Жамият | 15:13 / 25.07.2018
23009
19 дақиқада ўқилади

Аҳолининг «ҳимояга муҳтож қатлам»и кимлар? Қамров ниҳоятда кенг

Фото: KUN.UZ

Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш тизими қисқа муддатли чора-тадбирларга эмас, балки инсонларни тақдир тақозоси билан тушиб қолган қийин вазиятдан олиб чиқиш ва тинч-осуда ҳаётга қайтариш учун йўналтирилган бўлиши лозим. Smartgov Сonsulting директори Азиза Умарова Ўзбекистонда ижтимоий ҳимоя соҳасини ривожлантириш ва бу борадаги халқаро тажриба ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини баён этди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат органлари аҳоли билан қай даражада ишлаш кераклиги тўғрисида юқори мезонларни белгилаб берди. Бир йил давомида бу жараёнлар фақат қуруқ сўз бўлиб қолмасдан, балки амалда, ҳаётимизда рўй бериб, жамоатчиликнинг фикрлашини ўзгартирувчи жиддий катализаторга айланганининг гувоҳи бўлдик. Давлат органлари аҳолининг мурожаатларига тўғридан-тўғри жавоб беришга, оддий инсонларнинг муаммоларини ўрганиб, уларни ҳал қилишга, юзма-юз мулоқот ўрнатишга ҳаракат қилмоқда. Оммавий ахборот воситаларидаги кескин ўзгаришлар йиллаб ўз ечимини топмаган айрим эски муаммоларни қайта кўриб чиқишга ва ҳал этишга ёрдам бермоқда.

Охирги олти ой мобайнида жамият ҳаётида бўлиб ўтган ёрқин ҳодисалар жамоатчилик эътиборини бефарқ қолдирмади (менимча, бундай воқеалар аввал ҳам бўлган, бироқ улар тўғрисида оммавий ахборот воситалари энди ёза бошлади). Ҳаёт зарбалари бир неча аёлларни ўз жонига қасд қилишга ундади. Даҳшатлиси шуки, аёл нафақат ўз жонига қасд қилмоқда, балки ўзи билан бирга фарзандларининг умрига завол бўлмоқда. Андижон вилоятининг Жалақудуқ туманида она ўзига 3 ёшли ҳамда 7 ёшли фарзандларини боғлаб каналга сакраган. Берилган хабарлардан маълум бўлишича, у Даун синдроми бор фарзандини вояга етказган. Эҳтимол, жамиятда ногиронлиги бор инсонларга одамлар томонидан «бир қолипга солинган» қараши ҳамда профессионал ижтимоий хизматларнинг мавжуд эмаслиги сабабли (бу нарса чекка ҳудудлар-қишлоқларда яққол сезилади) она ҳаётнинг оғир зарбасини кўтара олмагандир?!..

Агар аввал ногиронлиги бор болаларни махсус интернатларга жойлаштириш нормал ҳолат бўлган бўлса, ҳозирда дунё миқёсида барча нарса инклюзив модель асосида ташкил қилинмоқда; яъни ногиронлиги бор болаларнинг ижтимоий ҳаётга мослаштириш ўз оиласида, оддий умумтаълим мактабларида, ёрдамчи педагог ёки махсус синфлар орқали инклюзив таълим бериш ёрдамида амалга оширилмоқда. Ногиронлиги бор болаларнинг ота-онасига махсус тайёргарликдан ўтган ижтимоий хизматлар, реабилитация марказлари, ота-оналарнинг бир-бирига кўмак бериш гуруҳлари ёрдам бермоқда. Агар юқорида келтириб ўтилган аёлнинг ҳаётида ҳам шундай муҳит бўлганида, бу воқеанинг ривожи бошқача бўлар эди.

 

БМТ тизимидаги 10 йиллик фаолиятим мобайнида Меҳнат ва ижтимоий ҳимоя қилиш вазирлиги билан ҳамкорликда ногиронлик ва ижтимоий ҳимоя қилиш масалалари билан шуғулланишга тўғри келди. Ўша даврда меъёрий ҳужжатларни ишлаб чиқдик, «Мурувват» ва «Саховат» меҳрибонлик уй-интернатларига бордик, ижтимоий фаолиятни йўлга қўйиш ҳақида бош қотирдик, реабилитация индивидуал режасини татбиқ этиш тизимини, ногиронликни белгилаш ҳамда ҳуқуқий тасдиқланишини ўргандик, реалибитация масалалари (ногиронлик аравачалари, столчалари, эшитиш мосламалари ва бошқалар)ни кўриб чиқдик, мамлакатимизга оид ногиронлиги бор инсонларнинг ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенцияни ратификация қилиш ва шу йўналишдаги яна бошқа кўп ишларни тайёрладик. Муаммоларнинг келиб чиқишнинг асосий сабабларидан бири - ягона тизим, статистика ва ҳисоб-китобнинг йўқлигида эканлиги маълум бўлди. Тизимли ечим нафақат туғилгандан вафот этгунга қадар муҳтож одамларга ижтимоий хизматлар кўрсатиш, балки ижтимоий ёрдам кўрсатишни мувофиқлаштиришни ҳам ўз ичига олиш керак.

Ижтимоий ҳимояга кимлар муҳтож? Аҳолининг «ҳимояга муҳтож қатлам»и кимлар?

Қамров ниҳоятда кенг.Масалан,Меҳрибон уйларининг тарбияланувчилари, шу жумладан ота-онаси меҳнат миграциясидан йиллаб уйига келмайдиган инсонларнинг фарзанди бўлган «ижтимоий етимлар». Ўзининг тузалмас касаллиги билан яккама-якка қолган ногиронлиги бор инсонлар. Адашиб, қонунни бузган ўсмирлар. Уйда қаровчиси йўқ кексалар. Ижтимоий реалибитациясиз қолган собиқ маҳбуслар. Онкологик ва бошқа оғир дардга чалинганлар. Оғир вазиятга тушган оилалар ва оилавий зўравонлик қурбонлари.

Кўриниб турибдики, кимлардир вақтинчалик ёрдамга, кимлардир эса узоқ муддатли кўмакка муҳтож. Шунинг учун муаммоларни мақсадли ҳал қилишга имкон берадиган тизимли чора-тадбирлар ишлаб чиқилиши шарт.

Энди ечим ҳақида гаплашсак. Жаҳон тажрибаси асосида фикр билдириш мумкинки, ижтимоий ҳимоя икки устун – ижтимоий таъминот ва ижтимоий фаолият асосида юзага келади.

1. Ижтимоий таъминот тизими -ҳукумат томонидан молиялаштириладиган ва Пенсия жамғармаси томонидан ажратиладиган пул маблағлари воситалари кўринишидаги турли тўлов дастурларни ўз ичига олади.

2.Ижтимоий иш тизими – инсонларга шахсий ва ижтимоий қийинчиликларини бартараф этишда қўллаб-қувватлаш, ҳимоя қилиш, тузатиш, реалибитация орқали ёрдам беришга қаратилган касбий фаолият ҳисобланади.

Ижтимоий ҳимоя қилиш тизимининг самарадорлигини таъминлаш учун ягона мувофиқлаштирувчи орган фаолияти керак бўлиб,у ижтимоий ҳимоя ва ижтимоий ишни самарали амалга ошириш учун туман тизимидан бошлаб, барча давлат тузилмалари ҳамда нодавлат ташкилотлари билан ҳамкорликда иш олиб бориши лозим. Ушбу орган турли меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар базасини ишлаб чиқиш, турли ташкилотлар томонидан уларнинг вазифаларидан келиб чиққан ҳолда ижтимоий таъминот дастурининг амалга оширилиши ва бошқарилишини мониторинг қилиш учун масъул бўлиши лозим.

«Бу нима учун керак?»Аслида сабаблар бир нечта:

  1. Ўзаро мувофиқлаштириш. Мамлакатимизда Меҳнат ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш вазирлигининг фаолияти 2016 йил февралида Меҳнат вазирлиги сифатида қайта ташкил этилиши оқибатида аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш масаласи «боқувчисини йўқотган етим»дек бўлиб қолди.  Аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини ижтимоий ҳимоя қилиш ва тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш масалалари Соғлиқни сақлаш вазирлигига; ижтимоий моддий ёрдам бериш ҳамда ижтимоий нафақа белгилаш ва тўлаш мониторингини юритиш вазифалари Молия вазирлигига ўтказилди. Шу қаторда, ёши бўйича, етим ва ногиронлиги бор болалар гуруҳларга ажратилиб, уларга Халқ таълими вазирлиги масъул қилинди. Аҳолининг ёши катта ногирон қатлами эса Соғлиқни сақлаш вазирлигига тааллуқли бўлди.
  2. Бюджетнинг оптималлаштирилиши. Бугунги кунда Ўзбекистонда давлат бюджети ҳисобидан ижтимоий соҳага қарийб 60 фоиз маблағ ажратилмоқда. Соғлиқни сақлаш ва таълимга оид катта харажатлардан ташқари ушбу соҳадаги харажатлар интернат муассасалари ҳамда ижтимоий тўловларнинг харажатларини қоплашга сарфланади. Тўловларни амалга оширишга ЯИМнинг 7 фоиз ажратилиб, бу халқаро тажриба амалиётидаги юқори кўрсаткичдир. Шу билан бирга турли ташкилотларда тўловларнинг «мурожаатлар» асосида амалга ошириш тамойили мавжуд бўлиб, мураккаб вазиятлар тизимли ўрганилмасдан ва назоратга олинмасдан моддий ёрдам кўрсатилади. Булар - ногиронликка нафақа бериш, ногиронлиги бор фарзандлар учун олинадиган нафақа, боқувчисини йўқотганлар учун нафақа, қарилик нафақаси, болалар нафақа тўлови, кам таъминланган оилаларга бериладиган нафақалар, туғруқ олди ва ундан кейинги ҳомиладорлик нафақаси тўлови, ишсизлик нафақаси кабилардир.

Хулоса қилиб айтиш керакки, бугунги кунда ижтимоий ҳимояга муҳтожларни ва давлат томонидан ижтимоий ҳимояга йўналтирилган тўловларни ҳисоб-китоб қилувчи ягона тизим йўқ, бу эса ажратилган маблағларнинг сарфланиш самарадорлигини пасайтиради. Шундай экан, ижтимоий ҳимояга муҳтожларни ҳисобга олувчи Ягона реестрни ташкил этиш талаб қилинади, унда Пенсия жамғармаси, Солиқ қўмитаси, ТМЭКдан ногиронлиги бор инсонларни рўйхатга олиш бўйича далолатнома, ёрдамга муҳтожлик тўғрисида маҳалладан рўйхатдан ўтганлиги ва шу каби ҳужжатларни давлат маълумотлар базасига жойлаштирилиши лозим.  Ягона ахборот тизимининг мавжуд эмаслиги маблағларнинг самарасиз тақсимланиши ва ёрдамдан қисқа муддатда ёки мақсадсиз фойдаланиш хавфига олиб келади. Ижтимоий ҳимоя тизимида АКТ воситаларини жорий этиш харажатларни оптималлаштириш, ижтимоий хизматларнинг самарадорлигини ошириш, хуллас, ижтимоий ҳимоя тизимининг сифатини оширишга ёрдам беради.

Ижтимоий ҳимоя қилишнинг иккинчи қисмига келсак -ижтимоий иш тизимига-афсуски, ҳозирги кунда миллий тизимимиз ўз ривожланишининг бошланғич босқичидадир. Ижтимоий фаолият ҳақида сўз юритар эканмиз, гап «ёнғинни ўчириш ҳақида эмас, унинг олдини олиш» ҳақидадир. Мураккаб ҳаётий вазиятларнинг олдини олиш жуда муҳимдир.

Профессионал ижтимоий иш заминида махсус дипломга эга мутахассисларнинг меҳнат фаолияти, ижтимоий хизмат тизимини яратиш, мавжуд ижтимоий хизматларни халқаро стандартлар нуқтаи назаридан баҳолаш, ижтимоий хизматлар турларини кенгайтириш, ижтимоий хизмат кўрсатиш стандартларини тасдиқлаш, ижтимоий хизматчиларнинг малакасини ошириш каби тадбирлар ётади. Ушбу фаолият «кейс-менежмент» тамойили асосида қурилиб, ҳар бир мурожаатчининг шикояти ўрганилади, ёрдамга муҳтожларнинг имконият даражаси ўрганилади, оиласи ҳамда уй хўжалигидаги шароитлар баҳоланади, мақсадга йўналтирилган ҳаракат режаси тузилади, ижтимоий хизматлардан фойдаланиш имконияти кенгайтирилади ҳамда улардан фойдаланишда қулайлик яратиш учун бирга ҳаракат қилинади. Асосий мақсад қисқа муддатли чора-тадбир кўриш эмас, балки инсонни қийин вазиятдан қутқариб, нормал ҳаётга қайтишини таъминлашдир.

Кадрлар билан таъминлаш масаласида профессионал кадрлар ва салоҳияти маслаҳат кенгаши талаб қилиниб, улар ижтимоий хизматларни кўрсатишда ҳуқуқ-тартибот органлари, тиббиёт муассасалари, маҳалла қўмитаси, жамоат ташкилотлари билан биргаликда инсонларни қалтис вазиятлардан чиқиб кетишларига ёрдам беришда ҳамкорлик қилиш керак. Шуниси эътиборга лойиқки, мамлакатимизнинг учта олий таълим муассасасида узоқ йиллар мобайнида ижтимоий фаолият бўйича кадрлар тайёрланган. Бироқ, давлат органларининг бирортасида (болалар билан ишлаш соҳаси бундан мустасно) иш ўрни сифатида штат бирлиги яратилмаган.

Иш билан таъминланиш самарали ташкил қилинса, ҳозирда истиқболсиз кўринган ушбу соҳанинг битирувчилари эртага янгиланган ижтимоий ҳимоя тизимига тамал тошини қўйишлари мумкин. Давлат томонидан тайёрланган ва фойдаланилмаётган керакли мутахассисларнинг ўз ўрнини топишига ёрдам беришимиз зарурлигига танқидий нуқтаи назар билан қараш ижтимоий соҳани тартибга келтириш ҳақидаги фикримизни тасдиқлайди.Бизга икки кўринишдаги ижтимоий соҳа хизматчиси керак: ҳужжатларни юритиш учун олий маълумотли менежер ва уйдаги ногиронлиги бор инсонларга хизмат кўрсатиш, парваришлаш учун ўрта маълумотли, малакасини оширган ҳамшира.

Давлат барча харажатларни ўз зиммасига олиши керакми?

Вазиятнинг ривожланиш истиқболини кўриш жуда муҳим. Аксарият хизматлар кейинчалик фуқаролик жамияти томонидан амалга оширилади. Бироқ, ҳукумат унинг сиёсатини, хизматларга ёндошувни белгилайди, методологик асосини яратади, ижтимоий хизматлар реестрини тузади, уларга белгиланган стандартни тасдиқлаш билан бир қаторда халқаро донор ташкилотлари, хусусий сектор, нодавлат ташкилотлари, ташаббускор гуруҳ ва ҳомийлар билан ҳамкорлик алоқаларини ривожлантиради.Кейинчалик дунёдаги аксарият мамлакатлар сингари бундай кўринишдаги хизматлар ижтимоий буюртма тартиби асосида кўрсатилади. Яъни, вазирлик ва ҳокимликлар жойларда ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламга ёрдам кўрсатиш танловларини эълон қилиши мумкин бўлади. Айрим МДҲ давлатлари, жумладан, Қозоғистон, Россия, Белорусияда бундай амалиёт анчадан бери қўлланилиб келинмоқда.

Қайси ижтимоий хизматларга бизда эҳтиёж бор?

Айрим ижтимоий хизматлар бугун у ёки бу шаклда амалга оширилмоқда, уларнинг самарадорлигини ўрганиш лозим. Шу билан бирга айрим хизматлар борки, улар ҳали йўлга қўйилмаган. Кузатишларим асосида юзага келган бир қанча фикрларни эътиборингизга ҳавола қиламан.

Санкт-Петербургда бўлганимда уйсизларга бошпана берадиган, кечқурунлари бир нечта овқатланиш корхоналари билан келишган ҳолда уларга иссиқ овқат тарқатадиган «Ночлежка» жамоат бирлашмасига боришга муваффақ бўлдим. (Кафелар бошпанасизларга «фудшеринг» дастури асосида бепул таом тайёрлашади) «Ночлежки» ходимлари уйсизларга реалибитациядан ўтишга, ҳужжатларини тўғрилашга, соғлиғини тиклашга, оиласига қайтишга ёрдам беришади. Айнан шу ерда хайрия қилмоқчи бўлганлардан кийим-бош қабул қилиб олинади, пул тўпланади. Бундан ташқари эълонлар тахтачаси мавжуд бўлиб, у ерда яқинини йўқотганлар қариндошини топиш мақсадида фотосуратини осиб қўйишади.

 

Айтишларича, ижтимоий хизматчи фақат икки ойдагина кўчада дайдиб юрган одамни одатий ҳаётга қайтариши мумкин. Ундан кейин эса жараён қийинроқ кечиб, одам дайдиликнинг барча қора томонларини ўзига сингдириб олган бўлади.

Ёлғиз қолган кексалар. Ҳаёт фаровонлигини ошириш ҳамда давлатга оғирликни солмаслик учун бошқа мамлакатларнинг тажрибасидан келиб чиққан ҳолда қариялар уйи сонини кўпайтирмай, улар кундуз куни ташриф буюрадиган Қарияларнинг кундузги масканини тузиш керак. Бу ерда қариялар кундузи ташриф буюришади, улар ўзаро мулоқот қилишади, фикр алмашишади, мусиқа тинглашади, ҳамширалар уларнинг саломатлигини текширади, бироқ кексалар кечки пайт ўз уйларига қайтишади. Мен бундай Марказларга Швеция ва АҚШда дуч келганман. Алоҳида тоифадаги қариялар учун уйда парвариш этувчи ижтимоий хизматчи талаб қилиниб, у уйни йиғиштиради, таом тайёрлайди, мижозини ювинтиради. Бу кўпроқ фарзандлари доимий равишда яшаш учун хорижга кетган қарияларга мос келиб, давлат ва хусусий ҳамкорликнинг самарали модели бўлиб хизмат қилиши мумкин. Баъзан қарияларни иссиқ овқат билан волонтёрлар таъминлаб туради. Харажат талаб қилинмайдиган бошқа йўналиш, бу ТАЙ-ЧИ бўлиб, Хитой, Сингапур, АҚШда қўлланилади ва кексалар йиқилиб тушишининг олдини олади, мувозанатини ушлаб тура олишини ривожлантиришга ёрдам беради. Чунки қариялар йиқилиб тушса оқибати ёмон асоратга - бўкса суягининг синиши ва ҳаракат қила олмасликка олиб келиши мумкин.

Жамиятнинг долзарб муаммоларидан яна бири – ногиронлиги бор инсонлар вазияти. Муаммонинг қирралари кўп, уни кўз олдимизга келтириш учун фақатгина иккитасини келтириб ўтамиз. Афсуски, ногиронлиги бор инсонлар интернатнинг юқори деворлари ёки ўз уйларида «кўринмас одам» бўлиб қолишмоқда, камдан-кам ҳолатларда уларнинг жамият ҳаётига аралашганини кўриш мумкин. Буюк Британия, Австрия, Жанубий Корея, Исроил давлатларида ногирон кишиларни метро, театр, дўкон ва кўчаларда ҳар қадамда учратса бўлади. Бизда эса бу амримаҳол. Бунинг асосий сабабларидан бири – жамият ҳаётидаги эски қарашлар мавжудлиги, шаҳар муҳитида ногиронлиги бор шахслар учун йўлакларда тактиль кошинлар, аравачалар учун тўғри пандус ҳамда сурилувчи эшиклар, транспорт инфратузилмасида овоз сигналли ва таймерли светофорлар каби шарт-шароитларнинг яратилмаганидир. Шароитни яхшилашга кўпчилик ёрдам бера олади, бироқ бунинг учун кимдир ижтимоий аҳамиятга эга бўлган объектларнинг ҳолатини ўрганишни бошлаши зарур.

Эътибор қаратилиши керак бўлган муҳим тараф – фарзандларида ногиронлиги бўлган оилаларга эътибор. Бундай оилаларга кайси мамлакатда бўлмасинлар, бирдек қийин. Аммо бизнинг юртимизда бундай ота-оналар фарзандида ногиронлиги бўлгани учун олинадиган нафақадан бошқа ҳеч қандай ёрдам олмайди.Фарзандида ногиронлиги бўлган оилаларда асосий оғирлик она зиммасига тушади, ота одатда бундай оиласини ташлаб кетади. Бундай фарзандлари бор ота-оналар ўртасида ўзаро кўмак бериш гуруҳларининг тузилиши бундай болаларни парваришлашга ёрдам марказини юзага келтиради. Ёки, Россияда амалга оширилганидек, марказ томонидан оилага ёрдам учун келган ўрта маълумотли ижтимоий хизматчи озиқ-овқатларни харид қилишга, таом тайёрлашга, уйни йиғиштиришга ёрдам бериб, ҳаёт тарзига мазмун киритади.

Онанинг қўлини ҳафтасига бир неча соатгина бўш қолдириш орқали давлат уни қўйилиши мумкин бўлган қалтис қадамдан, фарзандини интернатга топшириб, умрининг охири - ўлимигача давлат қарамоғида қолишидан тўхтатиб қолади.

Оилавий зўравонликдан вақтинчалик сақловчи Кризис марказлари ҳаётига охирги нуқта қўйиш ҳолатига келган аёлларга бошпана вазифасини бажаради. Бундай бошпаналар болали ёш аёлларни қабул қилиб, уларга ижтимоий хизматчи, психолог, юрист ёрдамини кўрсатади. Бундай бошпанада эълон қилиб осиб қўйилган ёзув ва рўйхат бўлмайди, у махфийликни таъминлаши ҳамда ишончли масканга айлана олиши шарт. Яқинда Ирода исмли ёш аёл билан танишиб қолдим. Ирода чекка қишлоқлардан бирида яшаган, етим, баданида куйиш аломатлари бор. Ошхонасида газ портлаши оқибатида аланга синтетика кўйлагини қоплаган ва бутун баданини куйдирган. Ҳозир у иккинчи гуруҳ ногирони. Бир йил ўтиб турмуш ўртоғи Иродани икки фарзанди билан бирга ташлаб кетган. Қўлида икки боласи, ишсиз, пулсиз қолган аёл ўғли ва қизини болалар уйига вақтинчалик топширишга мажбур бўлган. Ирода ўз жонига қасд қилмоқчи бўлган. Шу пайт унга Самарқанддаги «Раҳмдиллик» ташкилотининг раҳбари врач-камбустиолог Бибисора опа  руҳий кўмак берган, ҳаётини сақлаб қолган. Ироданинг иш топишига ёрдамлашган, орадан икки ой ўтиб Ирода фарзандларини болалар уйидан қайтариб олган. Аёлларимиз учун мана шундай бошпаналар кўпроқ очилиши керак.

Россия хоспислари ижтимоий фаолият ва паллиатив ёрдам кўрсатишнинг яна бир яхши тўқнашиш нуқтаси бўлиши мумкин (паллиатив ёрдам – даволаш мумкин бўлмаган, охири ўлим билан якунланадиган касалликларга чалинган беморларнинг дардини енгиллаштириш). Масалан, саратонга чалинган болалар умрининг сўнгги ойларини оғриқсиз ўтказиш имконига эга бўлади (ҳозирги кунда морфий етишмайди), уларга тиббий, ижтимоий, психологик ёрдам кўрсатилади. Шунингдек, уларнинг оиласига яқини касалликка чалинган ҳамда уни йўқотган пайтда кўмак бериш.

Соғлиқни сақлаш Вазирлиги яқинда эълон қилган маълумотларга кўра, 100 мингдан ортиқ киши онкологик касалликка чалинган ва паллиатив ёрдам беришни ривожлантириш кимё-терапия курси ёрдам бера олмайдиган беморларнинг аҳволини енгиллаштириш билан чамбарчас боғланган.

Бу рўйхатни давом эттириш мумкин. Бироқ, шуни айтиш керакки, янги орган турли тоифадаги хизматлар кўрсатувчи етакчи марказларни ишга тушириши ҳамда тажрибага асосан уни кенг татбиқ этишнинг миллий моделини ишлаб чиқиши мумкин.

Фикримча, Ўзбекистонда ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини самарали яратиш учун барча шароитлар мавжуд. Давлат органларида аниқ вазифалар асосида ўтказилаётган ислоҳотлар заминида узилган бўғинларни бирлаштиришга ёрдам берувчи ижтимоий хизмат кўрсатишнинг аниқ режаси ҳамда услубий ислоҳотининг аниқ “манзарасини кўриш” жуда муҳим. 

Ёрдамга муҳтожларга кўмак, меҳр-шафқат кўрсатиб ҳамжиҳатликда уларни қўллаб-қувватлаш, энг олий ва миллий қадрият ҳисобланиб, у бефарқ бўлган инсонларни эзгу мақсад йўлида бирлаштиради. Шу мақсад йўлида бирлашиб, ягона кучга айланамиз. Муҳими, қийин вазиятларга тушган, умидсиз қолган инсонларга уларни қўллаб-қувватловчи, ёрдам беришга тайёр турувчиларнинг борлигини билдиришдир.

Мавзуга оид