Жамият | 19:43 / 21.07.2018
7394
2 дақиқада ўқилади

Ёш ва вояга етмаганлар жинояти учун Навоийда очиқ сайёр суд ўтказилди

2018 йилнинг май ойида жиноят ишлари бўйича Навоий вилояти, Нурота туман судининг сайёр очиқ суд мажлиси бўлиб ўтди. Судланувчилар Рахмонов Нурали Норбобо ўғли (1997 йилда туғилган) ва вояга етмаган Тоштемиров Ислом Улуғбек ўғлига (2000 йилда туғилган) оид жиноят иши кўриб чиқилди.

Маълум бўлишича, судланувчилар Н.Рахмонов ва И.Тоштемиров ўзаро тил бириктирган ҳолда турли хилдаги ўғирлик жиноятларини содир этиб келишган. Асосан, ўз қишлоқларидаги майда шохли молларини яширин равишда талон-торож қилиб, пуллаб келишган.

Суд, Н.Рахмоновга Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодекси 169-моддаси 3-қисми “а” банди (ўғрилик, такроран ёки хавфли рецидивист томонидан) билан ЖКнинг 57-моддасини (енгилроқ жазо тайинлаш) қўллаб, 3 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинлади.

Шунингдек, вояга етмаган И.Тоштемировга эса  ЖКнинг 169-моддаси 3-қисми “а” банди билан ЖКнинг 57-моддасини қўллаб, ЖКнинг 841-моддаси(озодликни чеклаш) тартибида 2 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди. 

Уларга қуйидаги тартибда озодликни чеклаш жазоси белгиланди:

  • судланувчилар яшаш ва ўқиш  жойидан ҳар куни кеч соат 22:00 дан эрталаб соат 06:00 гача чиқишини чеклаб қўйиш;
  • назорат қилувчи органнинг розилигисиз яшаш жойини ўзгартирмаслик;
  • Навоий вилояти ҳудудини тарк этмаслик;
  • муайян жойларга, яъни кафе, барлар ва ресторанларга бормаслик;
  • алкоголли ичимликлар истеъмол қилмасликдан иборат қўшимча чеклашлар юклатилди.

Ҳукмдан норози тарафлар шикоят ёки протест билдиришга ҳақлилиги тушунтирилди.

Мавзуга оид