Жаҳон | 22:13 / 02.05.2018
12771
2 дақиқада ўқилади

Daily Mail Ўзбекистонни энг саёҳатбоп мамлакатлар рўйхатига қўшди

Буюк Британиянинг Daily Mail нашри "селфисевар" оилавий сайёҳлар оқими етиб келмаган энг яхши мамлакатлар рўйхатини тузди. Ўзбекистон ушбу рўйхатдан жой олди. Шунингдек мазкур рўйхатга Қирғизистон ва Мўғулистон ҳам киритилди.

"70-йиллар хипписига айланиб, биринчилар қаторида Таиланд, Вьетнам ва Индонезияга бормоқчимисиз? Марказий Осиёда бўлсангиз, худди шундай муваффақият билан биринчилар қаторида бўлишингиз мумкин", - деб ёзади Daily Mail.

Манбада ҳозирда Ўзбекистон, Қирғизистон ва Мўғулистонни кўчманчи сайёҳлар ташриф буюраётгани, оддий туристлар ҳам улардан бирига айланиши мумкинлиги қайд этилган.

"Ўзбекистон - ЮНЕСКО Жаҳон меросининг тўрт объекти жойлашган энг қадимий ва унутилмас хотиралар қолдирувчи ўлка эканлиги билан ҳам сайёҳлар ташриф буюриши керак бўлган жойлар рўйхатида бўлиши лозим", - дейилади манбада. 

Шунингдек Қирғизистон ҳозирча сайёҳлар томонидан етарлича баҳоланмаган жойлардан ҳисобланиши, у ерда сураткашлар учун ажойиб манзарали жойлар борлиги қайд этилган.

Бундан ташқари, сайёҳлар қоидага кўра Россия ва Хитойга бориб, яқин орадаги Мўғулистонга диққат қилмаслиги, бироқ бу сайёҳлар эътиборига муносиб жой экани таъкидланади.

Рўйхатда Марказий Осиё мамлакатларидан ташқари Берлин, Токио, Чили, Аргентина, Жанубий Корея каби шаҳар ва  давлатлар номи ҳам келтирилган.

 

Мавзуга оид