Жамият | 21:42 / 13.05.2018
42119
2 дақиқада ўқилади

Хонқа туманининг расво йўллари (фотоҳисобот)

KUN.UZ таҳририятига Хоразм вилояти Хонқа туманида истиқомат қилувчи фуқаролардан мурожаат келиб тушди.

Унда Хонқа шаҳридан Ал-Хоразмий қишлоғигача бўлган йўлнинг жуда ёмон экани, транспорт воситаларининг ҳаракатланиши учун яроқсиз ҳолатга келиб қолгани, натижада аҳолига кўплаб ноқулайликлар юзага келаётгани ёзилган.

Вазиятни ўрганиш учун учун Хонқа туманига бордик.

Айтиш жоизки, сафаримиз давомида нафақат Хонқа тумани, балки Хонқа шаҳрининг автомобиль йўллари ҳам жуда абгор ҳолатда эканига гувоҳ бўлдик. Назаримизда, йўлларнинг аҳволи билан ҳеч кимнинг иши йўқдек, улар ўз ҳолига ташлаб қўйилгандек туюлди.

Агар туман марказининг йўллари шундай аҳволда бўлса, у ҳолда туман йўлларининг қандай экани кишини ўйлантирди. Хавотиримиз ўринли чиқди, Хонқа тумани йўлларининг ҳолати жуда ёмон эди.

Хонқа шаҳридан Ал-Хоразмий қишлоғигача бўлган йўл тахминан 15 км узунликка эга. У туман марказини Намуна, Тома, Ғалаба ва Ал-Хоразмий қишлоқлари билан боғлаб туради.

Қор-ёмғир натижасида асфальт қопламалар емирилиб, йўллар чуқурчалар билан қопланган. Иссиқда асфальт эриши натижасида, йўл ўнқир-чўнқир бўлиб кетган.

15 км масофани босиб ўтиш учун транспорт воситалари 30-40 дақиқа вақт сарфламоқда. Натижада, одамлар ишга, талабалар ўқишга кеч қолмоқда. Бундан ташқари, абгор йўллар тез ёрдам ва ўт ўчириш машиналарининг ҳаракатини жуда секинлаштирмоқда. Натижада, инсон ҳаётига хавф солувчи ҳолатлар юз бермоқда.

Йўлнинг асфальт қопламаси емирилиб кетиши натижасида пайдо бўлган чуқурчаларни айланиб ўтиш учун, транспорт воситалари йўлнинг четига чиқиб кетишга, натижада заҳкаш ва ариқларга яқин хавфли ҳудудлардан ҳаракатланишга мажбур бўлишяпти.

Биз учратган суҳбатдошларнинг баъзилари, йўлларнинг расво ҳолатга келиб қолгани сабабли, шахсий автотранспортини ҳайдашдан воз кечганини айтишди.

Умид қиламизки, мутасадди ташкилотлар Хонқа шаҳри ва туманидаги йўлларнинг ачинарли аҳволда эканига эътибор қаратиб, аҳолининг ижтимоий ҳуқуқларини таъминлайдилар.

Мавзуга оид