Катта миқдордаги ўғрилик учун ҳукм ўқилди
2018 йил 11июнь куни жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туман судида раислик қилувчи судья Ф.Тураходжаев бошчилигида очиқ суд мажлиси бўлиб ўтди. Судланувчилар У.Абдурахимов ва Р.Зияевларга нисбатан жиноят иши кўриб чиқилди.
Аниқланишича, Абдурахимов Умиджон Азим ўғли Тошкент шаҳар, Мирзо Улуғбек тумани, Орол 1-тор кўчаси, 48-уйда истиқомат қилувчи Шадиева Гулнора Бахрамовнанинг уйида ёлланма ҳайдовчилик қилиб юриб, ўзгалар мулкини яширин равишда талон-торож қилиш мақсадида, дастлаб,2016 йилнинг сентябрь ойидан 2017 йилнинг 20 январь кунига қадар бўлган вақт оралиғида, мазкур хонадонга эркин ҳолда кириб юрганлигидан фойдаланиб, Г.Шадиевага жами 26.000 АҚШ доллари миқдорида заргарлик буюмлари ва пул маблағларини ўғирлаш натижасида моддий зарар етказган.
Бундан ташқари, судланувчи У.Абдурахимов хавфли рецидивист бўлган ҳолда Зияев Рустам Гайратович билан такроран ўзгалар мулкини яширин равишда талон-торож қилиш мақсадида, олдиндан жиноий тил бириктириб, жиноий режага асосан 2017 йилнинг сентябрь ойининг бошларидан 2017 йилнинг 19 ноябрь кунига қадар бўлган вақт оралиғида,Г.Шадиевага жами 39.000 АҚШ доллари миқдорда заргарлик буюмлари ва пул маблағларини ўғирлаш натижасида моддий зарар етказиб, ҳодиса жойидан яширинганлар.
Суд У.Абдурахимовга Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 169-моддаси (ўғрилик) 3-қисми “в” банди (кўп миқдорда) ва 4-қисми “а” банди (жуда кўп миқдорда) ва ЖК 60-моддасига (бир неча ҳукм юзасидан жазо тайинлаш) асосан тайинланган жазоларини қисман қўшиш йўли билан Абдурахимов Умиджон Азим ўғлига 9йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Р.Зияевга нисбатан эса Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 169-моддаси 4-қисми “а” банди ва ЖК 60,61-моддаларига (бир неча ҳукм юзасидан жазо тайинлаш, жазоларни қўшишнинг ҳисоблаш қоидалари)асосан тайинланган жазога жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман судининг 2016 йил 5 мартдаги ҳукмига кўра тайинланган жазонинг ўталмаган қисмини қисман қўшиш йўли билан узил-кесил 8йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Ҳукм қонуний кучга киргандан сўнг қуйидаги зарарлар ундирилиши белгиланди:
- судланувчи У.Абдурахимов ва Р.Зияевлардан солидар тартибда жабрланувчи Г.Шадиева фойдасига 37.800 (ўттиз етти минг саккиз юз) АҚШ доллари моддий зарар ундириладиган кундаги АҚШ долларининг Ўзбекистон Республикаси сўмига нисбатан қийматда Ўзбекистон Республикаси сўмида;
- судланувчи Абдурахимов Умиджон Азим ўғлидан жабрланувчи Г.Шадиева фойдасига 26.000 (йигирма олти минг) АҚШ доллари моддий зарар ундириладиган кундаги АҚШ долларининг Ўзбекистон Республикаси сўмига нисбатан қийматда Ўзбекистон Республикаси сўмида ундириш белгиланди.
Ҳукмдан норози тарафлар ҳукм эълон қилинган кундан бошлаб, судланувчи ва жабрланувчи ҳукм нусхасини олган кундан бошлаб, ўн сутка ичида жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судининг апелляция инстанциясига, ҳукм қонуний кучга киргандан сўнг эса жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди кассация инстанцияси судлов ҳайъатига шикоят бериши ёки протест билдириши мумкинлиги тушунтириб ўтилди.
Мавзуга оид
17:48 / 22.11.2024
Жисмоний шахсларга давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тартиби белгиланди
11:25 / 21.11.2024
2024 йилда 30 мингдан ортиқ ўзбекистонликлар туҳмат ва ҳақорат қилгани учун судланди
22:25 / 12.11.2024
Суд Поп тумани ҳокимининг ўғлини қамоққа қайтарди
10:16 / 12.11.2024