Ўзбекистон | 17:02 / 01.05.2018
18640
7 дақиқада ўқилади

Вазирлар Маҳкамаси омухта ем ишлаб чиқаришга доир янги қарорни қабул қилди

Вазирлар Маҳкамасининг “Республикада замонавий саноат усулида омухта ем ишлаб чиқаришни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни қабул қилди.

Қарор билан қуйидагилар:

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликларининг паст рентабелли пахта ва ғалладан бўшаган, озуқа экинлари учун ажратилган майдонларда жорий йилда маккажўхори экинини жойлаштириш ҳамда 2018-2019 йилларда ҳудудларда бўрдоқичилик комплексларини ташкил этиш;

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлигининг “Ўздонмаҳсулот” АК ва “Ўзпахтаёғ” АЖ тизимидаги ташкилотлар ҳамда тадбиркорлик субъектларидаги мавжуд омухта ем ишлаб чиқариш қувватларидан самарали фойдаланиш, уларни замонавий технологиялар асосида босқичма-босқич модернизация қилиб бориш ва янги қувватларни ишга тушириш тўғрисидаги таклифлари маъқулланди.

Республикада омухта ем ишлаб чиқарувчи ташкилотларнинг хомашё базасини кўпайтириш мақсадида паст рентабелли пахта ва ғалладан бўшаган майдонларга 2018 йилда маккажўхори экинини жойлаштириш ва макка дони етиштиришнинг прогноз кўрсаткичлари 1-иловага мувофиқ тасдиқланди.

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари омухта ем ишлаб чиқарувчи ташкилотларнинг хомашё базасини кўпайтириш учун келгуси йилларда озуқа экинлари экиш учун ажратиладиган ер майдонларини босқичма-босқич ошириб бориш чораларини кўради.

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги тегишли илмий-тадқиқот муассасалари билан биргаликда 2019 йил ҳосилидан бошлаб, озуқа экинларининг суперэлита уруғларини оригинаторлар ва илмий тажриба станцияларида, элита уруғларини уруғчилик етиштириш билан шуғулланувчи бошқа ташкилотларда етиштирган ҳолда, озуқа экинлари учун ажратиладиган майдонларнинг уруғликка бўлган талабини тўлиқ қондириш чораларини кўради.

Қарорга мувофиқ  жорий йилда 28 844 гектар майдонда маккажўхори экилади ҳамда 2018-2019 йилларда ҳудудларда 280 та бўрдоқичилик комплекслари ташкил этилади.

Бундан ташқари, 2018-2019 йилларда йилига 354,0 минг тонна гранулаланган ва экструдирилган замонавий омухта ем ишлаб чиқариш қувватларини ишга тушириш орқали истеъмолчиларнинг омухта емга бўлган талабини тўлиқ қондириш режалаштирилмоқда.

Эндиликда, чорва моллари, парранда ва балиқ озуқаси учун ишлаб чиқарилаётган омухта ем маҳсулотлари қадоқланган ва унга маҳкамланган ёрлиқда маҳсулотни тайёрлаган ташкилот, ишлаб чиқарилган санаси, таркиби, чорвачиликнинг қайси тури, йўналиши ва чорва молларининг ёши учун тайёрланган, яроқлилик муддати ва сақлаш шароитлари кўрсатилиши лозим.

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги Молия вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ва “Ўздонмаҳсулот” АК билан биргаликда 2019 йил ҳосилидан бошлаб, давлат эҳтиёжлари учун макка донини харид қилиш тартиби бўйича бир ой муддатда Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритади.

“Ўздонмаҳсулот” АК ва “Ўзпахтаёғ” АЖга Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда ҳудудларда гранулаланган ва экструдирланган замонавий омухта ем ишлаб чиқаришга бўлган қўшимча талаб ва эҳтиёжлардан келиб чиқиб, янги қувватларни ишга тушириш бўйича ҳар йил якунида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритиб бориш топширилди.

“Ўздонмаҳсулот” АК, “Ўзпахтаёғ” АЖ Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги илмий-ишлаб чиқариш марказининг Чорвачилик ва паррандачилик илмий-тадқиқот институти ҳамда Балиқчилик илмий-тадқиқот институти билан биргаликда хомашё ресурсларидан самарали фойдаланган ҳолда чорвачилик, паррандачилик ва балиқчилик секторлари бўйича омухта ем тайёрлашнинг илмий асосланган рецептураларини ишлаб чиқиб, амалиётга тадбиқ этадилар ва уларни ҳар чоракда янгилаб боришни таъминлайдилар.

Қуйидагилар:

“Ўздонмаҳсулот” АК ва “Ўзпахтаёғ” АЖ тизимидаги ташкилотлар, тадбиркорлик субъектлари, паррандачилик ва чорвачилик фаолияти билан шуғулланувчи ташкилотлар томонидан озиқ-овқат маҳсулотларини қайта ишлаш, шу жумладан спирт, пиво, томат ва мева шарбатлари, ун маҳсулотлари, ноанъанавий ўсимлик мойлари, балиқ, гўшт маҳсулотларини ишлаб чиқариш жараёнида ҳамда кушхоналарда ҳосил бўладиган озуқабоп чиқиндилар – тўғридан-тўғри шартномалар асосида, шунингдек, пахта шроти ва шелуха маҳсулотлари белгиланган тартибда – биржа савдолари орқали реализация қилиниши;

“Ўздонмаҳсулот” АК ва “Ўзпахтаёғ” АЖ тизимидаги ташкилотлар ҳамда тадбиркорлик субъектлари томонидан озуқабоп чиқиндилар, кепак, пахта шроти ва шелухаси, бошоқли, дуккакли ва макка донлари ҳамда премикслардан илмий асосланган рецептуралар асосида омухта ем тайёрлашда хомашё сифатида фойдаланилиши инобатга олинади.

Белгилансинки, чорва моллари, парранда ва балиқ озуқаси учун илмий асосланган рецептуралар асосида ишлаб чиқарилаётган омухта ем маҳсулотлари қадоқланган ва унга маҳкамланган ёрлиқда маҳсулотни тайёрлаган ташкилот, ишлаб чиқарилган санаси, таркиби, чорвачиликнинг қайси тури, йўналиши ва чорва молларининг ёши учун тайёрланган, яроқлилик муддати ва сақлаш шароитлари кўрсатилади.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари, Ўзбекистон Республикаси Давлат ветеринария қўмитаси омухта ем маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кўпайтириш мақсадида “Ўздонмаҳсулот” АК ва “Ўзпахтаёғ” АЖ тизимидаги ташкилотлар ҳамда тадбиркорлик субъектларига ҳудудларда фаолият юритаётган кушхоналар, гўшт ва балиқни қайта ишлаш, колбаса, пиво, томат ва мева шарбатлари ишлаб чиқарувчи ташкилотлардан иккиламчи ва озуқабоп чиқиндиларни шартнома асосида сотиб олишига амалий ёрдам кўрсатадилар.

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги “Ўздонмаҳсулот” АК билан биргаликда ҳар йили давлат эҳтиёжлари учун қабул қилинган буғдой ва арпа ресурсларининг ишлатилиши бўйича балансларни тайёрлашда омухта ем ишлаб чиқариш учун 5-синф буғдойи ва арпа ҳажмларини ошириб боришни назарда тутадилар.

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, “Ўздонмаҳсулот” АК ва “Ўзпахтаёғ” АЖ илмий асосланган рецептуралар асосида омухта ем тайёрлашда талаб этиладиган ресурсларни ўрганиб, республикада етишмайдиган хомашёларни четдан олиб келиш бўйича бир ой муддатда Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритадилар.

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги Молия вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, “Ўздонмаҳсулот” АК, “Ўзпахтаёғ” АЖ ва “Республика товар-хом ашё биржаси” АЖ билан биргаликда омухта емни биржа савдолари орқали реализация қилиш (сотиш) тартиби тўғрисидаги низомни бир ой муддатда ишлаб чиқиб, белгиланган тартибда тасдиқлайдилар.

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирадилар.

Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари З.Т. Мирзаев зиммасига юкланди.

Мавзуга оид