Товарларни электрон аукцион орқали давлатга қандай сотиш мумкин?
Харид қилиш тартиб-таомилларини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомда барча турдаги давлат харидлари батафсил тартибга солинади. Norma бошланғич нархни тушириш бўйича электрон аукцион иши ҳақида маълумот берган.
Аукцион қатор хусусиятларга эга.
Биринчидан, унда давлат буюртмачилари фақат товар сотиб олишлари мумкин. Ишлар ва хизматларни у ерда харид қилиш тақиқланган – тадбиркорлик субъектлари уларни фақат электрон дўконда, танлов ва тендер бўйича сотишлари мумкин.
Иккинчидан, аукционда харид қилинадиган товарлар стандарт хусусиятларга эга бўлиши керак. Бунда товарнинг техник, эксплуатация қилиниш хусусиятларини ва бошқа хусусиятларини баҳолаш ҳамда таққослаш зарурати мавжуд бўлмаслиги керак.
Яъни буюртмачининг тўлақонли техник топшириқ тузиши талаб этилмайди. Шу билан бирга у аукцион предмети хусусиятларини (таснифини) батафсил таърифлашга ҳақли.
Учинчидан, электрон аукцион ўтказиш учун битта шартнома бўйича товарларнинг энг кам қиймати мавжуд эмас. Демакки, буюртмачи электрон дўконда харид қилиш ўрнига аукцион ўтказишга ҳақли.
Аукционда товарларни сотиб олишга йиллик лимит мавжуд эмаслиги боис ушбу ҳолатни ҳисобга олиш муҳим. Электрон дўконда бюджет ва корпоратив буюртмачилар учун уни 2 500 ЭКИҲ миқдорида (эълон қилиш пайтида – 430 млн 600 минг сўм) белгиланган. Шунинг учун йирик буюртмачилар электрон дўконда кўзда тутилмаган шошилинч харидларни амалга ошириш имкониятини сақлаб қолиш учун ушбу лимитни сарфламасликка ҳаракат қилишлари эҳтимоли катта.
Тўртинчидан, аукционда қуйидаги қийматдаги товарларни харид қилиш тақиқланади:
• 2,5 минг ЭКИҲ ва ундан ортиқ – бюджет буюртмачилари учун;
• 5 минг ЭКИҲ ва ундан ортиқ – корпоратив буюртмачилар учун.
Бешинчидан, аукцион фақат электрон форматда Давлат харидлари бўйича махсус ахборот порталида ўтказилади.
Тадбиркорлик субъектларининг аукционда иштироки электрон рақамли имзони олиш, порталда рўйхатдан ўтиш ва аванс тўловларини амалга ошириш (оператор ҳақи – битим суммасининг 0,15%и ва закалат - бошланғич нархнинг 3%и киритилади) билан бошланади.
Порталда бюджет ва корпоратив буюртмачилар томонидан ўтказилаётган аукционлар учун 2 та алоҳида бўлим мавжуд. У ерда – улар тамом бўлишидан камида 10 кун аввал жойлаштирилиши лозим бўлган аукционлар тўғрисида эълонлар. Эълонлар қуйидагиларни ўз ичига олиши керак:
• давлат буюртмачисининг номи ва манзили;
• аукционнинг биринчи ва охирги куни (аукцион ўтказиладиган давр);
• аукцион предметининг бошланғич нархи;
• аукцион предметининг хусусиятлари (аукцион предметининг таснифи);
• аукцион предметини лотлар бўйича бўлиб чиқиш ва ҳар бир лотнинг ҳажми;
• товарларни етказиб бериш муддатлари ва шартлари;
• товарлар етказиб бериладиган жой (манзил);
• лицензия ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатнинг мавжудлиги ҳақида талаб (зарур бўлганда);
• товарнинг ўзига хос хусусий параметрларини ифодаловчи алоҳида шартлар.
Эълон матнига аукцион предметига тааллуқли бўлмаган ва иштирокчилар ўртасида рақобатни чеклайдиган талабларни киритиш тақиқланади. Эълондаги барча талаблар буюртмачи ва аукцион ғолиби ўртасидаги бўлғуси шартномага киритилади. Шунинг учун уларни ўрганиб чиқишга катта эътибор билан ёндашиш зарур.
Аукцион бошланғич нархни унинг иштирокчилари (потенциал етказиб берувчилар) томонидан қадамма-қадам пасайтириш йўли билан ўтказилади. Аукцион қадами ўлчови – бошланғич нарх пасайтириладиган сумма портал оператори томонидан ЛБМА билан келишилган ҳолда белгиланади. Бу сумма закалат миқдори – 3%дан ортиқ бўлиши мумкин эмас. Ҳозир аукцион қадами бошланғич нархнинг 2%ини ташкил этади.
Портал оператори буюртмачиларга иштирокчилар тўғрисидаги маълумотларни, иштирокчиларга эса бир-бирлари тўғрисидаги маълумотларни ошкор этмайди. Савдо инкогнито ўтказилади ва харид қилиш тартиб-таомилининг ғолиби аниқлангунга қадар иштирокчилар бир-бирини танимайди.
Электрон дўкондан фарқли ўлароқ аукционда нархни чекланмаган миқдорда пасайтиришга рухсат берилади. Буни аукцион ўтказиш муддати тугагунча амалга оширишга рухсат берилади. Агар охирги 5 дақиқада таклиф келиб тушса, аукционни ўтказиш муддати яна 5 дақиқага узайтирилади. Таклиф келиб тушиши тўхтагунча ёки нарх жуда арзимас қийматгача пасайтирилгунча шундай давом этиши мумкин.
Агар таклиф нархи бошланғич нархдан 15%га паст бўлса, иштирокчининг улар ўртасидаги фарқ миқдорида қўшимча закалат киритиши талаб этилади. Қўшимча закалат мавжуд бўлмаса, таклиф автоматик равишда рад этилади.
Аукцион тугагандан кейин унинг
ғолиби – энг паст нарх таклиф қилган иштирокчи эълон қилинади. У билан ахборот тизими эълонда таърифланган шартлар бўйича намунавий электрон шартномани шакллантиради.
“Давлат харидлари тўғрисида”ги Қонуннинг 35 ва 36-моддаларига биноан давлат буюртмачиси ўтказилган харид қилиш тартиб-таомиллари якунлари бўйича ғолиб бўлган таклифнинг акцепти тўғрисида 1 иш куни ичида қарор қабул қилади. Назарий жиҳатдан давлат буюртмачиси аукцион ғолиби билан шартнома тузишга мажбур эмас.
Агар аукционда ҳеч ким иштирок этмаган бўлса ёки 1 нафар иштирокчи иштирок этган бўлса, аукцион ўтказилмаган деб ҳисобланади ва ғолиб аниқланмайди, буюртмачи аукционни яна 5 кунга узайтиради. Аукционни узайтириш аввалги аукцион тамом бўлган пайтдан эътиборан 3 кун ичида буюртмачи томонидан амалга оширилади. Бунда буюртмачи бошланғич нархни, техник талабларни, хусусиятларни ёки техник топшириқни қайта кўриб чиқишга ҳақли.
Агар қайта аукцион “иштирокчиларнинг таклифлари мавжуд эмаслиги сабабли” ўтказилмаган деб топилган бўлса, давлат буюртмачиси кейинчалик аукционни узайтирмай, бошқа харид тартиб-таомили – танловни ўтказишга ҳақли (“Давлат харидлари тўғрисида”ги Қонуннинг 52-57-моддалари).
“Давлат харидлари тўғрисида”ги Қонуннинг 48-моддаси маъносига кўра, 1 нафар иштирокчи таклиф берган тақдирда ҳам қайта аукцион ўтказилмаган деб ҳисобланади. Бироқ кўриб чиқилаётган Низомнинг 44-бандида қайта аукцион ўтказилмаган деб топилиши учун асослар “таклифлар мавжуд эмаслиги сабабли”гача торайтирилган, бу 1 нафар иштирокчи иштирок этган тақдирда аукцион ўтказилган деб топилиши мумкин деган нотўғри хулосага олиб келиши мумкин.
Ўтказилмаган аукциондан кейин танлов қуйидаги хусусиятларни инобатга олган ҳолда ўтказилади:
• “Давлат харидлари тўғрисида”ги Қонуннинг 46-моддаси билан аукцион учун белгиланган давлат харидларининг қиймат мезонлари амал қилади;
• танлов ўтказилиши тўғрисидаги эълон иштирокчиларнинг таклифлари қабул қилинадиган муддатнинг тамом бўлиш санасидан камида ўн кун олдин давлат буюртмачиси томонидан махсус ахборот порталига жойлаштирилади;
• давлат харидларини амалга ошириш учун камида 5 кишидан иборат харид комиссияси тузилади.
Ҳужжат 28.05.2018 йилдан кучга кирди.
Мавзуга оид
01:13 / 21.11.2024
Белгиялик рассомнинг «Ёруғлик империяси» туркумига кирувчи картинаси 121,2 млн долларга сотилди
11:38 / 13.11.2024
Тошкентда пулли "парковка"лар ташкил этиш учун аукцион ўтказилади
18:43 / 16.08.2024
Тошкентда АҚШ элчихонаси эски хизмат автомобиллари аукциони қолдирилди
11:29 / 14.08.2024