Спорт | 15:56 / 12.07.2018
10513
13 дақиқада ўқилади

Чемпион ҳикоялари. Виктор Линделоф: финалдан бошланган ҳаёт

Онам менинг туғилган кунимдаги воқеани ҳикоя қилиб беришни яхши кўради.  Чунки айнан ўша куни у менинг футболчи бўлишимни аниқ билган экан.

Қизиқ. 

Воқеа бундай бўлган. Онам туғруқхонада эканида ёнида турган отам негадир ўзини жуда бошқача, нимадандир хавотир олгандек тутган экан. Ахир бироздан кейин фарзандли бўласан, балки шундандир, тўғрими? Албатта, мен дунёга келганимда отам ўзида йўқ қувонган экан. Лекин дастлабки саволи қизиқ бўлган:

- Хўп, ҳаммаси яхши. Энди, бу ерда телевизор топса бўлармикин? Қайси хонада борикин?
Табиийки, онам гап нимада эканини тушунган. Наҳотки шу даражада бўлса?
«Биламан, биламан» – дейди отам, - «лекин пенальтилар серияси бошланибди-да».

1994 йилнинг 17 июль кун. Швецияда ҳозиргина Виктор Линделоф туғилди. Паседенда эса, Италия жаҳон чемпионати финалида Бразилия билан ўйнаётганди. 

Балки мана шундай паллани пойлаб туғилганим учун ойим мен футболчи бўлишимни башорат қилгандир? Биласизми, орадан бир неча йил ўтиб, мен ҳам жаҳон чемпионати финалида ўйнадим – ФИФА қанақадир сабаб билан финални мен туғилиб ўсган Вестеросда ўтказишга қарор қилган эди. Стадион бироз нотекис, дарвоза ўрнини эса, икки гараж эшиги бажарар эди. 65 мингга яқин мухлис ўйинни кузатиб турарди. Ё шунақа туюлдимикин...  Футболни шарҳлаб ўйнашни яхши кўрардик. 

«Тўп энди Линделофга келди. У бир футболчини алдаб ўтди, энди иккинчисини... Яна Линделоф! Зарба!!! Гооооол!!! Швеция олдинда – 1:0!!”
Мен эса, ўзимни майдон четига отаман, шерикларим орқамдан етиб келишади. Швеция – жаҳон чемпиони! Энди мухлисларнинг олқишлари остида қолганимда, таниш овозни эшитаман:

«Виктооор! Виктоооор?»

Ўша, ойимнинг овози. «Тушлик вақти бўлди, келақол ўғлим»

Жин урсин...

Икки акам билан уйга қайтамиз. Биз тўрт ака-укамиз, лекин учтамизнинг ёшимиз яқин бўлгани учун доим бирга ўйнаймиз. Отам ҳам доим биз билан, аммо ҳақиқатан биз кўпроқ онамнинг тарбиясини олганмиз. Ҳозир гапирсам, «онасининг ўғли» деб кулишларинг мумкин, лекин ростан ҳам, агар у бўлмаганда, мен ҳеч қачон футболчи бўлолмасдим. Умуман. 

Беш ёшимдан у менинг ўйларимни футбол билан боғлаган ва мана шундай орзулари осмон болага айлантирган. Маҳаллада жаҳон чемпионати финалини тасаввур қила оладиган болакай. Дастлаб, дарвозабон формаси ва қўлқопларини олиб келди, адашмасам Фабиен Бартезники эди. Бирданига Бартез бўлгим келиб қолди. Кўчага чиққанимда, лойга чапланиб бўлса-да, ўзимни тўпга отар ва қаҳрамонларча сейвлар қилардим.

«Оооҳ, Виктор Линделоф жамоани голдан сақлаб қолди, олқишлар!»

Кейин онам менга Зиданнинг формасини олиб берганида, Зизуга айландим. Майдончада турли финтларни амалга оширар, айланиб голларни нишонлардим.

«Ажойиб! Линделоф нималар қилиб юборяпти. Кўрдингларми?!»

Мана шу тасаввурларим кейинчалик орзуга айланди. Одамлар катта бўлганимда ким бўлишимни сўраганларида, ўйлаб ўтирмасдим - «мен футболчи бўламан». Ҳеч ким бу гапларимни жиддий олмасди. «Оо, қандай яхши. Лекин бу жиддий касб эмас, тўғрими?»

Вестеросда болалар клубида ўйнаб юрганимда, онам мени машғулотларга олиб борарди. Менимча, сал иқтидорлироқ бўлганман, шунинг учун каттароқ гуруҳга қўшиб қўйишганди. Жисмоний тарафдан каттароқ бўлган болалар билан ўйнаш қийин эди, лекин бу менга фойда берган. Улар билан шуғулланиб, мен ҳам жисмоний тарафдан жуда тез ўсган эдим. Режа бўйича Швециянинг каттароқ бирор клубига ўтишни ният қилиб юрдим. Кутилмаганда, агентимга «Бенфика»дан қўнғироқ қилишди. 

Очиғини айтганда, бу чақирув мен учун шок эди. Мен эндигина 17 ёшдаман, уйда яшайман, мактабга бораман. Бу таклифни қабул қилиш керакми ё керакмасми, билмасдим ҳам, шунинг учун акам ва онам билан фойдали ва зарарли томонларини ўлчай бошладик. 

Плюс томони, «Бенфика» – Португалиянинг энг катта клубларидан бири. Мен у ерда зўр футболчи ва мураббийлар билан бирга шуғулланаман, биринчи жамоага ҳам аста-секин ўтиб олишим мумкин. 

Минус тарафи, Лиссабонга кўчиб кетишга тўғри келади. Якка ўзим. Ҳеч кимни танимайман, уларнинг тилини ҳам билмайман. 

Ўйланиб қолдим. Онам мендан сўради: «Тезда жавоб бер, агар рози бўлмасанг, афсус қиласанми?»

«Ҳа» – хаёлимга келган биринчи жавоб шу бўлди. Ҳаммасини тушундим. Бир соат ўтиб агентимга қўнғироқ қилдим, бир ҳафтадан кейин Лиссабонга жўнадим.

Онам ҳам мен билан бирга келди, чунки шартномаларга имзо чекиш учун ёшлик қилардим. Биз Лиссабонни бирга айландик, бу ер янги уйим эканини ҳис қилишга уриндим. Назаримда, онам анча хотиржам кўринаётганди, аммо эрталабга бориб йиғлаб юборди. У мен билан фахрланаётганди албатта, шу билан бир ўзимни қўйиб юборишдан хавотир ола бошлаганди. Лекин энди кеч эди. Барибир, ўшанда Вестеросга қайтдим, олти ой яна эски жамоамда ўйнадим, 2012 йилнинг ёзида эса, энди бутунлайга Лиссабонга кўчиб ўтдим. 

Самолёт ойнасидан ташқарига боқар эканман, нима десам экан, йўқ деганда ўзимга ишонардим. Олдимда ўзим орзу қилган ҳаёт кутиб турибди, шундай эмасми? Estádio da Luz майдонида югуриб юришимга кўп вақт қолмади, ахир бу ўзимнинг А режамку! Б режага келсак, тўғрисини айтганда, бошқа режам ҳам йўқ эди.

Етиб боргач, клуб вакили мени кутиб олиб, «Бенфика» базасига олиб борди. Эртасига бироз ҳаяжонда уйғондим, «скайп» орқали онамга телефон қилдим. Ҳали келганимга 24 соат бўлмаганди, лекин пушаймон бўлиб улгургандим. 

«Мен уйга қайтишни хоҳлайман, ойи, нима қилай?»

Оналар мана шундай ҳолатлар учун керак, тўғрими? Билмайман, қандай қилиб, лекин у мени хотиржам қила олди. Аминманки, ўша ҳолатимда мени юпата оладиган дунёдаги ягона инсон ҳам у эди. У менга аввалига бироз қийин бўлишини, аммо кейин ҳаммаси яхши бўлишини айтиб, ишонтирди. 

У ҳақ эди. Ростан ҳам дастлабки олти ой жуда қийин ўтди. Оиламсиз, дўстларимсиз қолгандим. Энг ёмони, бу ернинг тилини билмайман ва бирорта дўстим ҳам йўқ. Бўш вақтларимда қиладиган ишим онамга қўнғироқ қилиш билан сериал кўриш эди. Лиссабондаги энг яқин дўстим Винсент Чейз («Entourage» сериалидаги бош ролни ижро этган актёр) бўлиб қолганди. 

Яхшиямки, мен яхши ўқиганман. Португал тилини ўргана бошладим. Баъзи сўзларни ўрганиб, жамоадошларим билан яқинлаша бошладим, баъзилари билан жуда яқин дўст (узр, Винсент) бўлиб кетдик. Ва бир куни, машғулот пайтида, кичик майдончада футбол ўйнар эканмиз, ўзимни жуда яхши ҳис қилдим, майдонда энг яхши ўйинчи бўлаётгандим. Ҳеч нарсани ўйламай, шунчаки футбол ўйнар, ўйлаган ишларимни осонлик билан амалга ошираётгандим. Ўзимни Вестеросда ўйнаётгандек ҳис қила бошладим – айнан ўша куни англадимки, ана энди бу ер менинг уйимга айланганди, ана энди ҳаммаси яхши бўлади.  

Тез кунларда Португалиянинг иккинчи дивизионида ўйнайдиган «Бенфика Б» клубида бир қатор ўйинларда ўзимни кўрсатдим. 2013 йилнинг октябрида, 19 ёшимда эса, кубок ўйинида асосий жамоада дебют қилдим. 

Estádio da Luz стадионидаги илк ўйин ҳам узоқ куттирмади. Тасаввур қиляпсизми, минглаб мухлислар қаршисида стадионга чиқиб келдим, улар бор овоз билан куйлашарди. 65 минг мухлис. «Ҳа буни мен бошдан кечирганман. Таниш манзара. Ҳа, эсладим, Вестеросдаги жаҳон чемпионати финалида!..»
Бу сафар мени ҳеч ким тушликка чақириб «уйғотмади». Бу сафар ҳаммаси ҳақиқий эди. Кейинроқ, яна бир орзуим амалга ошди. 

2015 йилда Швеция ёшлар терма жамоаси Чехияда ўтган жаҳон чемпионатида қатнашадиган бўлди. Ўз мамлакатим либосида бу турнирда иштирок этиш ажойиб бўларди. Аммо таркиб эълон қилинганда, хафа бўлдим – у ерда менинг номим чиқмаганди. 

Ўша кунги ҳолатимни тушунтириб беролмайман. Балки мураббийлар билишмас, аммо Португалия иккинчи дивизиони жуда кучли. Улар асосан швед клубларидаги ёшларни йиғиштириб олишганди. Мен уларнинг қарорини ҳурмат қилардим, шу билан биргаликда, жаҳлим ҳам чиққанди. Орадан кўп ўтмай, мен ҳаммасини унутиш учун таътилга чиқиб кетганимда мураббий Ҳоқон Эриксон қўнғироқ қилди. 

«Виктор, охири биз сени чақиришга қарор қилдик. Нима дейсан?»

«Ҳмм.. хўп»

Италияга қарши илк ўйинда асосий таркибда тушмадим. Йўқ, ўйнай олардим, лекин жамоага эндигина келиб қўшилгандим-да.  Лекин ҳимоячи Александр Милошевич жароҳат олгач, ўрнига мени чиқаришди. Биз ўша ўйинда ғалаба қозондик ва кейинги ҳар бир ўйинда тўлиқ ҳаракат қилдим. Финалгача етиб бордик. 

У ерда рақиб ким эди деб ўйлайсиз? Албатта, Португалия. Бу мен учун алоҳида аҳамият касб этарди, лекин албатта, Швеция учун ҳам муҳим ўйин – финал эди. Биз ўйинда фаворит эмасдик, аммо бизнинг устунлигимиз жанговор руҳиятимизда эди. Эплаб, пенальтилар сериясигача ўйинни олиб бордик. 

Ҳуштак чалингач, жамоадошларимнинг юзларига қарабоқ, биз серияда ғалаба қозонишимизни фаҳмлаб бўлгандим. Ҳаммамиз қандайдир хотиржам эдик. Биз биринчи голни урдик. Улар тенглаштиришди. Кейин биз яна урдик. Хуллас, охирги зарбани мен бердим. Ҳаяжон босди. Тўпга яқинлашар эканман, рақиб жамоасидан бирининг шеригига «у ура олмайди» дегани қулоғимга чалинди. Бу менга ижобий таъсир қилди, дарвоза марказига зарба бериб, гол урдим. Португалия эса, сўнгги зарбасини ура олмади. Биз Чемпион! Швеция – Чемпион!

Бунга ишониб бўлмайди. 

Орадан олти ой ўтиб, «Бенфика»нинг асосий таркибида ўйнай бошладим. Кейинги бир ярим йилда икки марта чемпион бўлдик, икки марта кубокни ютиб олдик. Яна нима керак менга? Ҳа, айтганча, терма жамоадан ҳам чақирув олдим. 

2016 йилнинг бошида, Швеция терма жамоасидан қўнғироқ қилишганида, бутун ёшлигим кўз олдимда турарди. Энди тасаввуримда эмас, ростан ҳам Швеция терма жамоаси либосида тўп сураман. Онамга бу ҳақида айтганимда, у йиғлаб юборди.

Туркияга қарши ўртоқлик ўйинидаги дебют ўйинимни сўз билан ифода қилиб бера олмайман. Сариқ либосда Швеция мадҳиясини айтиб туриш... Этларим жимирлаши узоқ вақтгача тинмади. Бундай туйғудан фақат бир нарса устун бўлиши мумкин – худди шу воқеани жаҳон чемпионатида бошдан кечириш...
Швеция 2006 йилдан бери мундиалда иштирок этмаётганди. Табиийки, плей-оффда Италияга тушганимизда ҳеч ким бизга ишонмаганди. Аммо биз ўзимизга ишондик. Биз бир жамоа эканимизга, ҳар қандай вазифани бажариш мумкинлигига амин эдик. Агар биз ўз ишимизни тўғри амалга оширсак, майдонда бир-биримизни қўллаб-қувватласак, ака-укалардек жанг қилсак, ҳаммаси яхши бўлади. 

Ишонмасаларинг, италиялик футболчилардан сўраб кўринглар, уларни 1:0 ҳисобида ютишимизда иқтидоримиз эмас, руҳиятимиз ҳал қилувчи ролни ўйнаганди.   

Шу орада мен «Бенфика»дан «Манчестер Юнайтед»га ўтдим. Мен, 23 ёшимда, дунёдаги энг катта клуб аъзосига айлангандим. Мен энди Жозе Моуриньо билан бирга ишлаяпман. Швеция терма жамоаси билан биргаликда жаҳон чемпионатидаман. 

Баъзида кулгили туюлади, кўпчилик мен ўттиз ёшли футболчига ўхшаб ўйнашимни айтишади. Менимча, улар ҳақ,  қаршимдаги тўсиқларни енгиб ўтиш ва бугунги кунга етиб келишим учун тез улғайишга тўғри келган. Атиги ўн йил олдин атрофимдагиларга келажакда профессионал футболчи бўлишимни айтганимда, ҳеч ким ишонмасди. 

Онамдан ташқари албатта. У буни аниқ биларди. 

Виктор Линделоф

ThePlayersTribune материали асосида Қаҳрамон Асланов тайёрлади