Спорт | 08:43 / 01.06.2018
12600
2 дақиқада ўқилади

«Умид қиламанки, у қачонлардир қайтади». Надаль Зиданга миннатдорлик билдирди 

Фото: AFP /Thomas Coex

Испаниялик теннисчи, Мадриднинг «Реал» клуби ишқибози бўлган Рафаэль Надаль Зайниддин Зидан жамоа бош мураббийи лавозимидан кетаётганидан афсусда эканини билдирди.

«Бу сюрприз бўлди, мен қатор сабабларга кўра унинг кетишига ишонгим келмаяпти. Биринчидан, у яхши мураббий ва клуб билан кўп нарсага эришди. Иккинчидан, у яхши, камтар инсон, тўғри қадриятларни ўзида акс эттиради ҳамда спорт ва ҳаётда мисол бўлади олади.

Зидан ҳар доим хотиржам бўлиб, ўйинчилар ва жамоага ишониб келди. У энг яхшисини танлашга ҳақли. Мен унга фақат миннатдорлик билдиришим мумкин. Умид қиламанки, Зидан қачонлардир «Реал»га қайтади», - дея Надалнинг сўзларини келтиради AS.

45 ёшли франциялик мутахассис «қаймоқранглиларга» 2016 йилдан бери устозлик қилиб келаётганди. Жамоа унинг қўл остида Чемпионлар лигасида уч бор ғалаба қозонди, икки марта УЕФА суперкубогида зафар қучди ва клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатида тенгсиз бўлди. Шунингдек, клуб Испания чемпиони ва Испания суперкубоги соҳибига айланди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Зидан «Реал»дан кетаётгани ҳақида маълум қилганди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид