Спорт | 18:37 / 31.05.2018
21594
6 дақиқада ўқилади

Энг ақлли мураббий: Зиданнинг “Реал”дан кетиши ҳақида

Фото: AFP

Дунёда энг зўр мураббий ким эканини билмайман, аммо менимча, дунёда энг ақлли мураббий бу – Зайниддин Зидан. Ҳамма учун кутилмаганда у “Реал”ни тарк этиш фикрига келгани учун ҳам ақлли. Мен илгари, у эндигина “Реал” бошқарувига келганида бир мақола ёзган эканман. Футболчилик даврини энг тўғри паллада тугатган Зидан мураббийликда ҳам шу ишни қила оладими, деб савол бергандим ўшанда. Буёғига, у яна мураббийлик қиладими, қаерда ва қандай ишлаши менга қоронғу. Аммо “Реал”ни, мана шундай ажойиб икки ярим йилдан кейин, келаси мавсумда ҳар қандай хатони қилишга ҳаққи бўлиб турган бир пайтда кетаётгани қисман ўша саволга жавоб бергандек, назаримда. Келинг, ўша мақолани эътиборингизга ҳавола қилай:

Бувам Мессини кўрмаганлар. Аммо Пелени ва Марадонани кўрганлар. Дунёнинг энг яхши футболчиси деб эса, Михаил Месхини билардилар. Айтишларича, ушбу грузиялик ҳужумчининг хайрлашув учрашуви ҳам қизиқ ўтган экан. Сойиб Хўжаев иштирок этган “Ёр ёр” фильмидаги футбол саҳнаси эсингиздами? “Пахтакор” ўша даврлардаги энг кучли жамоалардан бири, Уругвайнинг “Насьонал” клуби билан ўртоқлик ўйинида майдонга тушганди. Ўша “Насьонал” фақат Тошкентга келмаган, “Пахтакор”га қарши ўйин уругвайликлар учун Европа турнесининг якуни эди. 

1969 йилнинг ёзида “Насьонал” Тбилисида маҳаллий “Динамо”га қарши майдонга тушади. Мутасаддилар ўша паллада ўз фаолиятини якунлаш арафасида юрган, “Динамо”ни эса аллақачон тарк этиб бўлган Месхини ўйинга таклиф қилишади. Баҳонада машҳур футболчи билан хайрлашув ўйинини ҳам ташкил қилиб олиш мақсадида. Келишувга кўра Михаил биринчи таймдагина ўйнаши кўзда тутилганди. У ўзининг ажойиб ўйини билан рақибларни ҳам ҳайрон қолдиради. Тайм тугаб, одатга кўра футболчилар Месхини қўлларида кўтариб майдонни айлантиришаётганликларини кўрган уругвайлик машҳур мураббий Зезе Морейра дастлаб тушунмайди ва савол беради:

- Сизларда ўйинчи алмаштирилаётганда шундай одат борми?

Месхининг сўнгги ўйини эканлигини ва шунинг учун бу ҳурмат кўрсатилаётганлигини тушунтиришгач, унинг ҳайронлиги баттар ошади ва истеҳзоли кулимсираб:

-У кетяпти, булар қолишяптими? –деб сўрайди.

Зайниддин Зиданнинг футболчилик фаолияти ҳақида гап кетганда, доим мана шу ҳикоя эсга тушаверади. Французнинг “Реал” бошқарувига келган пайтдаги ҳолат, ҳали ҳеч қачон ҳеч қайси клубни бошқармаган тажрибасиз мураббийга нисбатан бўлаётган бу қадар ишончнинг замирида ҳам айнан шу жиҳатмикин, деб ўйлайвераман. Зиданнинг бошқа футболчилардан фарқи ҳам шунда – уни ҳеч қачон ожиз кўрмаганмиз.

У захирада ўтирмаган. У Қатарга ёки АҚШга кетмаган. У бундайроқ клубда фаолиятининг сўнгги даврларини ўтказмаган. 

У терма жамоадан четда қолмаган. Футболни тарк этишидан бир ҳафта олдин жаҳон чемпионати чорак финалида “Олтин тўп” соҳиблари Роналдо-ю Роналдиньоларни маҳв этган. У футболни тарк этишидан уч кун олдин бўлажак қирол Роналдуни ўз финтларига маҳлиё этган. У футболни тарк этишидан бир соатгина олдин дунёнинг энг зўр дарвозабони Буффонга “паненко усули”да гол урган. Шундай кетган у футболдан. 

Фото: Getty Images

Шунинг учун ҳам унинг ўхшаши йўқ. Шунинг учун ҳам унга ўхшаш қидирганимда дадам эмас, бувамга юзланишга мажбур бўлавераман.

Зидан бир кун келиб қайсидир клубни бошқариши аниқ эди. Зўр футболчилардан зўр тренерлар чиқмайди, деган гаплар қайта эсланиши ҳам ҳақиқат, ҳатто, яхши мураббийлар захирада ўтиравериб, мураббийлик малакасини оширишади, қабилидаги ҳазиломуз гаплар ҳам бор. Лекин бу фикрга қўшилмаган бўлардим. Пеле ёки Марадонани мисол келтирсангиз, Кройф ва Беккенбауэрни айтишим мумкин, масалан. Шунчаки, зўр футболчилар унчалик кўп эмас, демак, бундайларнинг мураббийлик даври ҳам ҳамманинг кўз ўнгида кечади. Ахир минглаб ёмонроқ, ўртачароқ футболчилар ўтган тарихда, уларнинг ичида яхши мураббийларнинг улуши жуда жуда камку, тўғрими?

Фото: Getty Images

Хуллас Зиданни “Реал”да нималар кутаётгани, оқибатда ундан қандай даражадаги мураббийни кутишимиз мумкинлиги менга унчалик қизиқ эмас, қизиғи, у мураббийликни ҳам айнан футболчилик фаолияти сингари, энг юқори чўққида тарк эта оладими? Фергюсон ёки Баккенбауэр каби, айни вақтида тўхтай оладими? Ёки Липпи ёки Рекхагел каби “яна бир уриниб кўришни” танлаб шарманда бўлармикин?

Фото: AFP

Биласизми, буниси энди анча қийин. Футболчи ўзини куч тарк этаётганини, аввалги финтлар ва зарбалар ўхшамаётгани-ю тезлик пасайиб қолганини сезиб туради. Футболни тарк этиш учун тахминий ёш ҳам бор, қандайдир. Лекин ақлнинг нураб, ўтмаслашиб бораётганини вақтида пайқаш осонмикин?

Ҳаётда ҳам шундай, ҳар қандай касбда ҳам шундай, назаримда. Вақт ўтиб, ёшимизга ёш қўшилса, гўёки, тажрибали, ақлли бўлиб қолишимизни, бугундаги кўпгина хатоларимизни тузатиш имкони бўлиши ҳақида кўп ўйлаймиз, режа қиламиз. Аммо аслида, эртанги тажрибамиз ҳам бугунги ақлимиз устига қурилишини, энг муҳими қўлдан чиқиб кетган кеча ёки ҳали қўлга киритилмаган эрта эмас, бугунги ҳолатимиз, бугунги қарорларимиз эканини унутмаслик керак...

Қаҳрамон Асланов

Мавзуга оид