А ва В гуруҳлари: Кимда қандай имконият?
Жаҳон чемпионати ўз экваторига етиб келди ва гуруҳ босқичи ўйинлари ҳал қилувчи паллага кирмоқда. Бугун А ва В гуруҳларида ғолиблар ва омадсизлар ҳал бўлади. Эътиборингизни ушбу гуруҳдаги жамоаларнинг имкониятлари ва бу ўйинлар жавоб бериши мумкин бўлган асосий саволларга қаратамиз.
А гуруҳи
А гуруҳи таҳлил қилиш учун энг осон гуруҳдир. Бу ерда кейинги босқичда ўтганлар ҳам, бугунги ўйиндан сўнг Россияни тарк этадиганлар ҳам расман маълум бўлиб улгурган. Ягона муҳим савол – гуруҳ ғолиби ким бўлади? Тўплар нисбатига кўра, Россия терма жамоаси ҳозирча гуруҳда пешқадам бўлиб турибди. Демак бугунги ўйиндаги дуранг русларни кейинги босқичда 1-ўриндан чиқишига имкон яратади.
Аслида, бу гуруҳда қайси ўринни олиш стратегик томондан у қадар катта аҳамиятга эга эмаслигига эътибор бериш керак. Чунки, бу гуруҳ ғолиблари В гуруҳи ғолибларига рақиб бўлади. В гуруҳида ҳам, яққол фаворит йўқлигини, бунинг устига ўша гуруҳда қайси жамоа биринчи ёки иккинчи ўринни олиши ҳали аниқ эмаслигини назарда тутсак, фикримиз янада қатъийлашиши мумкин. Мисол учун, А гуруҳида 1-ўринни олиб, Испания билан ўйнаш ҳам, 2-ўринни олиб, Эрон билан ўйнаш ҳам мумкин.
Шундай бўлса ҳам, ўз майдонида тўп сураётган Россия терма жамоаси ҳар бир ўйинда ғалаба учун ўйнашга уринса керак. Тарихида биринчи маротаба плей-оффга ўтган Россия гуруҳ ўйинларини учта ғалаба билан якунлашга ҳаракат қилиши табиий ҳол.
Миср терма жамоаси ўз тарихида бирор марта ҳам ғалаба қозонмаган. Саудия Арабистони эса, 24 йил муқаддам, ўзининг илк жаҳон чемпионатида ғалаба қозонганидан буён, бундай бахтга эришгани йўқ. Турнир нуқтаи назаридан аҳамиятсиз бўлган араб дербисида ҳам ўзига яраша интригалар борлигини эътироф этиш лозим.
19:00. Уругвай - Россия
19:00 Саудия Арабистони - Миср
В гуруҳи
Бу гуруҳда ҳам пешқадамлар бир хил очко жамғаришган, ҳатто тўплар нисбати бўйича ҳам бир хил кўрсаткич қайд этишган. Аммо фарқли томони, бу гуруҳда пешқадамлар параллел тарзда рақобат олиб боришади.
Португалияга бироз қийинроқ бўлиши мумкин, чунки унинг рақиби – Эрон, кейинги босқичга чиқиш имкониятини йўқотмаган. Эронликлар агар Португалия устидан ғалаба қозонишса, нариги ўйин натижасидан қатъи назар плей-офф йўлланмасини қўлга киритишади. Демак, Эрон ва Португалия ўртасидаги ўйинни бемалол, йўлланма учун кураш дейишимиз мумкин. Испания учун эса, вазифа бироз осонроқ. Барча имкониятдан маҳрум бўлиб улгурган Марокаш билан ўйинда дуранг қайд этса ҳам, кейинги босқичга чиқади.
Испания ва Португалия бир хил натижа қайд этса, қайси жамоа юқорироқ ўринга жойлашиши масаласи ҳам ҳали очиқ турибди. Регламентга кўра, икки жамоа тенг бўлиб қолганда, аввалига тўплар нисбати, кейин эса, ўзаро ўйиндаги натижа эътиборга олинади – бу кўрсаткичлар бўйича ҳозирча жамоалар тенг бўлиб турибди. Бу тенглик агар сўнгги ўйинлардан кейин ҳам сақланиб қолса, Fair Play кўрсаткичларига, яъни жамоалар футболчиларига кўрсатилган сариқ ва қизил карточкаларга эътибор берилади. Ҳозирча испанлар атиги бир маротаба ҳакам томонидан огоҳлантирилганлар, Португалияда эса, сариқ карточкалар сони – 2та.
Демак ҳамюртимиз Равшан Эрматовнинг қаттиққўл ёки бағрикенглиги ҳам бу гуруҳ масаласига таъсир қилиши мумкин экан. Яъни, бизга яхши маълумки, Испания – Марокаш ўртасидаги ўйин Эрматовга ишониб топширилган.
23:00 Испания – Марокаш
23:00 Эрон - Португалия
Мавзуга оид
02:21 / 07.12.2022
ЖЧ-2022. Португалия Швейцарияга 6та гол уриб, чоракфиналнинг сўнгги иштирокчисига айланди
02:21 / 02.12.2022
ЖЧ-2022. Япония Испания устидан иродали ғалабага эришиб 1-ўрин билан 1/8 финалга чиқди, Германия яна гуруҳда қолиб кетди
02:16 / 29.11.2022
ЖЧ-2022. Португалия Уругвайни мағлубиятга учратиб, 1/8 финалга йўл олган 3-жамоага айланди
02:25 / 28.11.2022