Ўзбекистон | 15:26 / 02.05.2018
8262
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон бош прокурори Туркия адлия вазири билан нималарни муҳокама қилди?

Туркия Республикаси президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған бошчилигидаги делегациянинг Ўзбекистон Республикасига ташрифи доирасида 2018 йил 30 апрель куни Туркия Республикаси адлия вазири А.Гул Ўзбекистон Республикаси бош прокурори О.Муродов томонидан қабул қилинди.

Фото: Бош прокуратура матбуот хизмати

Меҳмонга Шавкат Мирзиёевнинг бевосита раҳбарлиги остида амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш, жиноят қонунчилигини либераллаштириш, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган чоралар ҳақида маълумот берилди.

Шунингдек, Туркия Республикаси адлия вазири А.Гул Бош прокуратура ҳузуридаги Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаменти, Мажбурий ижро бюроси ва Ахборот-таҳлил мультимедиа маркази, шунингдек, Бош прокуратуранинг Ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш ва ахборот хавфсизлигини таъминлаш бошқармаси, Қонунийлик ва ҳуқуқ-тартиботни таъминлаш муаммоларини таҳлил қилиш бошқармаси ҳамда Олий ўқув курслари фаолияти билан таништирилди.

Фото: Бош прокуратура матбуот хизмати

Томонлар икки давлат ваколатли органларининг ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш ва фаолиятга ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш борасидаги иш тажрибаси билан алмашдилар.

Туркия делегацияси ташрифи доирасида 30 апрель куни Ўзбекистон Республикаси ва Туркия Республикаси ўртасида экстрадиция ҳақидаги битим, шунингдек Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ва Туркия Республикаси Молия вазирлигининг Молиявий жиноятлар текшируви Кенгаши (MASAK) ўртасида ўзаро англашув Меморандуми имзоланди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид