E ва F гуруҳлари: Жар ёқасидаги жанглар
Бугун яна икки гуруҳда учрашувлар ўз ниҳоясига етади. Аввалги гуруҳлардан фарқли жиҳат шундаки, бугун майдонга тушадиган 8 жамоа ичида ҳали бирортаси ҳам кейинги босқич масаласини тўлиқ ҳал қилиб улгургани йўқ. Ҳатто икки ўйинда юз фоизлик натижа кўрсатган Мексика ҳам.
Саккиз жамоадан еттитасида кейинги босқичга чиқиш учун яхшигина имконият бор. Демак, бугунги ўйинлар янада қизиқарли ва шиддатли кечади.
F гуруҳи
Ҳакам томонидан қўшиб берилган пайтда, жамоасининг гол уриш учун сўнгги имкониятини ўз зиммасини олган Тони Кроос ажойиб зарбани ижро этганда, балким, Робин Ольсен қўриқлаётган дарвоза манзилнинг охиридек кўрингандир. Кроос, жамоадошлари ва мухлислар учун. Лекин бу йўлнинг бошланиши эди, ўша гол Германияга бор йўғи гуруҳдан чиқиш учун курашиш имкониятини сақлаб қолди холос. Эртакнинг давоми бугун...
Иоахим Лёв шогирдлари нимчорак финалга чиқиш учун Жанубий Корея устидан ғалаба қозонишлари керак бўлади. Бу гуруҳда уч жамоа тенг – 6 очкодан олиши мумкинлигини эътиборга олсак, немислар 2 тўп фарқи билан ғалаба қозонишлари керак, ана ўшанда нариги ўйин натижасидан қатъи назар, гуруҳда камида 2-ўринни сақлаб қолишади.
Дуранг ҳам Германияни кейинги босқичга олиб чиқиши мумкин, бунинг учун Швеция терма жамоаси Мексикадан мағлуб бўлиши керак. Агар ҳар икки ўйин ҳам дуранг билан якунланса, кўпроқ гол урган жамоанинг омади келади. Айтайлик, Мексика – Швеция 1-1 ва Германия – Корея 0:0 ҳисобида тугаса, шведлар 2-ўринга чиқиб олишади.
Қизиқ томони шундаки, бу гуруҳда 2 ўйинда ғалаба қозонган Мексика сўнгги турда ютқазиб, учинчи ўринга тушиб кетиши ёки аксинча, ҳали бирорта ҳам ғалаба қозона олмаган Жанубий Корея бугун ғалаба қозониб, 2-ўринга чиқиб олиши мумкин. Яъни уч жамоа 6 очко тўплаши ёки уч жамоа бир хил – 3 очкога эга бўлиб қолиши эҳтимоли мавжуд. Асосий ўринда тўплар нисбати туришини эътиборга олсак, бу ўйинлардаги ҳар бир голнинг қиймати жуда юксакдир.
Томоша қилиш учун эса, Мексика – Швеция ўйинини тавсия қиламиз. Чунки бу ўйинда ҳар икки жамоанинг тақдири ўз қўлида. Швеция ғалаба қозонса, кейинги босқичга чиқади, Мексикани эса, гуруҳда пешқадам бўлиб қолиши учун дуранг кифоя қилади.
19.00 Жанубий Корея – Германия
19.00 Мексика - Швеция
Е гуруҳи
Юқорида тилга олинган гуруҳда 2-ўрин катта эҳтимол билан Германияга тегиши мумкинлиги инобатга олсак, нимчорак финалда бизни даҳшатли жуфтлик кутиб турган бўлиши мумкин.
Ҳозирча, Е гуруҳида Бразилия терма жамоаси тўплар нисбати бўйича пешқадам бўлиб турибди ва агар бу ҳолат ўзгармаса, Бразилия – Германия ўйинини биз плей-оффнинг дастлабки босқичидаёқ гувоҳи бўламиз. Балки Бразилия учун Мексика осонроқ рақиб туюлиши мумкин, лекин қизиқ томони, бемалол рақиб танлаш имконияти Бразилияда йўқ. Чунки унинг бугунги рақиби Сербия терма жамоасини кейинги босқичга чиқиш учун фақат ғалаба қониқтиради. Дуранг Бразилия учун плей-оффга чиқиш учун, айниқса, 2-ўринни олиб, осонроқ “сетка”га ўтиб олиш учун айни муддаодир, аммо гуруҳлардаги сўнгги турдаги воқеаларни эсласак, бу жуда катта таҳликадир. Чунки ўйин охирида гол ўтказиб юбориб, умуман плей-оффсиз қолиш имконияти бор. Шунинг учун ҳам, Бразилия ҳаммасига жиддий ёндошиши ва кейинги босқичдаги рақиблар ҳақида ўйламай, имкон қадар ғалаба қозониш ва рақибига имконият қолдирмаслик учун майдонга тушиши табиий.
Демак, қисқача айтганда, Бразилияни Сербия билан ўйинда ғалаба ва дуранг қониқтиради. Сербия эса, гуруҳдан чиқиши учун ғалаба қозониши керак. Тўғри, серблар дуранг ўйнаб ҳам гуруҳда 2-ўринни олишлари мумкин, аммо бунинг учун Швейцария Коста Рикага икки тўп фарқи билан ютқазиши керак бўлади. Бразилия ҳам мағлубиятга учраб туриб, гуруҳдан чиқиши учун, худди шу воқеа – Швейцария Коста Рикадан мағлубиятга учраши лозим бўлади.
Бу гуруҳда Коста Рика терма жамоасидагина умуман имконият қолмаган.
23.00 Швейцария – Коста Рика
23.00 Сербия - Бразилия
Мавзуга оид
18:54 / 10.12.2019
ЖЧ-2018 мезбонлиги коррупция орқали қўлга киритилган бўлиши мумкин
08:19 / 04.12.2018
Инфантино G20 иштирокчиларига ЖЧ-2018 тўпларини совға қилди
12:53 / 09.11.2018
Роналдунинг ҳет-триги - энг ёқимли хотира. ЖЧ-2018нинг энг эсда қоларли лаҳзалари аниқланди
01:41 / 25.09.2018