Жаҳон | 08:08 / 01.05.2018
3952
1 дақиқада ўқилади

Кенияда тошқинлар оқибатида 70 дан кўпроқ киши ҳалок бўлди

Фото: AP Photo / Andrew Kasuku

Кенияда бир ой аввал бошланиб, узоқ давом этган кучли ёмғирлар туфайли 70 дан кўпроқ одам ҳалок бўлди ва 40 мингга яқин оила ҳамон ўз уйларига қайта олмаяпти. Бу ҳақда Қизил Хоч жамияти маълум қилди.

“Ёмғир давом этаётган вазиятда тошқинлар ҳамон минглаб одамларга хавф солмоқда. Ходимларимиз ва кўнгиллилар хавф юқори бўлган ҳудудлардан оилаларни эвакуация қилиш учун уззукун ишлашмоқда”, деб маълум қилган жамият бош котиби Аббос Гуллет.

Таъкидланишича, март охирида ёмғирлар бошлангандан кейин 70 дан кўпроқ одам ҳалок бўлган, 211 мингдан кўпроқ одам ўз уйларини тарк этишга мажбур бўлган. Кўплаб уйлар, фермалар, йўллар ва бошқа инфратузилма объектлари вайрон бўлган.

Мамлакатдаги вазият KenGen энергокомпанияси Тана дарёсидаги ГЭСларидан сувларни чиқариб юборишни бошлагандан кейин кескин ёмонлашган. Бунинг оқибатида дарё ўз қирғоқларидан чиқиб кетган.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид