Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳридаги Ботаника боғига ташриф буюрди
Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев 9 май — Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан ташкил этилган маросимда қатнашиш учун Тошкент шаҳридаги Ботаника боғига ташриф буюрди.
Давлат раҳбарига Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев ҳамроҳлик қилмоқда.
Ботаника боғига Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари, фахрийлар, жамоатчилик вакиллари таклиф этилган. Президент уларнинг баъзилари билан қисқа мулоқот қилди. Боғда уруш даври руҳини акс эттирадиган намуналарни кўриш мумкин.
Бу ерда Иккинчи жаҳон урушидаги шароит акс эттирилган. Окоп ва блиндажлар қурилган, ўша давр қурол-аслаҳалари ва ҳарбий техникалари намойиш этилган.
Президент матбуот хизмати хабарига кўра, давлат раҳбари ушбу кўргазмани кўздан кечирган.
Дунё тарихидаги энг даҳшатли, энг қонли қирғин бўлган Иккинчи жаҳон уруши инсониятга мислсиз йўқотишлар, талафот ва мусибатлар олиб келган. Ушбу бешафқат жангда Ўзбекистондаги меҳнатга лаёқатли аҳолининг деярли ярми қатнашган, уларнинг 500 мингдан кўпроғи жанг майдонларида ҳалок бўлган. Қанчадан-қанча инсонлар майиб-мажруҳ бўлиб қайтган, яна қанчаси бедарак кетган.
Халқимиз фронт ҳудудларидан кўчирилган бир миллионга яқин кишини қабул қилган. Жумладан, икки юз мингдан зиёд болаларни “Сен етим эмассан” деб оиласи бағрига олган, бир бурда нонини улар билан баҳам кўриб, ўз болалари қатори вояга етказган.
Мавзуга оид
20:02 / 18.11.2024
Англияга пул эвазига ишга юборишни ваъда қилган шахс ушланди
17:10 / 18.11.2024
Тошкентда Аския бозори жойлашган ер инвесторга берилади
09:10 / 15.11.2024
Тошкентда дорилар савдоси билан шуғулланиб келган шахслар ушланди
18:38 / 13.11.2024