Ўзбекистон | 22:22 / 25.06.2018
24479
2 дақиқада ўқилади

Kun.uz таҳририятининг расмий баёноти

Қисқа муддат ичида Kun.uz​, Xabar.uz, Qalampir.uz, Sof.uz ва Azon.uz сайтлари билан юз берган техник носозлик масаласи юзасидан таҳририятлар мутасаддилари бир қанча расмий шахслар билан учрашди.

25 июнь куни Kun.uz​, Xabar.uz ва Qalampir.uz сайтлари раҳбарлари билан Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялар ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Азим Ахмедхаджаев ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Унда Ахмедхаджаев юзага келган техник муаммоларни зудлик билан ҳал этишда вазирлик ваколати доирасида барча ёрдам кўрсатилишини билдирди.

Учрашув чоғида интернет-нашрлари ва АКТ вазирлиги ўртасидаги ҳамкорлик масалалари, ахборот хавфсизлигини таъминлаш, электрон ОАВни қийнаб келаётган бошқа масалаларни ҳал этиш ҳақида ҳам сўз борди.

Ҳурматли Kun.uz муштарийлари!

Ушбу муносабат билан ижтимоий тармоқ ва бошқа интернет сегментларида тарқатилаётган текширилмаган хабарлардан сақланишингизни тавсия қиламиз. Эркин ва мустақил журналистика катта ислоҳотларга юз бурган Ўзбекистоннинг ажралмас бир қисми бўлиб, сўнгги пайтда давлат раҳбари, ҳукумат аъзолари ва парламентарийлар бунга катта аҳамият бермоқда.

Kun.uz сайти билан юз берган техник носозлик тез орада бартараф этилиши устида иш олиб борилмоқда. Бизни кузатиб боришингиздан мамнунмиз.

Мавзуга оид