Спорт | 17:10 / 10.07.2018
11732
2 дақиқада ўқилади

«Локомотив» бир кунда 3 футболчини таркибга қўшиб олди

Тошкентнинг «Локомотив» клуби 3 нафар футболчи билан таркибни тўлдирди.

Тошкентликлар жамоаси сафига собиқ футболчиси, Қатарнинг «Ал-Сайлия» билан шартномаси якунланган ва эркин агентга айланган ҳужумчи Темурхўжа Абдухолиқов, Хитойнинг «Чанчунг Ятаи» клуби билан шартномаси узайтирилмагач, эркин агентга айланган ҳимоячи Анзур Исмоилов ҳамда РФПЛ вакили, россиялик ҳужумчи Павел Погребнякнинг укаси, ҳимоячи Николай Погребняк келиб қўшилди.

Айни вақтда бу футболчиларнинг барчаси билан шартномалар имзоланган.

Фаолиятини 2001 йили Самарқанднинг «Динамо» клубида бошлаган футболчи, кейинги йилларда «Трактор» (2002-2003), «Пахтакор» (2003-2010) ва «Бунёдкор» (2010-2011) клублари сафида тўп сурганди. 2011 йили «Қалдирғочлар» клуби сафидан Хитойга йўл олган Анзур Исмоилов «Чанчун Ятаи» жамоасида асосий футболчига айланиб, бу клуб учун 182 ўйин ўтказди ва 12та гол урди. «Темирйўлчилар» ушбу футболчи билан икки йиллик шартнома имзоланди.

Темурхўжа Абдухолиқов 2017 йилнинг январида айнан «Локомотив»дан «Ал-Сайлия» сафига йўл олган ва 1,5 йиллик шартнома имзолаганди. 30 июнь куни ушбу шартнома муддати тугади, томонлар келишувни узайтирмасликка қарор қилишди. Абдухолиқов Қатар Суперлигасида 17 учрашувда майдонга тушиб рақиблар дарвозасини 11 марта нишонга олди. 

Айни вақтда 26 ёшда бўлган Николай Погребняк турли йилларда РФПЛда «Томь» (2010-2015), «Балтика» (2015) «Торпедо» (2015-2016) ва «Динамо» Ставрополь (2016-2017) жамоалари сафида тўп сурган. У фаолияти давомида ҳужумчи, ярим ҳимоячи ва ҳимоячи позицияларида ҳаракат қилган, охирги мавсумда жамоасиз эди.

Мавзуга оид