Жаҳон | 13:04 / 03.07.2018
2915
2 дақиқада ўқилади

Veon Италия бозоридаги 2,45 млрд евролик улушини сотади

Фото: VEON

Veon Ltd. Телекоммуникация холдинги (аввалги Vimpelcom Ltd. - Ўзбекистонда Билайн савдо белгиси билан яхши маълум) Италиядаги қўшма корхонаси таркибидаги 50 фоиз акциясини ҳамкорига сотишга келишиб олган. Компания 2016 йил кузида Италиядаги шохобчасини Hutchison Holdings шўъба корхонаси билан бирлаштириб, Wind Tre қўшма корхонасини ташкил этган эди. Эндиликда у ўзининг 50 фоиз акциясини айни компанияга 
2,45 млрд евро (2,867 млрд АҚШ доллари атрофида) эвазига сотади, дейилади Veon хабарида.

ТАСС агентлигининг хабар қилишича, шу йилнинг учинчи ёки тўртинчи чорагида ёпилиши кутилаётган битим натижасида Veon Италиядаги қўшма корхона таркибидан тўлиқ чиқади. Албатта, даставвал мазкур келишув Европа ва Италия идоралари томонидан маъқулланиши керак.

Холдинг Италиядаги келишувдан олган пулнинг бир қисмини айрим активларни тўлиқ назоратига олишга йўналтиришни режалаштирмоқда. Хусусан, Veon ўзининг Global Telecom Holding S.A.E. тузилмасига Покистондаги Jazz оператори ва Бангладешдаги Banglalink компаниясидаги улушларни жами 2,55 млрд долларга харид қилишни таклиф қилган. Бу битимлар 2018 йил тўртинчи чорагида ёпилиши кутилмоқда. Бунинг учун компания акциядорлари ва давлат идоралари маъқуллаши талаб этилади. 

Толиб Раҳматов
Тайёрлаган Толиб Раҳматов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид