Light | 11:21 / 25.07.2018
18237
6 дақиқада ўқилади

Жефф Безос сири: у нима учун ракеталарга миллиардлаб доллар сарфламоқда?

Amazon компанияси асосчиси ва раҳбари Жефф Безос бу йил расман дунёнинг энг бой кишиси, деб эътироф этилди.

Сўнгги ҳисоб-китобларга кўра, Жефф Безоснинг бойлиги 150 млрд доллардан ошган. Охирги марта бундай катта бойликка эга бўлган шахс XVI асрда яшаган Якоб Фуггер-кичкина ҳисобланади. Безос ўз пулларини рақобат иқтисодиёти доирасида ишлаб топган энг бой инсондир.

Фото: AP /Alexander Zemlianichenko

У 1994 йилда Cadabra компаниясига асос солган, бир йилдан сўнг Amazon деб номлаган пайтда унда ғоядан бошқа ҳеч нарса йўқ эди. Унинг офисида эшиклардан ясалган столлар турарди – унинг стол сотиб олгани пули йўқ эди. Иш шунгача етиб борганки, унинг компаниясига ёши бир жойга бориб қолган ота-онаси нафақаларини тикиб инвесторлик қилишган.

«Афсусларни камайтириш стратегияси»

Cadabra/Amazon компаниясини яратиш ғояси ҳам жуда оддий эди. IT-муҳитдан чиққан Безос 1994 йил майда интернетдан фойдаланишнинг ўсишини ўлчайдиган сайтга киради. Бир йил ичида йиллик ўсиш 2300 фоизни ташкил этганини кўрган тадбиркор бу соҳада савдолар ҳам тез ўсишини тахмин қилади.

У тажриба сифатида почта орқали маҳсулот сотишни синаб кўради. Ўша пайтларда энг оқсоқ соҳа китоб савдоси эди. Эҳтимолий харидорларга таклиф қилиш учун катта-катта каталогларни юборишга тўғри келарди. Безос интернет-савдони айнан рақобат йўқ жойдан бошлашга қарор қилди – бу борада китоблар энг яхши қарор эди. Қалин китоблар каталогини почта орқали жўнатиш қимматга тушарди, аммо интернетда жойлаштириш сув текин эди.

Фото: forbes.com

Сўнгра Безос бу услубни Amazon кириб борган барча соҳаларда қўллади. Унинг компанияси устувор бўлиши мумкин бўлган йўналишни излаб топарди.

Amazon бошқа компаниялардан бозор танлаш ва уни забт этиш услуби билан фарқ қиларди. Унинг ривожланиш стратегияси буткул бошқача эди. Гап Безос ўйлаб топган regret-minimization framework ҳақида бормоқда.

«Афсусларни камайтириш стратегияси» бўлажак миллиардерга бизнесни йирик маблағсиз йўлга қўйиш имконини берди. У бизнесдан олинган пулни уни янада ривожлантиришга сарфлади. Безоснинг компанияси илк чораклик даромадга 2001 йилда эришди – 5 млн доллар даромад кўрди. Amazon 2003 йилда – иш бошлаганидан деярли ўн йил ўтгач йиллик даромад кўрди. Бунинг устига, Amazon мунтазам равишда фойда кўрмаган, бир неча йил зарарга ишлаган (худди шу стратегияни кейинроқ Илон Маск Tesla билан боғлиқ вазиятда қўллаган). Аввалига ялпи даромад бошқа маҳсулотлар сотувини ташкиллаштиришга сарфланди. Кейин эса пуллар Amazon булутли сервисини ривожлантиришга йўналтирилди.

Ер торлик қилганда

2016–2017 йилларга келиб Amazon барча йўналишларда ўсишнинг энг юқори нуқтасига етиб келгани аломатлари кўрина бошлади. Бозорлар ёки у томонидан ёки Alibaba’га ўхшаган маҳаллий рақобатчилар томонидан эгаллаб бўлинганди. Булутли сервис ҳам ўсишдан тўхтади. Натижада 2017 йилга келиб даромадни реинвестиция қиладиган йўналишлар деярли қолмади. 2017 йилнинг тўртинчи чорагида компания 1,86 млрд доллар даромадга эришилди.

Аммо Жефф Безос буни йирик муваффақият деб ҳисоблашдан йироқда. У ҳар йили Blue Origin компаниясини молиялаштириш учун Amazon’нинг миллиард долларлик акцияларини сотади. У бу компанияни 2000 йилда туристларнинг коинотга парвозларини амалга ошириш учун ташкил этган. Безос ҳозирча бу йўналишда даромад олишнинг истиқболи кўринмаса-да, унга миллиардлаб доллар сарфлади. У нега бу иш билан шуғулланмоқда?

Фото: Space News

Жавоб эса оддий. Безос ҳозир ҳам худди бундан чорак аср аввал бўлгани каби мутлақ янги имкониятни ҳис қилмоқда. Ўша пайтда бу имконият интернет бўлган бўлса, ҳозир хусусий коинот. Amazon асосчиси «коинот» бозорига дастлаб ракеталар билан эмас, балки BE-4 ракета двигателлари билан кириб келди. Blue Origin бугунги кунда фойдаланиладиган барча двигателлардан фарқ қиладиган кислород-метан двигателлари ишлаб чиқаради. 1994 йилда бўлгани каби у рақобатчиларидан устунроқ бўладиган йўналишни топмоқчи.

Blue Origin BE-4 двигателларидан фақатгина ўзининг Nеw Glenn ракеталарида фойдаланмоқчи эмас. У бу двигателларини ULA (United Launch Alliance) консорциумига сотишни режалаштирган. 2020 йилга келиб Россиянинг РД-180 двигателлари ўрнини унинг двигателлари эгаллайди.

Янги жанг майдони

Бир қарашда Безос коинот соҳасига анча кеч қадам қўйгандек кўринади. Илон Маскнинг SpaceX компанияси бозорнинг асосий қисмини эгаллаб олган. Коинотга 45 тоннагача фойдали юкларни олиб чиқа оладиган Nеw Glenn ракетаси 2020 йилда тайёр бўлади, Маск эса бу вақтга келиб ўзининг Falcon 9 ракеталарини метан двигателларга ўтказмоқчи. 

Фото: interfax.ru

Бугунги кунда OneWeb ва Starlink каби глобал интернет лойиҳалари йўлга қўйилганидан кейин ҳам коинотга тижорат парвозлари бозорида бўш жойлар кўп бўлади. Биргина SpaceX юзлаб, минглаб сунъий йўлдошларни коинотга олиб чиқиши амримаҳол. Шундай экан, Безоснинг бизнес империяси ҳали-бери инқирозга учрамайди.

Мавзуга оид