Жамият | 12:56 / 20.06.2018
5507
3 дақиқада ўқилади

“Қорадори – 2018” тадбири давомида 243 килограмм наркотик моддалар олинди

Иллюстратив фото

“Қорадори – 2018” тадбири давомида қарийб 1,5 минг кв.м ер майдонида етиштирилаётган гиёҳвандлик воситаси аниқланиб, йўқ қилинди. Олинган наркотик моддалар миқдори 243 килограммни ташкил этди. Бу ҳақда ЎзА хабар берган.

Агентлик бу жараёнга доир қатор мисолларни келтирган. 

Хоразм вилоятида ўтказилган “Қорадори –2018” тадбирида Боғот туманида яшовчи М.Х. шахсий томорқасида 3 минг 312 туп кўкнори гиёҳвандлик ўсимлигини экиб, парваришлаб келаётганлиги аниқланди. Боз устига томорқанинг бир четига бекитиб қўйилган 10 килограмм кўкнори гиёҳвандлик воситаси борлиги ҳам маълум бўлди. 

Самарқанд вилоятида ўтказилган тадбирда эса Иштихон туманида яшовчи А.С.нинг шахсий томорқасида 375 туп кўкнори гиёҳвандлик ўсимлиги етиштирилаётгани аниқланди. Бу фуқаро ҳовлисининг том қисмига 56 килограмм кўкнори гиёҳвандлик воситасини яшириб қўйгани аён бўлди. 

“Қорадори – 2018” тадбири давомида Фарғона вилоятининг Риштон ва Қўштепа туманларида вертолёт ёрдамида назоратли учишлар амалга оширилди. Риштон туманида яшовчи И.Ш.нинг шахсий томорқасида кўкнори гиёҳвандлик ўсимлиги етиштирилаётгани аниқланди. Унинг омборхонасидан эса 1 килограмм кўкнори гиёҳвандлик воситаси олинди. 

Тезкор маълумотларга асосан ўтказилган тезкор тадбир натижасида Фарғона вилояти Олтиариқ туманида яшовчи Э.Б. Қирғизистон Республикасидан айланма йўллар орқали контрабанда йўли билан олиб ўтилган 1 килограмм гашиш гиёҳвандлик воситасини 7 минг доллар эвазига сотаётган вақтида ушланди. 

Навоий ва Самарқанд вилоятларида ўтказилган тадбир давомида Иштихон туманида яшовчи Д.Х. Навоий шаҳрида 2,5 миллион сўм эвазига 18 грамм марихуана гиёҳвандлик воситасини сотаётган вақтида ушланди. Унинг яшаш уйи кўздан кечирилганда 245 грамм марихуана гиёҳвандлик воситаси борлиги аниқланди. 

«Қорадори – 2018» тадбири давомида олиб борилган ишлар натижасида гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ барча аниқланган ҳолатлар жами 684 тани ташкил этди. 

Ушбу ҳолатлар юзасидан 550 нафар шахс қўлга олинди. Тадбир давомида «Таркибида гиёҳвандлик воситаси бўлган ўсимликларни етиштириш ҳолатлари» борасида сўз борганда жами 406 ҳолат аниқланган бўлиб, қарийб 1,5 минг кв.м ер майдонида гиёҳвандлик воситаси етиштирилаётгани аниқланган. Мазкур ҳолатлар бўйича олинган наркотик моддалар миқдори 243 килограммдан зиёдни ташкил этди. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид