Блумберг&Трамп: Яна бир миллиардер АҚШ президенти бўлиши мумкинми?
Нью-Йорк собиқ мэри ва Bloomberg ахборот агентлиги асосчиси Майкл Блумберг АҚШ президентлигига ўз номзодини қўймоқчи. Бу Американи тарихда иккинчи марта Forbes рўйхати аъзоси бошқариши мумкин деганидир.
Вакиллар палатасининг собиқ спикери демократ Томас О'Ниллнинг «all politics is local» ибораси кейинчалик Америка сиёсатини таҳлил қилишда экспертлар томонидан кенг қўлланила бошлади. Буни сўзма-сўз "барча сиёсатлар маҳаллий" деб таржима қилиш мумкин, бу америкаликлар ва Қўшма Штатлар фалсафасини аниқ ифодалайди.
Жеймс Мэдисон ва Александр Гамильтон фақат ташқи сиёсат ички имкониятларни амалга ошириш жиҳози бўлиши керак, деб ҳисоблашган. Халқаро фаолият асосида эса ғоявий эмас, савдо манфаатлари ётиши керак.
«All politics is local» формуласи шунингдек ички сиёсий жараённинг узлуксизлигини билдиради, яъни бунда сайловларда эндигина ғалаба қозонган ҳар бир сиёсатчи эртаси кундан қайта сайланиш бўйича бўлғуси кампаниясини режалаштира бошлайди. Икки йирик воқеа - ноябрь ойидаги Конгресснинг оралиқ сайловлари ва 2020 йилдаги президентлик пойгасига тайёрланаётган демократ ва республикачилар айнан шунлай вазиятдалар.
Мураккаб сиёсий тузилмага ҳар қандай ўзгаришлар таъсир қилиши мумкин, бу ҳам Капитолийдаги республикачилар, ҳам президент Дональд Трамп (Forbes глобал рейтингида №766, молиявий ҳолати - 3,1 миллиард доллар) учун қимматга тушиши мумкин.
Оқ уйнинг амалдаги раҳбарининг рейтинглари ҳавас қиларли даражада эмас. Бир томондан, у солиқларни камайтириш, маҳаллий ишлаб чиқарувчини ҳимоялаш ва ишчи ўринларни ошириш имконини берувчи иқтисодиётни муҳофаза қилишга қаратилган сиёсати туфайли аҳолининг каттагина қисми томонидан қўллаб-қувватланади. Бошқа томондан эса, республикачилар вакили муҳожирларга бўлган муносабати ва соғлиқни сақлаш соҳасидаги тушунарсиз позицияси сабаб кўплаб ҳужумлардан ҳимояланишига тўғри келмоқда.
Бундан ташқари, Трамп аввалгидек 2016 йилги президентлик сайловларига хорижий агентларнинг таъсирига доир терговлар билан шуғулланаётган махсус "Мюллер комиссияси" нишони остида. Республика партияси ҳам энг яхши сиёсий формада эмас. Сенатда кўпчиликни йўқотиш эҳтимоли мавжудлигини инобатга олсак, республикачиларнинг тажриба қилиши амри маҳол. Улар юқори эҳтимол билан ўз ресурсларини Трампнинг атрофида бирлаштиришади. Хиллари Клинтоннинг мағлубиятидан кейин Оқ уйни қўлдан чиқарган демократлар ўз навбатида янги халоскор излашмоқда.
Бугунга келиб икки салоҳиятли номзод - Обама давридаги вице-президент Жозеф Байден ва 2002 йилдан бошлаб 11 йил давомида Нью-Йорк мэри сифатида хизмат қилган миллиардер Майкл Блум (Forbes глобал рейтингида 11-ўринда, молиявий ҳолати - 50 миллиард доллар) номлари тобора кўпроқ қулоққа чалинмоқда. Икки номзод ҳам устунликлар билан бирга, ўзига хос камчиликларга ҳам эга, уларнинг энг асосийси - ёшга доир. Кампания айни авжига чиққан вақтга бориб Байден 78 ёшни қарши олади, Блумберг эса ўз ҳамкасбидан уч ойлик кичик. Ҳозирча "кексалик" рекорди Дональд Трампга тегишли, инаугурация пайтида у 70 ёшда бўлган (Рейганни бир ёшга ортда қолдирди). Республикачи ва унинг салоҳиятли рақиблари ўртасидаги саккиз ёш тафовут шафқатсиз Америка реаллигида етарлича сезилади. Бироқ демократлар таваккалга мойиллиги билан машҳур. Айнан уларнинг номзодлари - Жон Кеннеди 1961 йилда (42 ёш) ва Билл Клинтон 1993 йилда (46 ёш) мамлакат тарихидаги энг ёш президентлар рўйхатидан жой олган. Хиллари Клинтон эса 2016 йилги сайловларда қатнашган вақтда 69 ёшда эди. Бошқача айтганда, ёш омили партия элитаси томонидан рад этилиши ҳам мумкин, улар тажриба ва донишмандликни устунлик сифатида қайд этиши мумкин.
Хорижий ва россиялик кўплаб таҳлилчилар Трампнинг 2016 йилдаги ғалабаси ва Майкл Блумбергнинг келгуси президентлик сайловларида қатнашиш эҳтимоли - миллиардерларнинг сиёсий жараёнга жалб этилиши янги трендга ишора қилади, дея ҳисоблаши хато. Бироқ бу нотўғри гап, зеро бу янги тренд эмас. Камида тўрт нафар президент катта сиёсатга ишбилармонлар муҳитидан кириб борган: Уоррен Гардинг йирик нашриётларга эгалик қилган, Герберт Гувер тоғ-кон магнати, Жимми Картер мамлакатдаги энг йирик ерёнғоқ фермаси соҳиби бўлган. Тўнғич Жорж Буш нефть секторида ишлаган. Агар мавзуга чуқурроқ ёндашадиган бўлсак, АҚШнинг биринчи президенти Жорж Вашингтон ҳам ўз даврининг энг бадавлат ишбилармонларидан ҳисобланган. Икки партияда ҳам президентликка номзодлар орасида бундайлар етарлича бўлган, улар орасида энг ёрқинлари - Уэнделл Уилки, Нельсон Рокфеллер ва Росс Перо. Олигарх Уикли 1940 йилдаги республикачилар праймеризида Томас Дьюи (Аль-Капонени қамоққа "йўллаган" прокурор) ва Роберт Таф (27-президент Уильям Тафтнинг ўғли) каби гигантларни ортда қолдирган. Рокфеллер уч марта суперфиналга ҳаракат қилган: 1960 йилда у Ричард Никсонга, 1964 йилда Барри Голдуотерга ва 1968 йилда яна Никсонга мағлуб бўлган. Америка нефть барони эришган энг юқори натижа - 1974 йилда вице-президентлик лавозими бўлган. Миллиардер Росс Перони 1992 йилда тажрибали тўнғич Буш устидан мисли кўрилмаган ғалабага эришган демократ Билл Клинтон муваффақиятининг бош архитектори деб ҳисоблашади. Мустақил номзод Перо меъёрий электоратнинг сезиларли қисмини Бушдан тортиб олган ва 19 фоиз овоз тўплаган (Теодор Рузвельт давридан бери мустақил номзод учун иккинчи рекорд натижа). Арканзаслик демократ-губернатор 6 фоизлик фарқ билан ғалаба қилиши учун бу етарли эди. Перонинг 1996 йилдаги иккинчи уриниши тўлиқ таназзул билан тугаган, ҳолбуки ишбилармон бу кампаниясига ўзининг 80 миллион долларини сарфлаган эди.
Энди эса навбат молиявий ҳолати 50 миллиард долларга баҳоланувчи Блумбергга. Албатта, сайлов жараёнларида пул муҳим роль ўйнайди, лекин асосий эмас. Республикачи-миллиардер - америкаликлар учун одатий образ, зеро партиянинг ўзи ўрта тоифа кишилар, йирик олигархлар ва турли трансмиллий корпорациялар манфаатлари ҳимоячиси ҳисобланади.
Демократик партия фаолияти эса, аксинча, анча кенгроқ ва у қадар бадавлат бўлмаган аҳоли қатламига йўналтирилган, бу эса аҳолининг катта қисми учун қулай. Сенатор Берни Сандерснинг 2016 йилги демократик праймериздаги муваффақияти унинг "бойлардан кўпроқ олиб, ночорларга бериш"га доир шиорига асосланган. Вазият мураккаб, демократларнинг партиядаги ўзига хослиги нимада бўлиши ҳозирча тушунарсиз, зеро уларнинг миллиардер-президентга қарши курашдаги номзоди - олигарх. Бошқача айтганда, Блумберг номзодининг ўзиёқ партия ичида муаммоларнинг юзага келишига сабаб бўлиши мумкин, бу эса демократларнинг кампаниядаги якуний муваффақияти имконини камайтиради.
Яна бир салбий жиҳат - сиёсий чекланганлик ва конъюнктурлик. Майк ҳар доим демократ бўлмаган ва бугунга келиб ҳам у расман демократ эмас. 2001 йилгача у демократларга содиқ бўлган, лекин президентлик сайловларида кенжа Бушнинг ғалабасидан кейин республикачилар томонга ўтган, 2007 йилдан эса умуман ўзини мустақил дея эълон қилган. АҚШда бундайларни "сиёсий ўзгарувчилар" деб аташади. Бу амалдор ва сиёсатчиларнинг шундай бир турики, улар учун партия, мафкура ва қадриятлар шахсий прагматик вазифаларни амалга ошириш жиҳози ҳисобланади. Шунингдек унинг давлат хизматларидаги тажрибаси Нью-Йорк мэри лавозими билан чекланган. Унинг 2008 йилги сайловларда иштирок этиши ҳақидаги баёноти жамиятда катта шов-шувга сабаб бўлган эди, бироқ пойгага бир неча кун қолганда у ўз номзодини қайтариб олган. Шундан сўнг Блумберг дастлаб нейтралитет ҳақида эълон қилди, бироқ кейинчалик сенатор Барак Обамани қўллаб-қувватлади (2012 йилда ҳам худди шу фокусни такрорлади). Энди Майк - демократлар учун ҳам, мустақил номзодлар учун ҳам тушунарсиз шахс. Яна шуни унутмаслик керакки, 2020 йилдаги президентлик сайловлари учун демократлар аксарияти Трампни қўллаб-қувватловчи Middle America - америкаликларнинг ўрта тоифасини ўз томонига оғдириши керак бўлади.
Шундай қилиб, партия праймеризининг ўзидаёқ Блумберг ҳеч қандай имконга эга эмас, умуммиллий муваффақият ҳақида эса гапирмаса ҳам бўлади. Шундай бўлса-да, қандайдир мўъжиза рўй бериб, у сайловларгача етиб борса ва Демократлар партиясининг ягона номзоди бўлса, республикачилар буни фақат қўллаб-қувватлашади, чунки Трамп учун ундан яхши "зарба нишони"ни топиш қийин.
Мавзуга оид
22:03 / 12.11.2024
АҚШ ҳукумати НУЖ бўйича баъзи маълумотларни ошкор қилиши мумкин
16:55 / 12.11.2024
Трамп миллионлаб мигрантларни депортация қилишни режалаштирмоқда — ОАВ
09:15 / 12.11.2024
АҚШ Сурияда эронпараст гуруҳлар объектларига зарба берди
16:42 / 11.11.2024