Light | 18:13 / 24.07.2018
7094
6 дақиқада ўқилади

Офисларда уйқу учун технологик капсулалар оммалашмоқда

Фото: Terrence Antonio James / Chicago Tribune

Ишхонада ухлаш фикри ҳозирда салбий муносабат уйғотмай қўйди. Тобора кўплаб компаниялар ходимларга ишхонада ухлашга рухсат беришяпти. Бунинг учун махсус хоналар ажратилмоқда ёки бошқа ҳолатларда махсус капсулалар ўрнатишяпти. Бундай ёндашув ходимларнинг самарадорлигини ошириши мумкин,дея ҳисобланмоқда.

АҚШдаги касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш Марказлари маълумотларига кўра, америкаликларнинг учдан бири бир кунда етти соат ухламайдилар.  Бу эса саломатликдаги бир неча муаммо ва ишдаги хатоларга олиб келади. Уйқунинг етишмаслиги АҚШга 411 миллиард АҚШ долларига тушмоқда, бу эса самарасиз уйқу сабаб йўқотилган 1,23 миллион иш кунига тенг.

Google’га ўхшаган компаниялар мана деярли ўн йилдирки ходимларга уйқу учун хоналар яратган, бироқ кўпчилик бу афзалликдан фойдаланмайди. Баъзи корпоратив маданиятларда ёмон уйқу – мақтаниш учун сабаб.

“Одамлар ўзининг тўйиб ухламаслиги билан фахрланади. Қатъият билан ишлаётган ходимлар олдида ухлашни тасаввур этиш мушкул. Бу фикр ҳурматга сазовор бўлмайди”, - дейди Ирвайндаги Калифорния университети когнитивистика профессори ва кундузги уйқунинг афзалликлари тўғрисидаги китоблар муаллифи Сара Медник.

Бироқ сўнгги йигирма йилда корпоратив маданият аста-секин ўзгарди. Eastlake Studio архитектура компанияси дам олиш учун сокин хоналарни лойиҳалаштиришга талаб ўсаётганини  айтган. 

“Компаниялар одамлар қувват оладиган жойни излашяпти холос. Шовқиндан холи бўлиш ва кундузги уйқуни ўз ходимларига таклиф этишмоқчи”, - дея тушунтирди Eastlake асосчиси Том Зуровски.

Шунга қарамай, офисдаги уйқу амалиёти ҳали ҳамма барча томонидан қабул этилмаяпти. Одамлар ҳамкасбларидан яширинча мизғиб олиш учун қизиқ усулларни ўйлаб топмоқдалар. Масалан, машинада, боғдаги ўриндиқда, кутубхона ёки қаҳвахонада.

Сайёранинг бошқа қисмларида кундузги уйқуга бошқача муносабат мавжуд. Хитойдаги Миллий уйқу жамғармаси маълумотларига кўра, тушликдан сўнг ходимлар иш столида уйқуга кетишади.

Шунга қарамай, офисларда кундузги уйқу учун жойга талаб мавжуд ва баъзи ишлаб чиқарувчилар бунинг учун махсус капсулаларни ўйлаб топишди.

Иккита европалик ишлаб чиқарувчи ўтган йили Чикагодаги NeoCon кўргазмасида уйқу учун янги капсулаларни намойиш этишди.

Silence Business Solutions француз компанияси La Boite a Reve’ни 19 минг АҚШ долларига (“уйқу учун қути”) – “қайта тикланиш учун ёғоч қобиқ”ни чиқарди. Овоздан ҳимоя қилинган, деразаларсиз капсула фойдаланувчи 15 дақиқалик танаффусда қўллайдиган 12 та ёруғлик ва овоз режимларини таклиф этади. Қутида кичик, бироқ қулай каравот ҳам бор.

NapQ — диванли бурчакка айланадиган иш станцияси.  

Фото: Antonio James / Chicago Tribune

Ўтган йили Англия “уйқу учун қути” бўйича илк марта уринишларни амалга оширган эди. Уни L’Oreal ва OVH харид қилишди.

Фин компанияси Framery ҳам ҳордиқ учун капсулани намойиш этди. Нархи 20 минг АҚШ доллари бўлган хонада каравотга айланадиган иккита диван бор.

Камчилиги: ухлаётган одам ҳамманинг кўз ўнгида бўлади.

“Ходим ўзини холи қолгандек сезиши учун уни пардага ўхшаш нарса билан ёпиб қўйиш мумкин”,  - дея таклиф қилди мижозларнинг илтимосига кўра икки йил аввал уйқу учун капсулаларни ишлаб чиқаришни бошлаган Framery’нинг бош директори Саму Халлфорс.

Халлфорс компания фойдаланувчилар учун энг яхши хонани яратиш мақсадида мустақил тадқиқотлар ўтказганини таъкидлаган.

Фото: The Guam Daily Post. NapQ

Hudson Everly’да маҳсулотни ривожлантириш бўйича етакчи менежер ва Флорида университетидаги собиқ футболчи Пол Риттен шахсан ўзи “уйқу учун қути”ни синаб кўрди. У эшикни ёпиб ичгарига кирганида ташқарида капсула бандлигини билдирадиган қизил чироқ ёнди.

Бир неча дақиқадан сўнг эшик очилиб, ундан капсуланинг қулайлигидан хурсанд кўринишдаги Риттен юзида табассум билан чиқиб келди.

Silence Business Solutions комапанияси The Dream Box — 12 хил ёруғлик ва овозли атмосферага эга қайта тикланиш учун қобиқ Hudson Everly’ни таклиф этмоқда.

Фото: Terrence Antonio James / Chicago Tribune

Риттен 80-йилларнинг ўрталарида Флоридада тренер Чарли Пел раҳбарлиги остида футбол ўйнаган вақтда кундузги уйқунинг афзаллиги ҳақида билиб қолган. Бу одатни у ўзи билан бизнес дунёсига ҳам олиб кирди.

Ҳозир компанияда бир неча диван, креслолар ва телевизорга эга ҳордиқ учун кичик хона мавжуд. Риттен у ерда 15 дақиқа дам олади.

“Биз ишга эрта келамиз ва кеч кетамиз. Баъзида қайта қувват олиш, ёруғликни ўчириш ва кўзларни юмиш учун бир неча дақиқа кифоя”, - дейди у.

Риттенга капсула ёққан бўлса-да, унинг нархи (19 минг доллар) қимматлик қилди.

“Суянчиғи тушириладиган креслога таққослаганда қимматроқ. Креслони 400 долларга сотиб олишимиз мумкин”, - деди у.

 

Мавзуга оид