Ўзбекистон | 16:18 / 01.05.2018
31165
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ва Туркия президентлари қадимий обидаларни томоша қилди

Президент Шавкат Мирзиёев ва президент Ражаб Тоййиб Эрдўған Арк қўрғонига ташриф буюрди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар қилмоқда.

Фото: Президент матбуот хизмати

Бухоро шаҳридаги ушбу қадимий қалъа халқимизнинг бой тарихи, маданияти, этнографияси, хорижий давлатлар билан ижтимоий-иқтисодий алоқаларидан гувоҳлик беради. 

Икки давлат раҳбарлари Арк-вилоят ўлкашунослик музейи билан танишди, бу ердаги ноёб осори-атиқаларни кўздан кечирди.

Фото: Президент матбуот хизмати
Фото: Президент матбуот хизмати

Калон минораси ва масжиди XII ва XVI асрлар оралиғида бунёд этилган. Бу обидалар Мир Араб мадрасаси билан уйғунлашиб, гўзал ансамбл ҳосил қилган. Уларнинг меъморий ечими аждодларимиз маданияти ва санъатининг яққол ифодаси сифатида бугун ҳам барчани ҳайратга солиб келмоқда.

Фото: Президент матбуот хизмати

Президентлар Мир Араб мадрасасида фаолият юритаётган ислом ўрта махсус билим юрти билан танишди. Мамлакатдаги энг қадимий ва йирик жомеъ масжидларидан бири бўлган Масжиди Калонни ҳам зиёрат қилди.

Олий мартабали меҳмон Бухоро шаҳрининг тарихий қисмида зардўзлик, заргарлик, гиламдўзлик, каштачилик, кулолчилик маҳсулотлари кўргазмаси билан танишди.

Сайилгоҳ кўчаси, Тоқи заргарон мажмуасида намойиш этилаётган маҳсулотлар, бозор ва расталар Бухоронинг қадимий ҳунармандлик анъаналарини акс эттирди. Фольклор жамоаларнинг чиқишлари кишига кўтаринки кайфият улашди.

Тарихий ва меъморий обидалар, халқимизнинг миллий ҳунармандлиги туркиялик меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид