Ўзбекистон | 09:08 / 23.07.2018
117881
6 дақиқада ўқилади

“Ўқиш учун контракт тўлови 1,5–2 миллион сўм”(!?)

Фото: KUN.UZ

2018-2019 ўқув йилидан олий таълим муассасаларида тўлов-контракт суммасининг оширилиши (Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига қабул қилиш бўйича давлат комиссиясининг 2018 йил 4 июлдаги 2-сонли баённомаси иловасига биноан, янги ўқув йилидан бошлаб республика олий таълим муассасаларида таълим йўналишлари бўйича бир нафар талабани тўлов-контракт шаклида бир йиллик ўқитиш қиймати миқдори 8 миллион 293 минг 500 сўмдан 11 миллион 58 минг сўмгача этиб белгиланди) ижтимоий тармоқларда кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлди, деб ёзади «Маърифат» нашри. 

Шундан сўнг Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги расмий веб саҳифаси ҳамда «телеграм» каналида масалага шарҳ берилди. Шарҳда келтирилишича, олий таълим муассасаларида ўқитиш харажатларининг асосий қисми, яъни 91 фоизи иш ҳақи ва стипендия тўловлари учун сарфланади. Шу жиҳатдан тўлов-шартнома асосида ўқитиш қиймати республикадаги энг кам иш ҳақи миқдорига боғланди. Жорий йил 15 июлдан республикада иш ҳақи ва стипендиялар миқдори 7 фоизга, 1 сентябрдан олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчиларининг ойлик маоши ўртача 25 фоизга оширилганини қисман қоплаш лозимлиги, акс ҳолда, ўқув йили якунига келиб, олий таълим муассасалари бюджетида тақчиллик кузатилиши ҳам ҳисобга олингани таъкидланди. Бир нафар талабани ўқитишнинг ўртача харажати 10,5 миллион сўмни ташкил этиб, тўлов-контракт суммаси ўртача 8,7 миллион сўм этиб белгиланди. 

Кўпчиликнинг эътирозига сабаб бўлган жиҳат тўлов-шартнома пулининг даромадларга номутаносиблигидир. Сал аввалроқ Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари Абдурашид Абдуқодиров ва Расул Кушербаев тўлов-шартнома пулини камайтириш бўйича ўзига хос таклиф билан чиққан эди. 

— Таклифимизга кўра, бакалавриат таълим йўналишлари бўйича белгиланган квотадаги 69200 ўриннинг энг юқори бални қўлга киритган биринчи 12 фоизи тўлиқ давлат гранти асосида, кейинги 12 фоизи 45 фоизли тўлов-шартнома асосида, кейинги 12 фоизи 60 фоизли тўлов-шартнома асосида, кейинги 12 фоизи 85 фоизли тўлов-шартнома асосида, қолган 52 фоизи эса тўлиқ (100 фоизли) тўлов-шартнома асосида таълим олсин, — дейди депутатлар. — Натижада ўн мингга яқин талабага тўлов-шартнома суммасини тўлашда икки баробаргача енгиллик яратилади, қўлга киритилган балга нисбатан рағбатлантириш кучаяди. Ва ниҳоят, молиячилар учун энг муҳим бўлгани, амалдагидан тахминан 1,8 миллиард сўмдан кўпроқ маблағ келиб тушади. Бу маблағ эвазига ижтимоий ҳимояга муҳтож талабаларга ёрдам кўрсатиш ҳам мумкин. 

Иккинчидан, амалдаги тартибга кўра, тўлов-шартнома пули ҳисобидан талабага стипендия тўланади. Агар шартнома пули тўлиқ тўланмаган бўлса, талабага стипендия берилмайди. Ваҳоланки, стипендия талабаларни ижтимоий ҳимоялаш учун белгиланади. Депутатлар тўлов юкини камайтириш учун талабага ёз ойлари стипендия бермасликни, шу ойлар учун белгиланган стипендия миқдоридаги суммани контракт пулидан чегириб ташлашни таклиф қилмоқда. Бундан ташқари, стипендия амалдаги энг кам ойлик иш ҳақи миқдорида тўланса, шартнома суммасини 1,7 миллион сўм ёки 5,3 миллион сўмгача қисқартириш имконияти туғилади. Содда қилиб айтганда, талаба бермайди ҳам, олмайди ҳам. Бунда давлат бюджети ҳеч қандай зарар кўрмайди. 

«Facebook» ижтимоий тармоғи фойдаланувчиси Умид Ғафуров Германия, Хитой, Япония ҳамда Ўзбекистондаги ўртача иш ҳақи ва олий таълим олишнинг бир йиллик нархини солиштиради. Масалан, Хитойда ўртача ойлик маош 950 АҚШ доллари бўлиб, олий таълим олиш учун йилига 1500 АҚШ доллари тўланар экан. Юртимизда эса ўртача ойлик 120 АҚШ доллари, тўлов-шартнома пули эса 1055 АҚШ доллари (янги нарх бўйича). Умид Ғафуров олий таълим муассасаларида тўлиқ шартнома асосида ўқишни жорий этиш эвазига шартнома нархини икки бараваргача арзонлаштиришни таклиф қилмоқда. Шунингдек, унинг фикрича, жаҳондаги нуфузли олий таълим муассасаларида бўлгани каби, энг намунали 25 талабага тўлов-шартнома пулини қайтариб олиш имконияти берилса, энг интилувчан ва билимли 5 талаба чет элга малака оширишга юборилса, бу таълим сифати юксалишига хизмат қилади.

— Айримлар Германия, Япония каби давлатлардаги тартиб билан мамлакатимиз олий таълим муассасаларидаги тўлов-шартнома пулини солиштириш орқали бирёқлама муносабат билдирмоқда, — дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев. — Чунки Японияда шартнома пули ўртача ойлик иш ҳақи миқдорига яқин бўлса-да, талабаларга стипендия деярли тўланмайди. Мамлакатимизда шартнома пулининг 3,5–7 миллион сўми стипендия тарзида талабага қайтариб берилишини инобатга олиш зарур. Агар бизда ҳам стипендия тўланмайдиган бўлса, шартнома пули 1,5–2 миллион сўмдан ошмайди. Бу ўртача ойлик иш ҳақидан унчалик катта фарқ қилмайди. Яна шуни ҳам инобатга олиш керакки, ҳар йили тўлов-шартнома асосида талабаликка тавсия этилганларнинг 90—95 фоизи ўқишни давом эттиради ҳамда ўқув йили давомида 0,5 фоизгача талаба пулни тўлай олмагани учун ўқишдан четлатилади. 

Ижтимоий тармоқлардаги фикр-мулоҳазаларга асосланиб айтиш мумкинки, олий ўқув юртида ўқишнинг фуқаролар манфаатларига хизмат қиладиган, моддий имкониятларига мос тартибларини ишлаб чиқишни давр талаб этмоқда. Бу борада мутахассислар ва фаол фуқаролар томонидан асосли таклифлар ўртага ташланмоқда. Аммо мутасаддилар негадир жим... 

Мавзуга оид