб, реаниматолог ва бошқа тор мутахассислар кўригини ташкиллаштириш, объектив ташхис қўйиш ва зудлик билан уларнинг ҳаётини сақлаб қолишга қаратилган шошилинч тиббий муолажаларни кўрсатиш чораларини кўриш ўрнига, аксинча, бу бемор қизларни тез тиббий ёрдам ходимлари орқали Учтепа туманида жойлашган ЭМЮКИТИ (Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар) клиникасига юборган.

Нотўғри тиббий ташхис қўйилганлиги, қизларнинг ҳаётини сақлаб қолиш учун етарли бўлган вақт бой берилиб, улар ЭМЮКИТИ клиникасига ўта оғир ҳолатда олиб келинганлиги натижасида, мазкур тиббиёт муассасасида кўрсатилган, шу жумладан, кечиктириб бўлмайдиган реанимацион муолажалар ва тадбирларга қарамасдан, 2017 йил 9 ноябрь куни соат 01:20да Қосимова Муниса, 03:30 да Қосимова Мухлиса ЭМЮКИТИ клиникасининг жонлантириш бўлимида вафот этишган.

Ҳозирда мазкур жиноят иши жиноят ишлари бўйича Олмазор туман суди томонидан кўрилмоқда, экспертиза тайинлови амалга оширилган. Воқеалар ривожи ҳақида KUN.UZ сайтида хабар бериб борилади.

Мавзуга оид