Жамият | 23:49 / 03.07.2018
15751
4 дақиқада ўқилади

Ёлғиз она ҳокимиятдан бошпана берилишини кутмоқда

«Kun.uz» таҳририятига Наманган вилояти Норин туманидан мурожаат келиб тушди. Мурожаатчи Жумабоева Зокира ҳеч қандай чорасиз қолгани ва аёл боши билан қаерга бормасин муаммоси ҳал этилмаётганини билдирди. Опанинг ҳолидан хабар олиш учун Наманган вилоятига бордик.

Зокира опа ҳаётда анча тобланган инсон экан. Унинг айтишича, бир вақтлар оиласи яхши ва тинч ҳаёт кечирган. Ота-она бир амаллаб ёлғиз ўғли Турсунбойни Тошкент шаҳрида жойлашган Республика дизайн коллежига ўқишга олиб киришган. Ўғлининг ҳолидан хабар олиш мақсадида ота довон ошиб, Тошкент шаҳрига келмоқчи бўлади. Аммо йўлда автоҳалокат сабаб бўлиб, Аллоҳ таоло ўз омонатини олади. Шундан сўнг, Зокира опа қийин аҳволга тушиб қолади. Аввалига баъзи адолатсиз сабабларга кўра, яшаб турган уйидан ажрайди. Укаси унга қарашли мулкни сотиб, 200 минг сўм пул тутқазади. Бу пул Тошкентда ўқиётган фарзанд учун сарфланиб кетади. Зокира опа танишларининг уйларида яшай бошлайди. Бир ой у қариндошининг уйида яшаса, кейин бошқасиникида. Бу орада меҳнат қилиб топган пулини ўғли Турсунбойга жўнатиб туради. 

Болам ўқисин, катта-катта жойларда ишлаб оёққа туриб кетсин деб шу вақтга қадар тинмай ҳаракат қилиб келмоқда. Бу орада ўз укаси билан тортишиб қолади. Укасидан озгина ер ажратиб беришини сўрайди. Ука эса менинг ҳам фарзандларим бор дея, бир сотих ҳам ер бермайди. Ҳозирга қадар уй сўраб Зокира опанинг бормаган жойи қолмаган. Зокира опага мерос ҳуқуқи бўйича укаси яшаб турган ер-мулкдан суд тартибида жой олиши мумкинлигини маслаҳат беришган. Опа эса бунга кўнмаган. Бир дона укам билан судлашмайман. Аллоҳ инсофни ўзига берсин деб айтган у.

Давлат маслаҳатчиси Қаҳрамон Қуронбоевнинг сайёр қабулида бўлган чоғида у ҳокимият вакилига топшириқ бериб кетади. Ҳокимият вакили Зокира опага уй-жой ажратилишини ўз дастурига киритган.

Биз Зокира опа билан Норин туман ҳокимиятига бордик. Норин туман ҳокимининг ўринбосари Сайдулло Сиддиқов билан суҳбатда бўлдик. Ҳоким ўринбосари бу вазиятдан туман ҳокими хабардор эканини, албатта бу масала ижобий ечим топишига ваъда берди. Шу куннинг ўзида муштипар онага «Jasmina» тикувчилик фирмасидан иш таклиф этилди. 

Жорий йилнинг 12 апрель куни «Оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизларга, ногиронлиги бўлган, кам таъминланган, фарзандларини тўлиқсиз оилада тарбиялаётган ва уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож оналарга арзон уй-жойлар бериш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги 285-сонли Вазирлар Маҳкамасининг қарори қабул қилинди. 

Умид қиламизки, шахслар (комиссия) талабгорнинг муҳтожлигига барҳам беради. Ёлғиз ўғли ҳаётда ўз ўрнини топишга кўмаклашаётган бева аёлга бефарқ бўлишмайди. Норин туман ҳокимияти албатта, бу мурожаатни ижобий ҳал этилишига кўмаклашади. Халқ ишончини қозониш, уларнинг дарди билан яшаш ва максимал даражада халққа хизмат қилиш ҳокимият вакилларининг бугунги вазифаси ҳисобланади.

Мавзуга оид