Спорт | 16:06 / 02.07.2018
17860
5 дақиқада ўқилади

Бельгия чемпион бўлишга тайёр

Бугун Ростов-на-Донуда Япония ва Бельгия терма жамоалари чорак финалда ким ўйнашини аниқлаб олишади. Қуйида терма жамоаларнинг имкониятларига баҳо берилади.

Бельгиянинг олтин авлоди

Гуруҳ босқичида барча учрашувларда ғалаба қозонган Бельгия бу сафар ҳам чемпионлик учун жиддий даъвогар эканини намойиш этди. Бельгияликлар Россиядан кейин иккинчи бўлиб гуруҳ босқичини ҳал қилишди. G гуруҳида Панамани (3:0), Тунисни (5:2) ва Англияни (1:0) мағлуб этган Роберто Мартинес шогирдлари жами 9 гол уриб, гуруҳ босқичидани энг самарадор жамоа бўлди. 

Бельгияликларнинг самарадорлиги Бельгиядаги электрон товарлар билан савдо қилувчи тармоқнинг бир ташаббусига сабаб бўлди. Бу тармоқ акция ўтказиб, агар Бельгия турнир давомида жами 15тадан ортиқ гол урса, шу акция давомида сотиб олинган телевизорларнинг пулини қайтаришни ваъда қилди.  

«Менинг дўстларим телевизор харид қилишди. Шу туфайли мен кўпроқ гол уришим керак, бу орқали мен уларга телевизор ҳадя этган бўламан», дейди терма жамоа етакчи футболчиларидан бири Дрис Мертенс. Ҳозирча унинг ҳисобида фақат битта гол бор.

Японча шармандалик

Японлар турнирни кўпчилик учун кутилмаган ҳолда гуруҳ фаворити Колумбия устидан 2:1 ҳисобида ғалаба қозониш билан бошлади. Сенегалга қарши кечган иккинчи тур ўйинида мардонаворлик кўрсатиб, охирги дақиқаларда навбатдаги очко келтирувчи голни уришди (2:2). Охирги турда эса Польшага кичик ҳисобдаги мағлубият (0:1) уларга фейр-плей қоидаси бўйича плей-оффга чиқиш имконини берди. Японлар қўшимча кўрсаткичлар (нисбатан кам сариқ карточкалар) бўйича очколар ва тўплар нисбати ўзлариники билан бир хил бўлган Сенегални ортда қолдиришди.

Аммо полякларга қарши ўйиннинг охирги 15 дақиқасида японларнинг ҳаракатлари «тоза футбол» ва фейр-плейга батамом зид эди. Нариги ўйинда Колумбия Сенегал устидан ғалаба қозонаётганини билган японлар (колумбияликларга ҳам ғалаба жуда зарур эди) футбол ўйнашни тўхтатиб қўйишди. Улар шунчалик вақтни чўзишдики, Польша таркибида юбилей 100-учрашувини ўтказмоқчи бўлган Блашчиковски ниятига ета олмади, японлар тўпни фақат бир-бирига узатиш билан вақтни ўлдиришгани учун, футболчи алмаштиришнинг имкони бўлмади.

260 сония ичида «Кўк самурайлар» бир-бирларига 80 марта узлуксиз тўп узатишди. Турнирни муддатидан аввал тарк этиб бўлган польяклар ҳам олдинга боришмади ва ҳакам ҳуштаги чалинишини кутиб, ғалабани сақлаб қолишди. Япония ўз тарихида учинчи марта жаҳон чемпионатининг плей-офф босқичига чиқди. Аммо самурайлар кодексида бундай шармандалик учун харакири белгиланган.

Ҳонданинг узри

Фото: AFP

Осиёликларнинг жаҳон чемпионатларидаги энг яхши тўпурари Кейсуки Ҳонда (10 ўйинда 4 гол) ўз жамоасининг бундай йўл тутгани учун узр сўради. У муҳими гуруҳдан чиқиш бўлганини айтди ва мухлисларнинг бундай зерикарли футболдан норози эканини тўғри тушунишини билдириб, кечирим сўради.

Япония учинчи марта гуруҳдан чиққан. Бунгача японлар ўз майдонларида бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида плей-оффда ўйнаб, биринчи босқичдаёқ Туркияга ютқазишган (0:1), ЖАР майдонларида ўтказилган 2010 йилги мундиалда эса нимчорак финалда японларни Парагвай пенальтилар сериясида мағлуб қилганди (0:0, пенальтилар бўйича 5:3).

Бир бош баланд сакраш вазифаси

Эден Азар, Кевин Де Брейне, Ромелу Лукаку ва бошқалар, Бельгиянинг олтин авлоди учинчи марта йирик халқаро турнирга катта умидлар уйғотиб ташриф буюрган, мухлислар кейинги йилларда бу жамоадан кўп нарса кутишмоқда, аммо ҳар сафар ишончлар оқланмаяпти. Улар Бразилия мундиалида ҳам яхши иштирок этишган ва чорак финалга чиқишганди. Энди улардан бу натижани яхшилаш талаб этилади. Қолаверса, улар Бельгия тарихидаги энг юқори чўққи, ярим финални ҳам янгилашлари керак. Бельгия 1986 йилги жаҳон чемпионатида нимчорак финалда СССР терма жамоасини мағлуб этган (4:3), чорак финалда Испания пенальтилар сериясида ожиз қолдирилган (1:1, 5:4), аммо ярим финалда кейинчалик чемпион бўлган Диего Марадона бошчилигидаги Аргентина томонидан тўхтатилганди (2:0). Бельгияликлар учинчи ўрин учун баҳсда Францияга мағлуб бўлишган (2:4).

Куртуанинг тайёргарлиги
Тибо Куртуанинг ўзи ўйиндан олдин интервью берди. У турнирдан аввал инглизлар атайлаб иккинчи ўринда қолишни маъқул кўришини кутмаганини, энди улар Японияга қарши ўйин арафасида кейинги босқичда бразилларга рақиб бўлишлари мумкинлиги ҳақида ўйлаётганини гапириб берди. 

«Бизнинг терма жамоа кейинги икки ўйинда барчага биз чемпион бўлишга тайёрлигимизни намойиш этади», деган дарвозабон.

Ростан ҳам Бельгия чемпионликка тайёрми?

БЕЛЬГИЯ – ЯПОНИЯ
2 июль. Ростов-на-Дону. «Ростов Арена» стадиони. 23.00 (Первый канал).
Ҳакамлар: ДЬЕДЬЮ. Камара, Самба (барчаси – Сенегал).

Мавзуга оид