Ўзбекистон | 02:39 / 02.05.2018
26792
3 дақиқада ўқилади

Сохтакорлик ёки бепарволик: Хотин-қизлар қўмитасига айтар сўзим бор 

Блэкпулда истиқомат қилувчи Ҳарри Ҳарпер 999 рақамига сим қоқиб, сал қолса, операторнинг ўтакасини ёриб юборай деди. У телефондаги суҳбатда қўлида ошхона пичоғи борлиги, яқин дақиқаларда жонига қасд қилмоқчилигини айтади. Гўшакдаги эркакнинг овозига йиғи аралашиши билан қаердандир полиция сиренаси эшитила бошлади. Уйга бостириб кирган тезкор қутқарувчилар гуруҳи бундан бир неча йиллар аввал турмуш ўртоғидан айрилган Ҳарри билан суҳбатлашмоқчи бўлди. Маълум бўлишича, унинг хотини ҳам ўз жонига қасд қилган, шундан сўнг, жаноб Ҳарпернинг бизнеси ҳам касодга учради. У ичкиликка ружу қўйди, психологик касаллик орттириб олди. Бироқ, ўз жонига қасд қилмоқчилигини айтган Ҳарри Ҳарпернинг бу гал ҳам уриниши ҳавога совурилди. 28 марта! Сўнгги 6 ҳафтада у айнан 28 марта жонига қасд қилишга уринди.

Ушбу жараён узоқ юртда, Ўзбекистондан 6,615 км олисда жойлашган Буюк Британияда юз бермоқда. Минг шукурларким, мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар натижасида... барча вилоятларда «Аёллар маслаҳат маркази» ишга туширилди.

Ўзбекистон Республикаси Хотин-қизлар қўмитасининг маълум қилишича, ҳозиргача марказларга 3000га яқин аёл-қизлар мурожаат қилган, уларга марказ ходимлари томонидан тиббий-психологик ҳамда ҳуқуқий ёрдам кўрсатилган. Ҳартугул кўнглим жойига тушди, Буюк Британия стандартлари билан баробар рақобат қила олмаслигини сезсам ҳам, бошига ташвиш тушган аёл телефон суҳбатда бўлса-да, кимгадир дардини айта олади.

Қизиқиш устунлик қилиб, марказ телефон рақамига (+998712003030) сим қоқдим. Соат 21:20. Узоқ куттирмасдан, кимдир гўшакни кўтарди. Мен шокдаман! Қойил, кечаси ҳам ишлаяпти, балки марказнинг иш фаолияти 24 соат этиб белгилангандир. Кейин бизнинг суҳбат тахминан шундай давом этди:

- Ассалому алайкум, City Education эшитади. Сизга қандай ёрдам бера оламан?

- Кечирасиз, бу «Аёллар маслаҳат маркази» эмасми? Ё адашиб тушдимми?

- Йўқ, тўғри тушдингиз. Лекин бу ўқув маркази, менимча сиз ҳам нотўғри кўрсатилган телефон рақам бўйича қўнғироқ қиляпсиз. Ҳар куни аёллар турли масалалар билан боғланяпти. Биз эса таълим билан шуғулланамиз.

- Майли, ишларингизда омад. Раҳмат

Шу билан суҳбатимиз тугади. Ҳафсалам бирдан пир бўлди. Бувим айтишимни тақиқлаган бир олам сўзлар билан қўмита мутасаддиларини эслагим келди. Нега одамларни чалғитади? 3000 киши эмиш... Фақат битта ўй хаёлимдан ўта бошлади: жаноб Ҳарпер яхшиям Ўзбекистонда эмассиз, йўқса, сизнинг жонингизга қасд қилишингиз билан ҳеч кимнинг иши йўқ.

Алишер Рўзиохунов,
Kun.uz журналисти

Мавзуга оид