Ўзбекистон | 23:35 / 29.04.2018
100958
4 дақиқада ўқилади

Юракларни титратган ҳофизи Қуръон билан KUN.UZ’дан махсус видеоинтервью

Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Ўзбекистонда ўтказилган Қуръон мусобақасида мамлакатнинг турли чеккаларидан қори ва қориялар иштирок этишди. Улар ёшларига қараб ҳифз ва тиловат йўналиши бўйича самимий кураш олиб боришди. 24 апрель куни Тошкентда ўтган Республика босқичида олий ўринга қорақалпоғистонлик Йўлдошбек қори Нуриддинов сазовор бўлди. KUN.UZ таҳририяти мазкур қори йигит билан видеосуҳбат уюштирди.

Мусобақанинг қувонарли ва оғриқли ҳолатлари

- Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм. Бу йил Ўзбекистонда ўтказилган Қуръон мусобақаси ҳаммани   жуда қувонтирди, деб ўйлайман. Мусобақани кузатиб борар эканман, бемалол олий даражада ўтди, дея оламан. Мусобақа ўтказилишидан кўзланган асосий ютуқ шу бўлдики, юртимизнинг узоқ чеккаларида яшайдиган, биз билмаган қорилар мазкур беллашувда иштирок этишди. 

Таъкидлаш зарурки, илгари Қуръон мусобақалари фақат Ислом билим юрти талабалари ўртасида ўтказилар эди. Шуни алоҳида таъкидлашни истардимки, Ислом билим юртида таҳсил олаётган қорилардан ҳам кучли қорилар юртимизнинг турли чеккаларида бор экан. Буни мусобақанинг ўзи кўрсатиб қўйди. Аммо ,афсуски, мамлакатимизнинг баъзи бир ҳудудларида қорилар сони етарли эмаслиги ҳам мусобақа давомида аён бўлди. Ҳатто баъзи вилоятлардан бир йўналишда бир нафар иштирокчи топилган пайтлари ҳам бўлди. 

Аллоҳнинг каломи билан илк танишув 

- Аввалоси, дадамнинг ўзларидан икки ярим пора таълим олганман. Хонадонимизда қадим-қадимдан Қуръон тиловат қилинган. Мустабид тузум даврларида, ундан кейин ҳам боболаримиз, қори дадам томонидан яширинча йўл билан бўлса-да, Аллоҳнинг каломи тиловат қилиб келинган. Биринчи устозим дадам - Иброҳим домла деб ҳисоблайман, чунки айнан шу киши мени биринчи бор Қуръонга қизиқтирганлар. 

Буни турли усулларда олиб борганлар. Қуръонга бўлган илк муҳаббатни аввал насиҳат йўли билан сингдирдилар, мактабга чиққанимдан сўнг Каломуллоҳдан таълим ола бошлаганман. Шундан сўнг, Қорақалпоғистоннинг Беруний туманида Неъматуллоҳ қоридан таҳсил олганман. У киши ҳаётлар, Аллоҳ умрларини зиёда қилсин. У зот айни дамда Хоразмдаги Имом Фахриддин ар-Розий мадрасасида Қуръондан таълим берадилар. Шу кишидан уч йил мобайнида Қуръонни ёд олганман. 

2007 йил илк бор 30 порада хатмга ўтган эдим. Ёшим ўшанда 12 ёшда бўлган. Ўрта мактабни битириб, ўрта-махсус билим юртига ўқишга кирганман. Бу Нукус шаҳрида жойлашган Муҳаммад ал Беруний ислом билим юрти. 2010-2014 йиллар давомида ўша ерда таълим олганман. 2015 йилдан ҳозирга қадар Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом институти талабасиман.

Аёлларнинг жамиятда ўрни бениҳоя...

Мусобақада қориялар ҳам иштирок этиб, турли ўринларни эгаллашди. Аммо юқорида айтганимдек, айрим ҳолларда баъзи ҳудудларда уларнинг етишмаслиги кишини ачинтиради. Мен жамиятда хотин-қизларнинг ўрнини бениҳоя, деб биламан. Айниқса, исломий оилаларда: фарзанд тарбиясида бўлсин, хонадон файзини сақлашда бўлсин, уларнинг ўз ўрни бор. Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳадисларида “Барчангиз раҳбарсиз, барчангиз қўл остингиздагиларга масъулсиз”, дейилган. Жумладан, мазкур ҳадиснинг ичида аёл киши ҳам раҳбар сифатида талқин этилган.

Йўлдошбек қори Нуриддинов билан бўлиб ўтган файзли суҳбат давомида турли мавзулар, долзарб масалаларга ҳам тўхтаб ўтилди. Фикрлар ўртага ташланди ва самимий мулоҳазалар юритилди.

Tas-IX

YouTube

Мавзуга оид