Ўзбекистон | 20:20 / 13.05.2018
266449
7 дақиқада ўқилади

Яна 13 май. 13 йиллик сир

Бугун «13 май»га 13 йил тўлди. Сўз билан ифодалаш қийин (ифода ҳам этилмаган) Андижон воқеаларининг қонли тарихига мурожаат қилишда ҳар доим воқеалар тушунарсиз бир тизмадан бошланади. «Акромийлар» оқимига аъзо сифатида кўрилган жиноятчилар қуролли йўл билан давлат идора ва ташкилотларига, хусусан ҳамтовоқлари сақланаётган Андижон шаҳридаги қамоқхонага ҳужум қилган».

Бу воқеалар ортида аслида кимлар турган? Нега тадбиркорлик қилиб юрган шахслар ҳокимиятни қурол билан тўнтаришга киришганди? Ғарбнинг воқеа юзасидан иддаолари-чи?

Бу воқеа ўша йилнинг сентябрь ойида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси томонидан олиб борилган тергов суриштирув натижаларидан кейинги ҳисоботда «Ўзбекистон мустақил сиёсати, унинг миллий манфаатларини, конституциявий тузумини ағдариш ва исломий давлат барпо этишга қаратилган, геосиёсий манфаатларга тўлиқ мос келувчи пухта ўйланган ва режалаштирилган ҳаракат» дея баҳоланганди.

Мен 13 йил аввал шу воқеаларга шахсан гувоҳ бўлган, жараённинг ривожланиш нуқтасида юз берган ҳолатнинг тафсилотлари билан таниш шахс билан суҳбатлашдим. Суҳбатдошнинг илтимосига кўра, унинг исм-шарифи ошкор этилмайди.

«Ҳаммаси асосий воқеалар юз беришидан 3 кун аввал, 2005 йил 10 май куни юз берди. Тахминан соат кўрсаткичи 20ларга яқинлашганди. Асакалик МХХ ходими ва Андижон тумани ИИБ ходимларига Оқёр қишлоғи М.Солиев МФЙда жойлашган Мустақиллик кўчасида истиқомат қилаётган Муродилла Юсупов хонадонида бир гуруҳ бегона кишилар яширинча яшаб келаётгани ҳақида хабар келиб тушди.

Ҳеч нарсадан хабарсиз ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари катта тезкор вакил Одил Йўлдошев, профилактика-инспектор нозири Алишер Позилов, Вояга етмаган шахслар билан ишлаш бўйича инспектор Азим Қодиров ва МХХ ходими бўлган шахс Муродилла Юсуповнинг уйига бу ерда яшаётган кишилар кимлигини аниқлаш учун етиб боришди», дейди суҳбатдошим.

Унинг таъкидлашича, уйдаги шароит ўзгача бўлган: Бу ердаги 19 нафар шахснинг барчаси эркак кишилар, уларнинг айримлари Андижон туманида доимий рўйхатга қўйилмаган, асли қўқонлик ва Андижон вилоятининг бошқа туманларида яшовчилар бўлган.

«Уйдагилар билан суҳбатлашиб, паспорти бўлмаганлар шахсни аниқлаш учун маҳкамага олиб кетилиши кераклиги билдирилди. 13 нафар ходим 19 кишидан иборат гуруҳ олдида ожизликни ҳис этиб, ёрдамчи куч чақирганди. Бироқ, ёрдамчи куч Солиев маҳалласига етиб келмасдан, кўчадан 20га яқин киши уйга бостириб кира бошлади. Уй ичида бўлган ходимлардан 5 нафари эшикдан чиқиб кетолмади, қолганлар воқеа жойидан кетишга муваффақ бўлган.

Уйда оқ рангли «Дамас» ва «Ваз 2102» русумли автомашиналар бўлган. Ходимлардан Тўланбой исмли шахс ҳозирча номаълум бўлган кишилар томонидан ушлаб қолинади. Кейинроқ, ҳамкасбини қутқариш учун уйга қайтган ходим ҳам қўлга тушади. Тўланбой ака бир амаллаб, томга чиқиб қочиб кетди, аммо иккинчи ходим уларнинг қўлида қолади. Беш киши қаердандир пайдо бўлган «Тико» автомашинасига иккинчи ходимни солиб олиб кетган. Жиноятчиларнинг юзини кўриб қолган ходимни «гумдон» қилиш мақсадида Андижон шаҳри Пиёзпоя мавзесидан оқиб ўтувчи «Ҳақиқат» каналига ушланган ходим оқизиб юборилган», деб сўзларида давом этди суҳбатдош.

Маълум бўлишича, каналга оқизиб юборилган ходимнинг қўл ва оёқлари ўзининг камарига боғланган, узоқ калтак ва зарбалардан кейин муздек сувда у ҳушига келади. Камарни ечишга ҳаракат қилади.

«Суд мажлисида ҳам судланувчи Иброҳим Исмоилов ушбу эпизод бўйича «Ҳақиқат» канали ҳақиқатни юзага чиқарди», деганди. Негаки, ходим тирик қолди, бу пайт вақт қоқ тунга яқинлашиб қолди. У аввал уйга, кейин бўлимга хабар берди. 11 май куни у шифохонага жойлаштирилди, ўша пайтлар Андижон вилояти ИИБ бошлиғи ўринбосари лавозимида ишлаб келаётган Носир Мамадиев ва тадбиркор (аслида қуролли ҳаракатларни назорат қилиб турган уч нафарнинг шахсдан бири) Баҳром Шокиров эса биргаликда палатага кириб келишди. «Бизнинг болалар бошқаларга озор бермайди», дея ўзини оқламоқчи бўлади Баҳромов.  Бу орада асосий фигурантлардан бири - Қобил Парпиев қамоқхонада жазосини ўтаётган Акром Йўлдошев билан мунтазам алоқада эди.

Пайшанба, 12 май куни эса 23 кишига нисбатан олиб борилаётган суд мажлисида суднинг ҳал қилув қарори эълон қилинмади, суд номаълум муддатга қолдирилди. Кўчада судланувчини қўллаб-қувватлаб турган жамоат саросимада ҳар хил миш-миш тарқата бошлади. Асосийси шундаки, 12 май куни суд мажлисида ҳал қилув қарори эълон қилиниши билан қуролли тўқнашув бошланиши ҳам эҳтимолдан холи эмасди. Шунга қарамай, 10 май куни Муродилланинг уйида юз берган воқеа «Акромийлар» режасини тезлаштириб юборди, улар Андижон чегарасида саф тортиб турган қуролланган 200 нафар ҳарбийни ҳам кутмасдан, 13 май куни ҳужумга ўтишни ўйлай бошлашган», деб сўзларини якунлади суҳбатдош.

Бизга маълум бўляптики, Андижон воқеалари ўз-ўзидан содир бўлмади, унга пухта тайёргарлик кўрилган, турли манзилларда гуруҳ-гуруҳ жангарилар жалб этилган. Халқ ва оммани қўзғатиш учун турли найранглардан фойдаланилади, хусусан суд биноси рўпарасида ўтказилган «тинч мақсаддаги митинглар» шулар жумласидан. Шундай қилиб, бизга таниш воқеалар бошланади. Бинолар эгалланади. Одамлар вафот этади.

Расмий ҳисоботларда ёзилишича, «террорчилик ҳаракати натижасида 187 киши ҳалок бўлган, шулардан 60 нафари тинч аҳоли вакиллари, уларнинг ичида икки нафар вояга етмаганлар ва бир нафари аёл эди. Террорчилар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг 31 нафар вакилини ўлдиришган. 287 киши, жумладан, 91 нафар тинч аҳоли вакиллари, 49 нафар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари ва 59 нафар ҳарбий турли даражадаги тан жароҳатлари олишган».

Террорчиларга қарши чора-тадбирлар вақтида эса 94 нафар террорчи йўқ қилинган, 76 нафари яраланган.

Фақат битта савол ҳамон очиқ қолаверади: қуролли тўқнашувда майдонга тўпланган, ҳали ҳеч нарсадан хабари бўлмаган тинч аҳоли вакиллари ҳам отилганмиди? Тўс-тўполонлар вақтида аслида қанча одам ҳалок бўлганди? Афсуски, юқорида таъкидланган, қуйида келтирилган саволлар яна узоқ йилларга жавобсиз қолади.

Алишер Рўзиохунов

Мавзуга оид