Ўзбекистон | 23:34 / 01.05.2018
54822
2 дақиқада ўқилади

Бобомурод Абдуллаев иши: янги экспертиза хулосаси маълум бўлди

Фото:Facebook/Bobomurod Abdulla

30 апрел куни Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 159-моддасида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбланаётган судланувчилар Б. Абдуллаев, Ҳ. Насриддинов, Ш. Оллоёров ва Р. Салаевларга нисбатан жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича очиқ суднинг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.

Kun.uz мухбирининг хабар беришича, судья Зафар Нурматов томонидан тайинланган қайта ўтказилган суд экспертиза хулосаси очиқ суд мажлисида барчага ўқиб эшиттирилди. Унга кўра, давлат суд-эксперти Питиримова мақолалар "Ўзбекистон халқ ҳаракати" раҳбари Муҳаммад Солиҳ билан ҳаммуаллифликда ёзилгани, аммо қайси матн кимга тегишли эканини айта олмаслигини таъкидлади. Шунингдек, экспертиза хулосасида қуролли ғалаёнлар, адоват ва урушни келтириб чиқаришга қаратилган чақириқлар кимнинг қаламига мансуб экани аниқлаштирилмаган.

Судланувчи Бобомурод Абдуллаев эса бир неча суд мажлисидан буён 7-8та мақола унинг тахаллуси билан ёзилганига қарамай, унинг ижоди эмаслигини таъкидлаётганини яна бир марта айтди. Экспертиза хулосасига кўра, судланувчи Ҳаётхон Насриддиновнинг мақолаларга алоқаси йўқ. У мақолалардан бирортасига ҳам муаллиф бўлмагани билдирилди.

Шундай қилиб, судья Зафар Нурматов мазкур иш бўйича олиб борилаётган суд мажлисида суд-тергов фаолияти ўз якунига етганини билдирди. Эндиликда музокара учун томонларга навбат берилиши кутилмоқда. Ўзаро келишувга кўра, давлат айбловчиси биринчи бошлаши айтилди. Суд мажлиси давом этмоқда.

Мавзуга оид