Жамият | 18:16 / 01.06.2018
21682
3 дақиқада ўқилади

Андижонда кузатув камералари 6 соат ичида 2678та қоидабузарликни қайд этди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 29 августдаги қарори билан «Хавфсиз шаҳар» мажмуаси босқичма-босқич амалга оширилиши кўзда тутилган. “Хавфсиз шаҳар” дастури бўйича жорий йилнинг 1 июнидан бошлаб Андижон шаҳридаги 7 та чорраҳада кузатув камералари ишга туширилди, дейилади Андижон вилояти ИИБ матбуот хизмати томонидан тақдим қилинган маълумотда.

Фото: Андижон вилояти ИИБ матбуот хизмати

Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, содир этилиши мумкин бўлган кўнгилсиз ҳолатларнинг олдини олиш, қоидабузарликлар сонини камайтириш ҳамда йўлларда ҳаракатланиш маданиятини ошириш мақсадида Андижон шаҳрининг транспорт воситалари серқатнов бўлган чорраҳаларига жами 98та видеокузатув камераси ўрнатилди. Шундан 53таси қоидабузарликларни аниқлаш учун бўлса, яна 45таси  видеокузатувни  амалга ошириш учун ишга туширилди. Мазкур камералар орқали қайд этилаётган ҳолатлар Андижон вилояти ИИБ навбатчилик қисмида ташкил этилган бошқарув тизимига фото ва видеотасвир ҳамда йўл ҳаракати қоидаларини бузганлиги юзасидан онлайн равишда шиша толали кабел орқали етказиб берилмоқда.

Фото: Андижон вилояти ИИБ матбуот хизмати

Автоматлаштирилган бошқарув тизими орқали светофорнинг тақиқловчи ишорасига бўйсунмаслик, йўл чизиғи талабларига риоя этмаслик, қарама-қарши ҳаракатланиш, тўхтатиш ва тўхтаб туриш қоидаларини бузиш қодабузарликлари аниқланади. У доимий равишда ходимлар томонидан назорат қилиб борилади. Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов бошчилигидаги мутасадди раҳбарларга  мазкур тизимнинг иш фаолияти, унинг имкониятлари атрофлича тушунтириб ўтилди.

Вилоят раҳбари томонидан старт тугмаси босилиб, соат 9:00дан бошлаб қоидабузарликларни автоматик тарзда қайд этиш тизими ишга тушди.

15:00га қадар ўтган 6 соат мобайнида жами транспортлар сони 178937тани, жами қоидабузарликлар 2678тани ташкил қилди. Шундан светофорнинг қизил чироғига 1729та,  йўл чизиғи талабларига риоя этмаслик бўйича 935та, тўхтатиш ва тўхтаб туриш қоидаларини бузиш бўйича 12та, қарама-қарши ҳаракатланиш бўйича 2та қоидабузарлик қайд этилди.

Фото: Андижон вилояти ИИБ матбуот хизмати

Шуни эслатиб ўтиш жоизки, қонун билан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга махсус автоматлаштирилган фото ва видео техник воситалари орқали қайд этилган йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун маъмурий жавобгарлик киритилган. Ҳаракат иштирокчилари шуни унутмасликлари керак-ки, қонунлар кимнидур жазолаш учун эмас, балки йўлларимизда хавфсизликни таъминлаш мақсадида қабул қилинади. 

Мавзуга оид