Жамият | 20:04 / 02.07.2018
21907
3 дақиқада ўқилади

Очиқ сайёр судда хавфли рецидивистга ҳукм ўқилди 

2018 йил 29 июнь куни Тошкент шаҳар Яккасарой тумани “Муқимий” МФЙ ҳудудидаги 144-сонли ўрта мактаб биносида жиноят ишлари бўйича Яккасарой туман судининг очиқ сайёр суд мажлиси бўлиб ўтди. Х.Хаитов раислигида ўтказилган сайёр суд мажлисида судланувчи Вахитов Миркомил Абдувосиқ ўғлига нисбатан жиноят иши кўрилди.

Аниқланишича, судланувчи М.Вахитов, муқаддам ўзганинг мулкини ўғирлик йўли билан талон-торож қилиш жиноятини содир этганлиги учун судланиб, хавфли рецидивист сифатида рўйхатда турган. Бундан ўзига тегишли хулоса чиқармасдан 2018 йил 23 май куни соат 12:30 лар атрофида Тошкент шаҳар Яккасарой тумани Зарбоғ кўчаси 2-уй олдида қаровсиз қолдирилган Н.Атаджановга тегишли давлат рақами 01 О 199 OA бўлган “Нексия-3” русумли автомашинасини очиқ қолиб кетганлигини кўрган. Автомашина ичида бўлган Н.Атаджановнинг фуқаролик паспорти, ҳайдовчилик гувоҳномаси, талони, меҳнат дафтарчаси ва 170.000 сўм миқдоридаги пулларни яширин равишда ўғирлаб олиб, воқеа жойидан яширинган.

 Шундан сўнг, Н.Атаджановнинг барча шахсий ҳужжатларини Тошкент шаҳар Бўрижар анҳорига ташлаб юборган.

Бундан ташқари, судланувчи М.Вахитов ўзининг ўғирлик жиноятини такроран давом эттириб, 2018 йил 28 май куни соат тахминан 17:00 лар атрофида Тошкент шаҳар Яккасарой тумани Б.Бабаева кўчаси 107-уй олдида қаровсиз қолдирилган А.Каюмовга тегишли давлат рақами 01 Н 949 YA бўлган “Нексия-3” русумли автомашинасини очиқ қолиб кетганлигидан фойдаланиб, автомашина ичидаги 300.000 сўм микдоридаги пулларни яширин равишда ўғирлаб олиб, воқеа жойидан яширинган.

Суд Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодекси 59-(бир неча жиноят содир этганлик учун жазо тайинлаш), 60-(бир неча ҳукм юзасидан жазо тайинлаш) ва 61-(жазоларни қўшишнинг ҳисоблаш қоидалари) моддаларига асосан М.Вахидовга тайинланган жазолар ҳамда жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Яккасарой туман судининг 2016 йил 11 февралдаги ҳукмига кўра, ЖКнинг 169-моддаси 3-қисми “а” банди (ўғрилик, такроран ёки хавфли рецидивист томонидан) ва бошқа моддалари билан тайинланган 6 йил озодлик маҳрум этиш жазоси ва кейинчалик ЖИБ Навоий шаҳар судининг 2017 йил 28 декабрдаги ажримига кўра ЖКнинг 74-моддасига (жазони енгилроғи билан алмаштириш)асосан ахлоқ тузатиш ишлари жазосига алмаштирилган ва ўталмасдан қолган 3 йил 7 ой 8 куни тайинланган жазоларга қисман қўшиш йўли билан узил-кесил ўташ учун 5 (беш) йил 1 (бир) ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади.

Ҳукмдан норози тарафлар ҳукм эълон қилинган кундан, маҳкум ва жабрланувчи ҳукм нусхаси топширилган кундан эътиборан, ўз истаклари бўйича шу суд орқали жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судига ўн суткалик муддат ичида апелляция тартибида ёки ҳукм қонуний кучга киргач кассация тартибида шикоят беришга, прокурор протест билдиришга ҳақли эканлиги тушунтирилди.

Мавзуга оид