Ўзбекистон | 09:09 / 02.05.2018
17454
2 дақиқада ўқилади

Пўлат Бобожонов Сулаймон Сўйлу билан музокаралар ўтказди

Фото: mvd.uz

Туркия Республикаси делегациясининг Ўзбекистон Республикасига давлат ташрифи доирасида икки давлат ички ишлар вазирлари учрашдилар. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси ИИВ Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бошқармаси хабар берди.

2018 йилнинг 29 апрелидан 1 майига қадар Туркия Республикаси президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған бошчилигидаги делегациянинг Ўзбекистонга давлат ташрифи доирасида, икки мамлакат ички ишлар вазирлари томонидан бир қатор халқаро шартномалар имзоланди.

Улар - “Ўзбекистон Республикаси ва Туркия Республикаси ўртасида жиноятчиликка қарши курашишда ҳамкорлик қилиш тўғрисида Битим”, “Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Туркия Республикаси Ҳукумати ўртасида ҳуқуқни муҳофаза қилиш соҳасида ўқитиш бўйича ҳамкорлик тўғрисида Протокол”. 

Ташриф давомида Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов ва Туркия Республикаси ички ишлар вазири Сулаймон Сўйлу ўртасида музокаралар ўтказилди. 

Унда жиноятчиликка қарши курашиш бўйича икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш, терроризм ва турли хил халқаро жиноятларга қарши курашиш, шунингдек, бу каби жиноятларни олдини олишда ўзаро ҳамкорлик муҳимлиги билдирилди. 

Шунингдек, Ўзбекистон ва Туркия ички ишлар вазирлари икки мамлакат муносабатларини яхшилаш, ҳамкорлик салоҳиятини янада юқорига кўтариш мақсадида, Ўзбекистон ва Туркия Ички ишлар вазирликлари ўртасида Мувофиқлаштирувчи ишчи гуруҳ тузиш масаласини муҳокама қилишди. 

Муҳокама якунларидан кейин, Туркия Республикаси Ички ишлар вазирлиги делегацияси Тошкент шаҳрининг диққатга сазовор жойлари билан танишишди.

Мавзуга оид