Жамият | 12:33 / 10.05.2018
23766
4 дақиқада ўқилади

Унутилган фильм

Ўзбекнинг буюк кинорежиссиёри Шуҳрат Аббосов ҳақпарвар ёзувчи Тоғай Мурод ҳақидаги хотираларида шундай ёзган экан: «Эсимда, Бухорода ўтказилган кино кунларида ҳаво 20 даража совуқ эди. Залда тумонат одам. Мен қалин кийиниб олган бўлсам-да, музлаб қолганимдан совуқда ўн дақиқа ҳам ўтиролмадим. Ҳаттоки, кичкина болаларгача тўрт соатлик кинони охиригача кўрди, ҳеч ким залдан чиқиб кетмади. Бунга сабаб нима эди? Томошабинни қандай жозиба тўрт соатлик кинони кўришга мажбур этди? Ахир «Отамдан қолган далалар» фильми Америка киноларига ўхшаб детектив бўлмаса ёки Мексика сериалларига ўхшаб бир илмоқ билан томошабинни алдаб ўтирмаса… Йўқ! Томошабинни фильм охиригача ўтиришга мажбур этган сабаб — экранда аёвсиз, ҳаққоний ҳаёт кечмоқда эди».

Чиндан ҳам, «Отамдан қолган далалар» фильми томошабиннинг юрак уришини маромдан чиқариб юборди. Чунки халқимиз экранда чиппа-чин ҳаёт воқеаларини кўраётган эди. Аммо...

Аммо, бугун ҳеч кимга сир бўлмаган сабабларга кўра, бу фильм намойиши анча муддат тўхтатилган эди. Бошқача қилиб айтганда, «қора рўйхат»га киритилганди. Лекин бу рўйхатнинг оқарганига анча бўлдию, негадир ҳалиям «Отамдан қолган далалар» экранга қайтмади. Ёки хориж киноси, хориж ҳаёти ўзимизникидан қизиқроқми?!

Шуҳрат Аббосовнинг хотира-мақоласида яна шундай жумлалар бор: «Отамдан қолган далалар» фильми давомийлиги тўрт соатни ташкил этади. Шундай қилиб, кино қўйилди. Томошабин шунақаям яхши қабул қилдики… қарсаклар, олқишлар зални тутди. Биз шу орада Тоғай Муродни йўқотиб қўйдик. Ахир одатга кўра, премьерадан кейин зиёфат берилиши керак эди-да. Биз, фильм ижодкорлари бирга ўтиришиб, бир-биримизни табрикламоқчи эдик. Шу қидирамиз, Тоғай Мурод йўқ, бирдан ғойиб бўлиб қолибди.

Қизиқ одам эди-да, Тоғай Мурод! Унга «Отамдан қолган далалар» асарининг фильм варианти ёқдими йўқми, билолмадим. Тоғай бу дунёдан ўтиб кетди… Лекин бир нарсага хурсандман: у мени сўкмади, ҳа, сўкмади. Чунки раҳматлик шундай ҳалол, принципиал одам эдики… Биринчидан, Тоғай Мурод ўз асарини саҳнага, экранга қўйишларига ҳамиша ҳам рози бўлавермасди. Иккинчидан, унинг ижозатисиз асарини саҳнага олиб чиққан беписанд санъаткорларнинг танобини тортиб қўярди. Муқимий театрида шундай воқеа бўлган, деб эшитганман».

Бу фикрлардан англашиладики, ўз ишининг усталари бўлган икки инсоннинг(албатта, жамоанинг ҳам) ижод маҳсули бўлган «Отамдан қолган далалар» фильми бугун ҳам халқимиз олқишига, меҳру муҳаббатига сазовор бўла олади. Биз эса шундай нодир фильмимиз борлиги, уни томошабинлар кутаётганини мутасаддиларга бир эслатиб ўтмоқчимиз, холос. Илтимос, ҳалиям «Отамдан қолган далалар»имизни биздан қизғанманг!

Зуҳал РЎЗИЕВА

Мавзуга оид