Жамият | 12:41 / 08.05.2018
36660
5 дақиқада ўқилади

Шифокорлар ҳақиқати: танганинг орти ҳам бор

Фото: Shutterstock

Филолог Шаҳноза Тўрахўжаева фейсбукдаги саҳифасида Ўзбекистонда айрим шифокорлар дорихоначилар билан келишган ҳолда «енг ичида» иш қилиб, мижозларга қимматбаҳо дориларни сотиши муаммоси кузатилиши ҳақидаги фикрларини баён этганди. Айни пайтда у айнан шифокорлар фаолиятига оид яна бир мулоҳазани барча билан ўртоқлашмоқда.​

«Kitobxonlar davrasi» деган бир яхши гуруҳ бор. У ерда интеллектуал ёшлар жамланган. Ўшаларга «Нима учун ёшлар четга кетиб қоляпти?» деган саволни бергандим, яхши муҳокамалар бўлди. Бир фойдаланувчининг ёзганлари жуда таъсирлантирди. Шифокор экан. Маълумингизким, сўнгги кунларда шифокорлар билан орамиз бузилган. Аммо мени танганинг иккинчи тарафини яширишда айбламасликлари учун, адолат учун, асосийси, бу йигитнинг айтганлари айни ҳақиқат бўлгани учун эълон қиляпман. Пост мени ҳақорат қилмаган шифокорларга бағишланади», – дейди филолог ва қуйида мулоҳазани келтирган. 

«Ўзим мисолимда: Германияда ишлаб чиқарилган янги, зўр,​ аппаратлар билан жиҳозланган давлат шифохонаси... Биз айнан шундай янги нарсаларни ишлатишни ўрганганмиз. ЛЕКИН, кеча битирган жўжахўроз (бўлим бошлиғи): «Сенга бу аппаратда наркоз беришни ким қўйипти, бузилса, фалон пул туради, тегма, жуда билсанг, комиссия келганда ишлатиб кўрсатарсан», – дейди (бу ўз устингда ишлаб​, янгиликни амалиётга татбиқ қилиш учун ​биринчи тўсиқ​). Ўлиб-тирилиб, суткани суткага улаб «дежур» турасан, ээээнг қийин операцияларга наркоз берасан, жарроҳликдан сўнг беморни парвариш қиласан, ойнинг охирида эса пластигингга қанақадир 1.1 млн сўм (шу ҳам ошиб кетса) тушади. Мажбур бўласан, уйингга бормасдан, иккинчи, учинчи жойлардан «дежурство» олишга. Ишлайсан, ишлайсан, кейин паа-бааааам! Солиқ-полиқ, бало-баттарлардан ошиб қўлингга 2 млн сўм атрофида пул тегса тегар, яна ким билсин.

Бу ёғига боқсанг, ўзинг ҳали магистрсан, квартира, йўлкира, озиқ-овқат ва яна бошқа чиқимлар. Қарабсанки, икки кунга бормасдан ойликнинг «чанги» чиқиб кетади. Турмуш қуриб оилали бўлган кишининг гапи бундан кўп. Ўйланиб хафа бўлиб ўтирсанг, Кувайтдами, Анголадами ишлайдиган дўстинг хабар ёзиб қолади: «Ҳаёт қалай?». Жавоб берасан: «Аллоҳга шукр, кун ўтиб турипти». У ёқдан: дўстиииим, бу ерда сенга ўхшаган наркозни яхши берадиган дўхтирларни қадрлашаркан, ойликнинг ўзи 5000$ (!), ундан ташқари, операция пулидан қонуний улуш оласан, (юрагинг ўртаниб кетади) ёзасан: «Қандай қилиб борса бўлади?» Жавоб: «Ўртакаш фирмага мурожаат қил».

Зудлик билан ўша фирмани топасан-да, (агар бюджетда ўқиган бўлсанг, 3 йил кутасан, бўлмаса, дипломингни беришмайди), шартномани имзолаб, бўлим бошлиғининг олдига кирасан: бўлимингни ЕЛКАМНИНГ ЧУҚУРИ КЎРСИН дейсан-у («дух»инг етса), жуфтакни ростлаворасан.

Араб лигаси давлатларидан бирига борволасан-да, ҳақиқий азоб бошланади. Ғиррррт бегона юрт, бегона одатлар, қийин тил, уйингни ҳар сонияда соғинасан, майли эди, ўша арзимас пулга ҳам ишлаб уйимда юрганим яхши эди (кўнглингдан ўтади-да шу гаплар). ЛЕКИН биринчи долларларни ушлаганингда, сал юмшайсан. Уйга жўнатиб, онангга телефон қиласан. Ҳол-аҳвол, арзи-дод, соғинчли гаплардан кейин отанг: «Ўғлим, сенга участка олиб қўйдик, агар яна 6-7 ой шунақа жўнатсанг, чиройли уй солиб, машинага ҳаракат қилиб қўямиз», – дейди. Юрагинг ҳапқириб кетади. Кечаси ёнбошлаб, ўйлайсан (айтганча, у ерда фақат 8 соат/5 иш куни режимида ишлайсан, рангингга ранг кириб, одамга ўхшаб қоласан, чунки тўйиб ухлайсан-да).

«Ҳаааааа, ҳаёт дегани мана бунақа бўпти, бориб бўпман Ўзбекистонга (ишлагани), шу ерда 7-8 йил ишлаб, бирор яхши бизнесниям йўлга қўяман-да, фарзандларим тарбияси билан шуғулланаман, исталган жойда ўқитишга имконим бўлади, саёҳат қилишга, ота-онамни ҲАЖга юборишга ва ҳоказо-ҳоказолар, катта-катта сарф-харажатларга имкон бўлади, Худо хоҳласа», – дейсан. Энди чиқимни ўйлаганда, юрагинг сиқилмайдиган бўлади.

Ишга ўйнаб-кулиб, хурсанд бўлиб борасан, қанақадир ғирт бегона АРАБ сени қаттиқ ҳурмат қилади (ўша кимса ҳам аслида бўлим бошлиғи). Энди сенга беморнинг кимлиги-ю, моддий имкониятлари умуман қизиқ эмас. Бўш вақтинг борлиги учун бу ердаги мақомингни йўқотиб қўймаслик учун ҳам ўз устингда қаттиқ ишлайсан. 2-3 йилда мустақил, жуда кучли мутахассисга айланасан. Фақат сени бир нарса қийнайди... ВАТАН СОҒИНЧИ...​

Мавзуга оид