Спорт | 03:26 / 03.05.2018
44348
7 дақиқада ўқилади

Хайрулла Ҳамидов мақоласи: "РЕАЛ”нинг КУЧи қаерда?

Фото: Getty Images

Иккита ярим финални кўрдик. Кутилган жамоалар ғолиб бўлишди. Бири ўта ҳаяжонли ўйин кўрсатди, бири ҳаддан ташқари осон ютди. Мантиқан осон енгиб келаётгани хатарли бўлиши керак, а? Йўқ, аксинча. Плей-офф ўйинлари – машғулот, Киевдаги ўйин  - жанг, ўша гап: машғулотда қанчалик қийналсанг, жангда шунчалик осон бўлади.

Уч марта тасодифан финалга чиқмайдилар. Лекин “Реал” барибир қизиқ жамоа. “Бавария”ни ҳам, “Леганес”ни ҳам 2:1га енгади. Менимча, қироллик клубининг кучи аслида кучида. Кучли таркибида, кучли футболчиларида. Бўлди. Мураббийи ҳам уларга мос. Шу. 

Фото: Getty Images

“Бавария” кучли ўйнади, деяпти кўпчилик. Қўшиламан. Аммо қачон кучли ўйнади? Қачонки, ҳисоб очиши керак бўлган пайтда ва мадридликлар ҳисобда ўзиб кетган чоғларида. Нега, биласизми? Айнан ўша онларда “Реал” палапартишроқ ҳаракат қилади. Лекин мана нечанчи мартаки, мадридликлар жуда қисқа вақт ичида жавоб беришяпти. Олдинги мавсум ҳам, бу йил ҳам Мюнхен жамоаси биринчи бўлиб дарвозани ишғол этди. Ўша голга қадар клуб кучли футбол кўрсатди. Зоҳиран. Аслида эса, бу пайтда “Бавария” гол уришга мажбур эди, холос. “Реал” нечанчи мартаки жавобини беряпти ва ҳисобни ошириб ҳам қўймоқда. Ҳакамларнинг хатоси ва яна бошқа факторлар етиб келгунига қадар амалга оширилмоқда бу ишлар.

Фото: Getty Images

Майдондаги футболчилар аслида ўз даражаларини яхши биладилар. Эътибор берган бўлсангиз, биринчи жуфтликда “Бавария” ғалабага ва финалга ҳар қанча ҳақлироқ кўринмасин, футболчилари кимга ва қайси клубга имкониятни бой беришганини ич-ичларидан ҳис қилдилар. Ўйин тугагандаги манзара менда шундай хулоса уйғотди. Улар ўзларидан кучлироқ жамоага ютқазишганини тан олишди.

Олдин ҳам айтганман, “Реал”ни енгиш учун “Реал”дан кучли ўйнашнинг ўзи кифоя қилмайди. Мадрид суперклуби ҳам ёмон ўйнаши керак. Акс ҳолда, тенгкурашлар остида кечган баҳсда “Реал”ни енгиб бўлмайди, деярли имконсиз.

Эсланг, ПСЖ кучлироқ ўйнаб ютқазди, “Ювентус” фантастик кечасида барибир қоқилди,  навбатдаги босқичда “Бавария” ҳам ўз бўйидан баланд сакраган ҳолда мағлубиятга учради. “Реал”нинг ёмон томони, натижа керак бўлгунича ёмон ўйнаётгандек тасаввур уйғотади. Аслида, у ўз вақтида қандай ўйнаши мумкинлигини билади, холос. Шунинг учун ҳам хотиржам ҳаракат қилаверади.

Фото: Reuters

“Реал”нинг кучини аниқлаш учун бошқалар билан солиштириш керак. Қай мезон бўйича, дейсизми? Менимча, ҳисоб тенглаштириш учун кетадиган дақиқалар бўйича. Жамоа ютқазяпти ва гол уриши керак. Шундай пайтда улар мунтазам равишда қандай ҳаракат қиладилар? Мана шу дақиқаларини олиб, кўриб чиқиш лозим. Бу солиштирув амалга оширилса, “Ювентус” мавсум давомида бир неча бора ўзини кўрсатган бўлади. “Бавария” икки-уч бора оғир вазиятдан чиқиб кетганини кўрамиз. “Барселона” асосан эл-класикода шу ишни бажаради ва... бўлди. “Реал”нинг кучи мана шу паллада яққол кўзга ташланади. Қироллик клуби гол уриши керак бўлган ўйинларда рақибини шу қадар қийнайдики, охир-оқибат таслим этади. Гол ура олмаган баҳсларида ҳам, бир ўйинчисиз қолган класиколарида ҳам ҳужумкор ўйинидан ортга чекинмайди. Гол ура олмаслиги мумкин, аммо қолган барча ишни амалга оширади.

Фото: Reuters

Азизлар, бу даражадаги ишларни барқарор бажариш учун клуб ҳаддан ташқари КУЧЛИ бўлиши лозим. Услуби бир хил, тактик ўйини у қадар ўзгармай келаётган жамоа ҳеч қандай айёрона йўлларга бурилмай, шу ишни мунтазам бажариб келаётгани, ишонаверинг, унинг ўта кучлилигидан далолат.

Бугунги “Реал” Пепнинг “Барса”сидан ҳам хатарлироқ аслида. Чунки Гвардиоланинг аниқ ва тиниқ кўриниб турган янгича услуби бор эди. Янгича йўналишни ҳамма хуш кўради ва унга қарши анти ишларни амалга ошириш ҳам завқли юмуш. Ва янгича, ҳеч қачон кузатилмаган, асосан шу услубнинг эгаларисиз бажариш имконсиз бўлган ўйин узоқ яшай олмайди. У сунъий ўйлаб топилгани учун ҳам жонсиз роботни эслатади.

Фото: Sky Sports

“Реал”нинг кучайиши реал йўллар билан, ҳаётий босқичлар асосида амалга ошгани учун ҳам тирик одам мисол улғайиб бораверади. Унинг аниқ кўриниб турган жиҳати йўқ. У фақат ўйинга мослашади, кучини керакли пайтда чиқаради. Бундай жамоанинг рақибларига жуда қийин, ишонаверинг. Улар ҳозирги “Реал”ни енга оламиз, деб ўз кучларини бус-буткул намойиш этадилар ва айнан шу нуқтада хатога йўл қўядилар. Улар ўша онлардаги “Реал”нинг кучини ҳақиқийси шу бўлса керак, деб ўйлайдилар. “Реал”нинг ҳақиқий кучи шу онлардан кейин намоён бўлади. Доим. Мана шунинг учун ҳам қироллик клуби финалга чиқаверади.

Фото: Getty Images

“Реал” охирги марта финалда “Ливерпуль”дан енгилган экан. У пайтлардаги қироллик клубини эслай олмайман, “Ливерпуль” ўта кучли бўлганини биламан. Лекин бу факт икки жамоанинг футболчиларига ё мураббийига эмас, мухлисларига қизиқ. Майдондаги шунқорлар ўз даражаларини яхши биладилар. Киевдаги оқшомда ҳам, менимча, кўп нарса “Реал”нинг ўйинига боғлиқ. Ҳаммасини шу жамоанинг хоҳиши белгилаб беради. Салоҳни яхши кўрамиз, аммо ҳозирча вазият шунақа.

Мавзуга оид