Иқтисодиёт | 18:14 / 11.06.2018
10832
2 дақиқада ўқилади

iPhone'га талаб пасайгани ҳақида маълум қилинди

Фото: AP /Mark Lennihan

Apple корпорацияси ўз маҳсулотларига таркибий қисмлар етказиб берувчиларни iPhone смартфонларига бўлган талаб пасайиб бораётганидан огоҳлантирди. CNN телекомпанияси шу ҳақида хабар берди

Манбага кўра, Apple ўз маҳсулотлари таркибий қисмлари етказиб берувчиларига қурилмалар учун компонентларни ишлаб чиқаришни тахминан 20 фоизга пасайтириш ҳақида айтган. Бу компания унинг қурилмаларига бўлган талабнинг камайиб бораётганини тан олишидан далолат беради, дейилади материалда. 

Бир йил аввал корпорация компонентлар етказиб берувчи корхоналарига тахминан 100 миллион смартфон (iPhone 8, iPhone 8 Plus ва iPhone X) ишлаб чиқариш учун зарур бўлган таркибий қисмларга буюртма берганди. Бу йил эса Apple 80 миллион қурилма ишлаб чиқариш учун зарур бўлган  компонентларга буюртма қилган.

Манбада таъкидланишича, компания сармоячилари бундан аввал iPhone'нинг дунё миқёсидаги сотувлари борасида хавотирларини билдиришган. Жорий йилнинг биринчи чораги давомида Apple 52,2 миллион смартфон сотган. Таҳлилчилар бу рақамлар 53 миллиондан ортиқни қайд этишини тахмин қилишган эди. Жума куни Apple акциялари 2 фоизга пасайди.

1976 йилда асос солинган Apple корпорацияси iPhone смартфонлари, iPad планшетлари, iMac компьютерлари, MacBook ноутбуклари, iPod мусиқий плеерлари ва бошқа техникаларни ишлаб чиқаради. Штаб-квартираси Купертино (Калифорния штати)да жойлашган компаниянинг бозор капитализацияси 900 миллиард доллардан ошади.

Мавзуга оид