Спорт | 15:50 / 01.07.2018
16781
7 дақиқада ўқилади

Россия vs Испания: Руслар учун ҳаёт-мамот ўйини

Бугун, 1 июль куни жаҳон чемпионати нимчорак финал учрашувлари давом эттирилади. Дастлабки ўйин мезбон Россия термаси ҳамда мундиал фаворитларидан бири сифатида эътироф этилаётган Испания терма жамоаси ўртасида кечади. Беллашув Тошкент вақти билан соат 19:00да бошланади. Учрашувни нидерландиялик Бёрн Куйперс бошчилигидаги ҳакамлар бригадаси бошқаради.

Черчесов Ҳиддинк билан нимани муҳокама қилди?

Фото: Спорт-Экспресс

Россия термаси мухлисларини хурсанд қилувчи бир факт бор. Шу вақтгача Испания термаси жаҳон чемпионатларида ҳам, Европа чемпионатларида ҳам мезбон жамоани енга олмаган. Бирон марта ҳам.

Испанлар Россияда бу мистик серияга барҳам беришадими? Қайд этиш керакки, «қизил фурия» 2002 йилда Гуус Ҳиддинк бошқарувидаги Жанубий Кореяга ҳам (чорак финалда, пенальтилар сериясида) ютқазганди.

Россия термаси тарихидаги энг яхши натижани қайд этган Гуус Ҳиддинк шу кунларда Станислав Черчесов таклифига кўра уникида меҳмон бўлди. Унинг ташрифи ОАВда кенг ёритилди. Улар узоқ вақт давомида нимани муҳокама қилишгани номаълум бўлиб қолмоқда. Ҳиддинк камералар қаршисида узоқ вақт бўлмади ва жўнаб кетди. 

Қайд этиш жоизки, Ҳиддинкнинг Кореясига 16 йил муқаддам мисрлик ҳакам Жамол Гандур ёрдам бериб юборганди. У пиренеяликларнинг 2 голини ҳисобга олмаганди. Лекин ўшанда корейсларнинг ўзи ҳам матонат кўрсатган, қолаверса, улар нимчорак финалда Италияга қарши ўйиндан кейин рақибга қараганда икки кун кам дам олишганди.

Кейинчалик Испаниянинг ўша таркибида бўлган футболчилар бу натижа ҳақида шундай эслашди. Икер Касильяс: «Биз ўзимиз эга бўлган имкониятлардан фойдаланишимиз керак эди». Гаиска Мендьета: «Мен биздан ғалабани ўғирлашди, деган фикрдан йироқман. Яхшиси, Морьентес ёки бошқа ҳужумчилар гол уролмаган вазиятларни эслайлик. Менимча, бу ўйиндаги ҳакамлик даражаси жаҳон чемпионати даражасида бўлди. Ҳа, биз икки гол урдик, аммо иккисини ҳам офсайддан».

Кўрамиз, бугунги ўйинда ҳакамлик қандай бўлади? 

Россияга Лопетеги можароси ёрдам берадими?

Фото: Real Madrid

Кўпчилик эътибор бермаслиги мумкин, лекин Испания гуруҳ босқичида 3 ўйинда (икки дуранг ва бир ғалаба) 5та гол ўтказди - Россия ўз уйида Марокаш ва Эрончалик бўла олмайди. Буни эса ЖЧ-2018 бошланишига бир кун қолганида испанларда бош мураббий Хулен Лопетеги ишдан кетишига ҳам боғлаш мумкин, унинг кетиши жамоа ўйинига маълум даражада таъсир кўрсатган.

Флорентино Перес Лопетеги билан шартнома жаҳон чемпионатидан кейин эмас, олдин эълон қилинишини истади. Ҳолбуки, федерация мураббийнинг қарорини билганидан кейин бир неча ҳафта сабр қилишни сўраганди.

Мураббий истеъфога чиқариб юборилиб, унинг ўрнига вақтинчаликка Фернандо Йерро олиб келинганидан кейин, кўпчилик Лопетегини танқид қилишга киришиб кетди. Испания термаси сардори Серхио Рамос эса «Реал»нинг янги бош мураббийини ҳимоя қилиб чиқди ва мураббийнинг истеъфога чиқарилишини қоралади. У ёлғиз эмасди. «Барселона» футболчилари эса бу ҳолатдан шокка тушишганди, улар терма жамоа мураббийидан буни кутишмаганди. Лопетеги жамоани иккига бўлиб юборди.

Унинг ўрнига келган бошқа бир собиқ футболчи («Реал»нинг собиқ футболчиси) Фернандо Йерро шу вақтга қадар терма жамоа тугул, Примера клубларида ҳам ишламаганди. У футболчилик вақтида зўр сардор эди, аммо сардор эди. У вазият тоқазо этгани учунгина мураббийликка рози бўлди.

Россияга осонроқ рақиб тушиши ҳам мумкин эди, охирги турнинг охирги дақиқаларида Эрон яна битта гол урганида Россияга эронликлар рақиб бўларди, агар ўша ўйинда эронликлар ўйин охирида ҳисобни тенглаштиришмаганида Испания эмас, Португалия гуруҳдан биринчи ўрин билан чиқиб, русларга рўбару келарди.

Россия турнир арафасида жароҳатлар туфайли кўп йўқотишларга учради, натижада Жикия ва Васин ўрнига Игнашевич таркибга қайтарилди.

Испания билан ўйинда Черчесов шогирдлари Уругвай билан ўйиндаги хатоларни такрорламасликлари керак. Бундай даражадаги терма жамоалар хатоларни жойида жазолайдилар. 

Рақиб ҳақида сўз йўқ

Фото: Спорт-Экспресс

Дзюба ўйинга икки кун қолганида интервью берди.

«Биз майдонда ўлишга тайёр бўлиб ўйнашимиз керак. 200-300 фоиз куч билан ҳаракат қилишимиз керак. Ўшандагина имкониятлар бўлиши мумкин. Биз шу орзу билан яшамоқдамиз, биз бу орзуга етишишга муносибмиз. Натижа кўрсатиб, барчани ҳайратлантиришни жуда ҳам истаяпмиз!» 

«Биз қилган ишни такрорлаш қийин. Россиядаги жаҳон чемпионати! Бу қирқ кун бир кундек. Бутун стадион жўр бўлиб мадҳияни куйлаётганида баданимиз жимирлайди. Бунинг учун спортчи бўлганингдан хурсанд бўласан»

«Биз турнирдаги иштирокимизни тугатмоқчи эмасмиз. Биз кўпроғини истаймиз»

Артём Дзюба фақат ҳиссиёт билан гапирган. 

Аммо у рақибни қандай енгиш мумкинлиги ҳақида гапирмаган. Бошқалар ҳам ҳеч нарса демаяпти. Улар фақат позитив билан енгишмоқчи.

Россия ўз тарихида ҳеч қачон жаҳон чемпионатида плей-оффда ғолиб бўлмаган. Россиянинг халқаро турнирлардаги энг яхши натижаси 2008 йили Европа чемпионатида рўй берганди, ўшанда, 26 июнь куни Нидерландия устидан чорак финалда қўлга киритилган тарихий ғалабадан кейин Ҳиддинк жамоасини ярим финалда Испания тўхтатганди.

СССР терма жамоаси эса жаҳон чемпионатлари ва Европа чемпионатларида иккинчи ойга 4 марта ўйнаган. Европа чемпионати доирасида 1960 йилнинг 6 июлида ва 10 июлида ўтказилган ярим финал ва финал учрашувларида ғалаба қозонганди.

1 июль куни ҳам руслар бир марта ўйнаган. 1982 йили ЖЧ доирасида Бельгияга қарши. Ўша ўйинда ҳам СССР 1:0 ҳисобида зафар қучишган.

Руслар ўз тарихида Испанияни халқаро турнирда бир марта мағлуб этишган, бу 1972 йилги Европа чемпионатига тўғри келади.

Испания эса ўз тарихида бирон марта ҳам халқаро турнирда мезбон жамоани мағлуб эта олмаган.

Испания - Россия
1 июль. Москва. «Лужники» стадиони. 19.00 (Россия 1).
Ҳакамлар: КАЙПЕРС, ван Рукел, Зайнстра (барчаси - Голландия).
Дисквалификация қилинганлар: йўқ - Смольников.

Мавзуга оид