Ўзбекистон | 16:55 / 26.07.2018
18595
3 дақиқада ўқилади

Пучон университетига қабул жараёни ҳақида маълумот берилди

Фото: Study in Korea

Ўзбекистон Республикаси президентининг “Тошкент шаҳрида Пучон университетини ташкил этиш тўғрисида” 2018 йил 2 июлдаги ПҚ-3821-сон қарорига асосан Тошкент шаҳридаги Пучон университети ташкил этилди. Тошкент шаҳридаги Пучон университетига 2018/2019 ўқув йилида кундузги таълим турининг бакалавр босқичига 240 нафар “Мактабгача таълим”, 60 нафар “Корейс тили” йўналишларига, кечки таълим турининг бакалавр босқичига 240 нафар талаба қабул қилиш режалаштирилган.

Жорий йилнинг 25 июль кунига қадар Тошкент шаҳридаги Турин политехника университети базасида ҳужжатлар қабул қилиниб, кундузги “Мактабгача таълим” йўналиши бўйича 1200 нафар, “Корейс тили” йўналиши бўйича 408 нафар, кечки “Мактабгача таълим” йўналиши бўйича 540 нафар абитуриентлар ҳужжат топширди.

Мазкур университетга илк маротаба қабул жараёни мамлакатда амалга оширилаётган таълим ислоҳотларига мос равишда адолатли, ошкора ва шаффоф ҳолда 2018 йил 29 июль куни катта сиғимдаги биноларга эга бўлган Республика олимпия захиралари коллежи ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Олий таълим муассасалараро спорт мажмуасида тест синови ташкил этилади.

Кириш имтиҳонларининг биринчи босқичи ҳисобланган тест синови Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тегишли комплекси назорати остида, Корея Республикасининг Пучон университети раҳбарлари ва вакиллари, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Мактабгача таълим вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги томонидан ташкил этилади. 

Тест синови жавоб варақаларини махфийлигини таъминланган ҳолда Корея Республикасига Пучон университетига олиб бориб текширилади ҳамда тест синови натижалари жорий йилнинг 1 август куни эълон қилинади.

Кириш имтиҳонларининг иккинчи босқичи суҳбат жараёни Корея Республикасининг Пучон университети профессор-ўқитувчилари томонидан Тошкент шаҳридаги Турин политехника университети базасида жорий йилнинг 16, 17, 18 август кунлари ташкил этилади. Суҳбат натижалари ва кириш имтиҳонларининг якуний натижалари Корея Республикасининг Пучон университети, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Мактабгача таълим вазирлиги томонидан жорий йилнинг 20 август куни эълон қилинади.

Мавзуга оид