Жамият | 18:35 / 31.05.2018
34147
6 дақиқада ўқилади

«Жорий солиқ тизимимиз ўқитувчи ва врачларга муносиб маош тўлашга изн бермайди»

Мустақил иқтисодчи Юлий Юсуповнинг ўқитувчилар ва врачларга нега кўпроқ маош тўлаш кераклиги ва бунинг учун солиқ тизимида қандай ислоҳотлар ўтказилиши кераклиги хусусидаги фикрларини Repost.uz сайти эълон қилди.

Солиқ ислоҳотига шошилмаслик тарафдорлари, иқтисодиётга солиқ юкини камайтиришга қаршиларнинг бош далили — гўёки мамлакатимизда ижтимоий ҳимояланганлик даражаси жуда юқори эканлигида. «Солиқ юкламасини камайтирмаслик керак, унинг бу даражада юқори эканлигига сабаб, биз ўқитувчилар, врачлар ва пенсионерларга кўп харажат қиламиз. Солиқ ислоҳоти бюджетга тушумларни камайтириши мумкин, бинобарин, бу ижтимоий ларзаларни келтириб чиқаради», — дейишади улар.

Чиндан ҳам, ижтимоий харажатлар бюджетимизда катта ўрин тутади, бюджет ва бюджетдан ташқари давлат фондлари орқали мамлакат ялпи ички маҳсулоти (ЯИМ) нинг камидан учдан бир қисми қайта тақсимланади. Бундай юқори солиқ юкламасини фақатгина жуда бадавлат давлатлар ўзига эп кўриши мумкин.

Ривожланаётган давлатларда мазкур кўрсаткич одатда 1,5–2 баробар кичик бўлади. Бу тушунарли: чунки иқтисодиётга солиқ юкламаси қанчалик катта бўлса, маҳаллий товарлар ва хизматлар ишлаб чиқариш харажатлари шунча катта, маҳаллий товарлар ва хизматлар рақобатбардошлиги паст, аҳолида иқтисодий ўсиш имкониятлари ва даромадларининг ошиши ҳам кам бўлади. Шу сабабли, ривожланиш даражаси бўйича бой давлатларни қувиб етмоқчи бўлсангиз, сиз ўзингизга катта солиқ юкини олмаслигингиз керак. Бундай юкни шундоқ ҳам бой бўлган, бировни қувиб етиши шарт бўлмаганлар ўзига эп кўриши мумкин.

Кеча бюджет ходимларининг ўртача ойлик иш ҳақлари ҳақидаги расмий маълумотлар эълон қилинди ва у мамлакат ижтимоий соҳасини жуда яхши характерлаб беради. Назаримда, бу ҳолат — энг ҳаққоний ижтимоий ларзанинг ўзгинаси. Ўзингиз ўйлаб кўринг:

Болалар боғчасининг олий маълумотга эга, 1,25 ставкада ишловчи тарбиячисининг маоши 1,25 миллион сўм — 150 доллардан бирозгина кўп экан. Барча устамалар билан умумтаълим мактабининг оддий бошланғич синф ўқитувчисининг ойлиги 1,6 миллион сўм ,яъни 200 доллар. Олий тоифали бошланғич синф ўқитувчисининг маоши — ўртача 1,9 миллион сўм. Биз ўзимизда бўлган энг қимматбаҳо неъмат — фарзандларимизни ишониб топширган одамлар шунча олишади.

Боз устига, бу суммаларга даромад солиғи ва суғурта бадали (8 фоиз) киритилган. Ҳали уларни тўлаш керак.Яъни, ўқитувчилар қўлига 20 фоизча камроқ пул олишади. Бизнинг «ижтимоий йўналтирилган» солиқ-бюджет тизимимизнинг яна бир хусусияти: даромад солиғининг максимал ставкаси 200 доллардан сал ортиқ суммадан бошлаб ҳисобланади (1,724 миллион сўмдан). Солиқ шкаласи ортиб борувчи бўлган жаҳоннинг исталган илғор давлатида максимал ставкалар жуда катта даромадлар, жуда бой инсонлар учун қўлланилади. Бизда эса ойлик даромади 200 доллардан ортиқ киши бадавлат ҳисобланмоқда экан.

Биз ўз ҳаётимизни ишониб топширган касб эгаларининг маоши ҳам фақирона. Масалан, туман марказий шифохонасида ишлаётган, малака тоифасисиз жарроҳ-врачнинг ойлик иш ҳақи — 1 миллион сўмдан кам. Турли устамалар (стаж учун, алоҳида шароитлар учун, моддий рағбатлантириш фондидан ажратма), шунингдек олий тоифага эга бўлса — 1,8 миллион сўм олади.

Мен дуч келган энг катта маош олий таълим муассасасининг фан доктори илмий даражасига эга бўлган, шунингдек моддий рағбатлантириш фондидан ҳамда кураторлик учун устамага эга бўлган профессорники экан— 3,4 млн сўм. Яъни, 400 доллардан сал ортиқроқ. Бу ҳам ҳали солиқ ва ажратмалар олинмагани ҳолатда (профессор максимал шакала бўйича солиқ тўлайди — бойларнинг бойи-ку у!) Биз бу ҳолатда илм-фанимизни олға бошловчи, келажагимиз учун масъул ҳисобланувчи малакали кадрлар тайёрлашда энг олдинги сафда бўлиши лозим бўлган инсоннинг даромадлари ҳақида гапираяпмиз. Ойига «тоза» 300 доллар маошга кун кўриши керак! XXI аср тушунчаларига кўра, ҳурматга энг кўп сазовор бўлиши ва энг кўп маош олиши лозим бўлган мутахассислар.

Бу қандай бўлаяптики, қачонки биз бюджет орқали даромадларимизнинг учдан бир қисмини қайта тақсимлаб, ижтимоий соҳанинг устуворлигини бот-бот такрорлаб, бу соҳаларда хизмат қилаётган ходимларни ҳаминқадар даромадга эга қилмоқдамиз? Эътибор қилинг, биз бу одамларга фарзандларимизни, соғлиғимизни ва келажагимизни ишониб топширмоқдамиз! Бундай ойлик маошлар билан ўзи ва оиласини қандай едириб-ичириш, кийинтириш, коммунал тўловларни тўлаш мумкин? Мана шундай ҳолатдан сўнг аслида бепул бўлган таълим ва тиббиёт соҳаларининг пуллик эканлигидан, хизматлар сифати паст эканлигидан, ижимоий соҳаларда коррупция илдиз отганидан ҳайратланиш керакми?

Ишларнинг бу алфозда эканлигига бош сабаблардан бири — мавжуд солиқ тизимидир. Айнан у иқтисодиётнинг ривожланишига, компаниялар ва инсонлар даромадларининг ўсишига (бинобарин, солиқ солинувчи базанинг ошишига) тўсиқ бўлмоқда. Айнан у солиқлардан қочиш, бизнес ва маошларни хуфёна тарзда олиб боришга сабаб бўлмоқда. Ва айнан унинг учун биз ўқитувчилар ва врачларга муносиб маош тўлай олмаяпмиз.

Ҳа, албатта, иқтисодиётимизнинг ривожланишига тўсқинлик қилаётган, даромадларни яширишга мажбурлаётган бошқа сабаблар ҳам бор. Бироқ уларнинг кўпчилиги (конвертациянинг йўқлиги, нақд пулга етишишни сунъий тарзда чеклаш, банк хизматлари қийматининг ҳаддан ташқари юқори эканлиги, бизнес юритиш учун ҳаддан зиёд маъмурий тўсиқлар ва ҳоказолар) ни бартараф этиш устида президент, ҳукумат, марказий банк тер тўкиб ишламоқда. Айни пайтда муваффақиятли иқтисодий ривожланиш учун бош тўсиқ (албатта, якка-ю ягонаси ҳам эмас) — мавжуд солиқ тизими бўлиб турибди. Айнан унинг ислоҳ этилиши (фақат тубдан ислоҳ этиш, имитацион ислоҳ эмас) — биринчи рақамли вазифадир.

Мавзуга оид