Жамият | 10:35 / 21.07.2018
31929
3 дақиқада ўқилади

Нима сабабдан ажралишларнинг катта қисми Тошкент шаҳрига тўғри келмоқда?

Фото: Dreamstime

“Маърифатли жамият” шакллансагина, инсонларнинг ҳаёт неъматларини қадрлаш, умр мазмуни, тирикликдан мақсад ҳақидаги қарашлари ҳам ўзгаради. Ўшанда тўйлар ортиқча дабдаба билан ўтказилмайди. Тўй қиламан, деб оталар йиллаб қарзга ботмайди. Оиланинг қадри, масъулияти юксалади. Ёлғиз оналар, етим болалар, маҳаллада зўрға кун кўраётган оилалар бўлмайди.

“Халқ сўзи” нашрининг ёзишича, бир гуруҳ депутатлар иштирокида муҳокама этилган мавзу “Оилавий тадбирлардаги меъёр: муаммо ва ечимлар”га бағишланди. Парламент қуйи палатасининг Оила ва аёллар масалалари комиссияси, Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси, Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти билан ҳамкорликда ташкил этилган давра суҳбатида тўйларни ихчамлаштириш масаласи муҳокама қилинди.

Тадбирда айтилишича, мамлакатда ҳар йили ўрта ҳисобда 300 мингта никоҳ қайд этилади. 2017 йилда республика миқёсида 306 минг 200 та никоҳ ва 31 минг 930 та ажрим ҳолати рўйхатга олинган. Бу кўрсаткич 2016 йилга нисбатан 8 фоизга кўпдир. Ажримларнинг асосий қисми, яъни 20-25 фоизи Тошкент шаҳри аҳолисига тўғри келади. Уларнинг асл сабаблари ўрганилганда эса, ортиқча исрофгарчилик, дабдабабозлик, шуҳратпарастлик туфайли юзага келгани аниқланди. Тадбирда бу борада кенг жамоатчилик, депутатларнинг ҳам масъулиятини ошириш юзасидан амалий таклифлар ўртага ташланди.

— Тўғри, мулк — бу инсон ихтиёридаги нарса, — дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Алишер Ҳамроев. — Тўйга қанча сарф-харажат қилиш, кимларни айтиш — бу унинг шахсий иши. Бунга ҳеч ким аралаша олмайди. Фақат бу билан бошқаларнинг ҳуқуқлари камситилмаслиги керак. Биз қонунчилик йўли билан маълум бир тартиб ёки доирани яратиб беришимиз керакки, тўйлар жамиятнинг иллатига эмас, ижтимоий, маънавий бир қадриятга айланиши керак. Ўйлайманки, бу борада қиладиган ишларимиз кўп. Аввало, одамларнинг маърифати, маънавиятини кучайтирибгина бунга эришишимиз мумкин.

Мавзу юзасидан турфа фикр-мулоҳазалар ўртага ташланди. Давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтларининг ҳамкорликдаги саъй-ҳаракатларини янада кучайтириш борасида тавсиялар ишлаб чиқишга келишиб олинди.

Мавзуга оид