Ўзбекистон | 22:00 / 19.07.2018
9823
2 дақиқада ўқилади

Жаҳон Банки Ўзбекистон халқ таълими тизимидаги ислоҳотларга 30 миллион доллар ажратди

Жорий йилнинг 18 июль куни Халқ таълими вазирлигида вазир ўринбосари Атабек Назиров раҳбарлигида Стефка Слава ва Арман Ватян бошчилигидаги Жаҳон Банки делегацияси билан расмий учрашув ўтказилди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар бермоқда.

Тадбирда Жаҳон Банки экспертлари халқ таълими бошқарув тизимида мавжуд маъмурий ва иқтисодий муаммолар билан таништирилди. Учрашувда, шунингдек, маъмурий ва иқтисодий бошқарувнинг шаффоф эмаслиги, бюджетни режалаштириш, молиявий назорат, моддий-техник таъминот жараёнлари, қурилиш-таъмирлаш ишлари ва мактабларни жиҳозлаш, шунингдек, мактабларнинг мувозанатга солинмаган юки ва коррупцияга қарши кураш каби муаммоларнинг комплекс ечими муҳокама қилинди.

Учрашув якунларига кўра, Жаҳон Банки 30 миллион АҚШ доллари қийматидаги Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги ўзининг илк пилот лойиҳасини ишга туширди.

Мазкур лойиҳанинг мақсади халқ таълими тизимида давлат маблағлари бошқарувини, ислоҳотлар ва қайта тузишларни такомиллаштириш бўлади.

Лойиҳа концепцияси қисқа муддатда ишлаб чиқилиб, Халқ таълими вазирлиги раҳбариятига кўриб чиқиш учун тақдим этилади. Шунингдек, лойиҳани амалга ошириш учун Халқ таълими вазирлиги, Молия вазирлиги ва Жаҳон Банки вакилларидан иборат экcперт ишчи гуруҳи ташкил этилади.

Лойиҳанинг ишга туширилиши 2019 йилнинг январь ойида бошланиб, уни амалга оширишга тахминан 4 йил вақт кетади.

Мавзуга оид